2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАМКОРЛИКДА ЯРАТИЛГАН МАШИНА

«Гелах» деб номланган зирҳли жанговар машина (ғилдираклар формуласи 4 х 4) Чехиянинг «Зетор» компанияси ҳамда унинг Словакияда жойлашган «Зетор инжиниринг Словакия» бўлинмаси мутахассислари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ғарб ҳарбий оммавий ахборот воситаларфи хабарига кўра, мазкур машинанинг бир қанча тажриба нусхалари Словакия армиясининг Қуруқликдаги қўшинлари таркибида ҳар томонлама синовдан ўтказилмоқда.

Янги жанговар машинанинг корпуси пўлат зирҳдан ишланган ва тўлиқ пайвандланган. Машина қўшимча баллистик ва минага қарши ҳимоя билан таъминланган ҳамда НАТОнинг STANAG 4569 стандарти бўйича 3-даражадаги ҳимояланганлик талабларига мос келади. Экипаж икки кишидан иборат, десант бўлмасида эса барча зарурий анжомлар билан тўлиқ таъминланган 4 нафар пиёда аскар жойлашиши мумкин.    

«Гелах»нинг жанговар оғирлиги 12 тонна, фойдали юкланма оғирлиги 1,5 тонна, узунлиги 5,65 метр, эни 2,5 метр. Машинага қуввати 326 от кучига тенг бўлган турбопуфлагичли дизель двигатели ўрнатилган бўлиб, у шоссе бўйлаб максимал ҳаракатланиш тезлигини соатига 110 км.гача етказиш имконини беради. Машинага буюртмачи истагига кўра турли қуроллар, шу жумладан, 7,62 ёки 12,7 мм.ли пулемёт ёхуд 40 мм.ли автоматик гранатомёт ўрнатилиши мумкин.

Информеры