2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«МЕН ҒОЛИБ!»

Ғалаба муборак бўлсин!

Газетамиз саҳифаланаётганда Москва вилоятида бўлиб турган ва «АрМИ – 2019» V Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий жамоаларининг иштирокини ёритаётган мухбиримиз Исломжон Қўчқоровдан хушхабар келди.

Москва вилоятида жойлашган «Алабино» дала-ўқув майдонида Халқаро армия ўйинларининг «Танк биатлони» йўналиши бўйича II дивизионнинг финал баҳслари ўз ниҳоясига етди. Унда иштирок этган вакилларимиз энг яхши натижани қайд этиб, ғалабага эришди.

Қизғин ва шиддатли баҳсларга бой бўлган чорак финал баҳсларида ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчилар барча тўсиқлардан муваффақиятли ўтиб, энг яхши натижани кўрсатганди.

Финал баҳсида иштирокчилар тўсиқлардан талафотсиз ўтиш, белгиланган нишонларни йўқ қилиш ва имкон қадар қисқа вақт ичида финиш чизиғини босиб ўтиши керак эди. Юртдошларимиз Т-72 Б-3 танкини маҳорат билан бошқариб, барча иштирокчи жамоалар ичида энг яхши натижани қайд этди. Улар жами 2 соат 7 дақиқаю 22 сонияда маррага биринчи бўлиб етиб келди. Бу вақт ичида 13 та нишон яксон қилинди.

Ҳамюртларимиз финалда Уганда, Куба ва Вьетнам жамоалари билан курашди. Яшил танкда ҳаракатланган Ўзбекистон жамоаси кейинги йилда «Танк биатлони» мусобақасининг биринчи дивизионида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Кеча «Фориш» тоғ полигонида ўтказилган халқаро ҳарбий ўйинларнинг «Ҳарбий-тиббий эстафета» танлови ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Якуний натижаларга кўра, бу йўналишда ҳам ватандошларимиз 1-ўрин соҳиблари, дея эътироф этилди!

2-ўринни Қозоғистон Республикаси, 3-ўринни Россия вакиллари эгаллади.

Информеры