2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАСВИРДАН ОТИЛИБ ЧИҚҚАН АЙҒИР

(учинчи мақола)

Ота... Шу отимиз учадими?

Учинчи Ярим подшоҳ

Ниҳоят, 1884 йили январда олий ҳукмдор Александр III губернатор генерал-лейтенант Михаил Григорьевич Черняевни Туркистондан Русияга чақириб олади. Ўта такаббур ва жоҳил ҳарбий қўмондоннинг аҳмоқона хатти­ҳаракатлари ўзининг бошига етди. У калтабинлиги туфайли Тошкент оммавий кутубхонасини тарқатиб ва давлат бошқарув тизимига ўзбилармонлик билан бир қанча ўзгаришлар киритиб, Русия салтанатининг Туркистонни абадий қулликда тутиш режалари амалга ошишига қаттиқ зарба бериб қўйганди. Унинг ўрнига 1884 йили 21 февралда генерал адъютант Николай Оттонович Розенбах (1836 – 1901) Туркистон генерал губернатори этиб тайинланади. Бу учинчи ярим подшоҳ  Туркистон ҳарбий округи қўшинлари бош қўмондони ҳам эди. Салафи хатоларини тузатиш генерал Н.О. Розенбах зиммасига юкланганди. Бу ишимизда унинг фақат Тошкентдаги тарқатиб юборилган Туркистон кутубхонасига муносабатини эслаб ўтяпмиз. Ўша даврдаги рус муаллифлари ҳам албатта бу ҳодисага эътибор қаратишган. Улар Н.О. Розенбах бу масалага алоҳида масъулият билан ёндашгани, содир этилган нохуш ишлардан қаттиқ афсуслангани ва инсон тафаккурининг олий маҳсули бўлмиш ушбу кутубхонани тиклагани тўғрисида ёзади. 

Отдан тушиб, эгардан тушмаган генерал

Зобит А.А. Семёнов 1885 йили «Новости» газетаси ва «Journal de St.Petersbоurg» журналида генерал Черняев Туркистон кутубхонасини буткул яксон қилгани тўғрисида мақола эълон қилади. Шу йилнинг ўзидаёқ, аллақачон отдан тушган генерал мазкур мақолага шошилиб жавоб хати ёзади ва жон-жаҳди билан ўзини оқлашга уриниб, Туркистонда «далани турли ёввойи ўтлардан тозалагани»ни тушунтиради. Генералнинг мазкур жавоб хати 1885 йили 11 ноябрда «Новом Времени» газетасида чоп қилинади. 

Талончи ва уй Эгаси

Бу ҳодиса қадимги ривоятларда ҳикоя қилинадиган уйга ўғри кирганда унга қарши чиққан уй эгаси воқеасидан заррача фарқ қилмайди. Ўғри кўплаб хонадонларни талаб, шипшийдам қилишда жуда катта тажриба орттирган, кучга тўлиб тошган эди. Сезиб қолса, сира иккиланмай уй эгасини ўлдирарди.

Бу ҳикояда ўғри тушган уй – Туркистон эди. Уй эгаси – Жўрабек додхоҳ; талончи ўғри – Ярим подшо генерал фон Кауфман эди. Дунёда ҳар бир шахс тарихни ҳикоя қилганда ўз сўзи ва тасаввури доирасида гапириб беради. Биз ҳам бу хусусиятдан холи эмасмиз. Туркистон забт этилишининг «20 йиллиги», «30 йиллиги», «50 йиллиги»... сингари «йилликлар» салтанатда тантанавор ва кенг нишонланганда, жангларда маҳаллий аҳолини даҳшатга солиб, қирғинлар уюштиргани учун талончилар «Авлиё Георгий», «Авлиё Анна», «Авлиё Станислав», «Авлиё Владимир» каби орденлар билан шарафланганда нега мен воқеани ҳатто, сўзлай олмайман?! Ҳикоя қилишга киришгунимча ҳеч бўлмаганда уни ўз номи билан атаб, айтиб кўрай! «Талончи ва уй Эгаси»...

Генерал Жўрабек кутубхонаси

Генерал фон Кауфман Туркистонга келиш олдидан Император фанлар академияси, Император рус жуғрофлари жамияти, Халқ таълими вазирлиги қошидаги олимлар ишлари бўйича Департаментдан Тошкентда кутубхона ташкил этиш учун китоблар йиғганини олдинги мақоламизда сўзлагандик. Бу иш истибдодни узайтириш ва зулмни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган бўлишига қарамай, келажак тадқиқотчилар учун қисман хайрли томони ҳам бор эди. Кутубхона шаклланиши шу ҳаракатлар билан чекланиб қолмаганди. Энди бу йўналишдаги ишлар Туркистоннинг ўзида бошлаб юборилди. Аммо улар анчагина аянчли ва фожиали эди.

Генерал фон Кауфман 1868 йили Самарқандни истило қилади. Бироқ Самарқанд осон таслим бўлиб, душман қўлига енгилгина ўтиб қолмайди. Туркистон ватанпарварлари уни душманга бериб қўймаслик учун 1870 йилга қадар қуролли қаршилик кўрсатади. Бу курашда амир Музаффарнинг ўғли Абдумалик тўра, Китоб ва Шаҳрисабз беклари Жўрабек ҳамда Бобобек додхоҳлар эл орасида шуҳрат қозонади. Улар бу урушда Украина, Булғория, Сербия, Кавказ ва Туркияда салкам бир асрдан буён урушиб, замонавий жанг усулларини мукаммал эгаллаган, катта тажриба тўплаган ва энг замонавий қуроллар билан таъминланган қудратли ёғийга тўқнаш келганди. Охир-оқибат чор қўшини ғалаба қозонади ва Самарқанд тўлиқ душман тасарруфига ўтади.

Қаршилик ҳаракати қайта такрорланишидан чўчиб, генерал губернатор қўшини Китоб ва Шаҳрисабзга юриш бошлайди. 1870 йили 14 августда бу икки қадимий вилоят истило қилиниб, ҳудудда Русия давлати назорати ўрнатилади. Китоб ва Шаҳрисабздаги саройлар, қадимий тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, карвонсаройлар бир неча кун рус қўшинлари томонидан таланади. Улар қаторида кутубхоналар ҳам талон-тарож қилинади.

Тадқиқотчи Б.В. Лунин ёзади: «1871 йили Петербургдаги Император кутубхонаси шарқ қўлёзмалари бўлимига 97 жилд қўлёзма совға қилинади. Уни кутубхонанинг фахрий аъзоси Туркистон генерал губернатори К.П. фон Кауфман келтирган эди. Бу китоблар Китоб беклиги маркази Китоб қалъаси истило этилганда бек саройи кутубхонасидан мусодара қилиб олинган эди».

Муаллиф таъкидлаётган мазкур китоблар Жўрабек додхоҳ кутубхонасининг кичик бир бўлаги эди. Мусодара қилинган китобларнинг катта қисми Туркистон оммавий кутубхонасига топширилганди. Ундаги «Осиё ва Туркистон бўлими» шу тариқа талончиликлар орқали шаклланади.

Жўрабек ва Бобобек додхоҳ мағлуб бўлгач, юртдан чиқиб кетишга уринади. Бироқ қўлга олиниб, Тошкентга келтирилади. Унинг маърифати, дунёқараши кенглиги, ҳарбий-сиёсий истеъдоди душманни ҳайратлантиради. У узоқ йиллар Туркистон губернаторлигида таржимон вазифасини бажаради, хизматлари ва илми эвазига генерал унвонига сазовор бўлади. Умрининг охиригача ўз миллати манфаатларини ҳимоя қилади ва 1905 йили сирли равишда ўлдирилади.

Генерал фон Кауфман кутубхонаси тўлдирилиши учун генерал Жўрабек кутубхонаси таг-туги билан йўқ қилиб ташланган эди.

Чалғучи ва Қўбиз

Бирдан сатрлар бўйсунмай қўйди. Ҳали улар ортида сафининг охири кўринмайдиган воқеалар турибди, ахир. Ҳикоя тўхтайди... Шу пайт, Дунё хатти-ҳаракатларингни кузатиб турганини сезиб қоласан. П.И. Лерх, А. Семёнов, В. Вяткин, А.Л. Кун, Н.Н. Пантусов, В.В. Бартольд... барчаси зерикарли. Бирламчи манбалар, тарихий ҳужжатлар талабалик даврлардаги тасаввурни парчалаётир.

Улар босқинчиларнинг ҳақиқий қудратли жангчилари эди. Уларнинг Туркистон ҳақидаги асарларида Русия салтанати мадҳи жаранглаб туради. Улар моҳир чалғучилар эди, бироқ қўбиз куйларини билишмасди.

Қўзғолончи кутубхонаси

Тарихчилар ушбу ҳодисага дуч келса, уни «Дукчи Эшон қўзғолони» ёки «Андижон қўзғолони» деб атаган бўларди ва тафсилотини: «Андижон уездининг Мингтепа қишлоғилик Муҳаммад Али халфа Собир ўғли раҳбарлик қилган исён», деб бошларди. Россия ва Туркистон қўшинлари ўртасида қарийб 23 йил давом этган қонли урушда (Оқ мачит 1853 йил 28 июль – Қўқон 1876 йил 19 февраль ) босқинчилар ғалаба қозонди. Мамлакат том маънодаги бегоналарга қарам бўлиб қолди. Маҳаллий аҳоли қарийб барча ижтимоий ҳуқуқлардан маҳрум этилди. Миллий, диний қадриятлар таҳқирланди. Чорак асрда иқтисодиёт тўлиқ босқинчилар манфаатига бўйсундирилди. Миллатнинг маънавий ва моддий аҳволи мисли кўрилмаган инқирозга юз тутди. Туркистон йилдан-йилга Русия салтанати саноатининг хом ашё базасига айланиб борди.

Бу пайтда ҳамманинг кўз ўнгида ҳукмрон миллат вакилларининг алоҳида имтиёз ва ҳуқуқлари ортиб бораверди. Мамлакатдаги серҳосил экинзорлар Россиядан кўчириб келтирилган деҳқонларга бўлиб бериларди.

Пичоқ суякка етиб қадалганди. 1898 йили 17 май куни Муҳаммад Али эшон халқни мустамлакачиларга қарши қўзғолонга бошлайди. Чор қўшини билан тўқнашув содир бўлади. Бироқ тиш-тирноғигача замонавий аслаҳалар билан қуролланган чор қўшини исёнчиларни тор-мор қилади.

Бугунги ўқувчи бу воқеаларни яхши билади. Мазкур ҳодисада бизнинг диққатимизни Туркистон оммавий кутубхонасига тегишли лавҳалар тортди. Мағлуб этилиб, ҳибсга олинган Дукчи Эшоннинг бой кутубхонаси бор эди. У мусодара қилинади ва 197 жилд қўлёзма китоб, бир қанча ҳужжатлар Туркистон оммавий кутубхонасига келтирилади. Қимматли қўлёзмаларнинг қолган қисми Русияга жўнатилади.  Қўзғолончи кутубхонасининг биринчи воқеаси шундай якун топади.

Сурат ва Айғир

Бу тасвирни бирор мусаввир ҳали қоғоз ё матога туширмаган. Кўплари уриниб кўрган. Камолиддин Беҳзод ҳам. Ҳеч бирида Айғир қоғоз ё матони йиртиб, воқеалар шовқини, замбараклар гумбури, милтиқ ўқларининг визиллаши, таланаётган кутубхона, юрт учун жонини фидо қилаётган жангчи аскарнинг сўнгги лаҳзадаги ҳолати билан тасвирдан ташқарига чиқиб келмаган. Биз кўриб турган манзараларда шу воқеа содир бўлаётир... Уларнинг ҳеч бири тасвирда қолгиси келмаяпти. Улар қадимий шиддат билан томошабин кўксига кўчиб ўтади ва унда яловли ҳикояга айланади.

Унда энди сен ҳам иштирок эта бошлайсан. Оёғингни ота Туркистон маҳкам тутиб турибди. Душман энг замонавий қуроллар билан рўпарангда... Салкам икки аср олдин бошланган жанг ҳозир ҳам давом этаётир. Бу жангда ҳатто, муаззам соҳибқирон Чингизхон енгилмас қўшини билан бизнинг қароргоҳга келиб қўшилади. Суратни йиртиб чиқаётган Айғир биз илгари кўриб ўрганиб қолган барча воқеаларни тўзғитиб юборди.

Туркистон оммавий кутубхонасининг навбатдаги ҳикоясига бу манзарани сира четлаб ўтиб бўлмайди.

 

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР, 

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими

 

Информеры