2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АСКАР – МАҲАЛЛАНИНГ ФАХРИ, ҒУРУРИ

Эрта тонг. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмдамиз. Йигитлик бурчини ўтаётган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилар. Барча қулайликларга эга замонавий автобус. Уловимиз Чирчиқ – Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланади. Мақсад – муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарини ҳарбий қисм командирининг ташаккурномаси билан тақдирлаш.

Ушбу мақсадни амалга оширишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши вакиллари, маҳалла фаоллари беминнат ҳисса қўшди.

Исломбек Баҳромов ҳарбий хизматга Булунғур туманидаги Улуғбек маҳалласи, Ифтихор кўчасидан чақирилган. Бу воқеа унинг оиласида бир тантанага айланган бўлса, ҳарбий қисм офицерлари Исломбек ва унинг сафдошлари билан хонадонга ташриф буюргани галдаги шодиёнага сабаб бўлди. Қувончу шодликлар мусиқий чиқишларга уланиб кетди. Сержант Ҳотамбек Абдуллаев ижросидаги она юртга муҳаббат, элга садоқат, ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар мезбону меҳмонларни бирдек рақсга чорлади.

Байрамона дастур сўнгида маҳалла оқсоқоли Муродилла бобо дуога қўл очиб, халқимизга тинчлик-барқарорлик, ҳарбийларга соғлик-омонлик, Юртбошимизга миннатдорлик тилади. Шундан сўнг автобус Самарқанд туманидаги Диёр маҳалласига йўл олди.

– Маҳалламизнинг номи халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида фидойилик кўрсатган ҳарбийлардан бири Диёр Ҳакимов шарафига қўйилган, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи Фирдавс Обидов йўл-йўлакай суҳбат асносида. – Бобом у кишининг жасорати ҳақида бизга кўп бора сўзлаб берган. Шу боис эгнимдаги ҳарбий либос менга доим ғурур, шижоат бағишлаб туради. Болаликдан ҳарбийликка ҳавас билан улғайдим. Оиламиздаги қатъий тартиб-интизом, ота-боболаримизнинг ҳаётий ўгитлари ушбу шарафли касбга қизиқиш уйғотган, десам адашмайман. Шу йили Равонак касб-ҳунар коллежининг 3-босқичини битирган укам Шаҳризоднинг менга йўллаган мактубларида ҳам унинг ҳарбий хизматга иштиёқи яққол сезилиб туради.

Ҳарбий қисм командирининг ташаккурномаларини ўз эгаларига топшириш маросими Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Самарқанд шаҳридаги ҳайкали пойида давом этди. Кенг жамоатчилик вакиллари йиғилган даврада бирин-кетин ташаккурнома матни ўқиб эшиттирилди.

Олқишларнинг кети узилмади. Ахир ота-она учун жигаргўшасини элга керакли ўғлон этиб улғайтиргани, муносиб тарбиялагани учун маҳалла-кўй, омма олдида эътироф этилишдан ортиқ бахт борми?!

– Ташриф давомида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш ташаб­бус ижроси доирасида ҳарбий хизматчилар қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида буюк бобокалонларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиб, тарихий-меъморий обидалар билан яқиндан танишди, – дейди майор Қаҳрамон Жуманиёзов. – Улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини тарғиб қилиш орқали шахсий таркибнинг мардлик, матонат ва ифтихор туйғулари шаклланади, маънавияти, иймон ва иродаси мустаҳкамланади, ҳар қандай ҳолатда Ватан ҳимоясига шай туради.

Ҳарбий қисмга етиб келдик. Посбонлар ўз постини эгаллаган. Шуурда бугунги саёҳат таассуротлари мавжланиб, кўнгилга узоқ вақт сурур бағишлайди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры