2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

Ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан берилган ТАВСИЯНОМА

ФАҚАТ биринчи йўналишга татбиқ этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, республика олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул бўйича давлат буюртмаси параметрларига қўшимча равишда тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида квота белгиланади.

Алоҳида қабул кўрсаткичлари ҳар бир олий таълим муассасалари бакалавриатига давлат буюртмаси параметрларининг беш фоизини ташкил этади.

Тавсияномага эга абитуриентлар талабаликка тавсия этилиши учун тўплаш мумкин бўлган баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда балл йиғиши талаб этилади.

Улар ўзлари танлаган уч йўналишдан фақат биринчисида алоҳида квота доирасида танловда қатнашади. Биринчи танлаган йўналишларида ўқишга кира олмаган тақдирда, кейинги йўналишларда умумий тартибда танловда иштирок этади.

Яъни тавсияномага эга абитуриент биринчи танлаган йўналишига имтиҳондан йиқилган тақдирда, иккинчи ва учинчи йўналишларда ўқишга кириш учун барча абитуриентлар билан умумий рақобатга қўшилади.

Низомда белгиланишича, тавсияномага эга абитуриентлар барча таълим шакллари (кундузги, кечки, сиртқи) бўйича ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга.

Қайд этиш жоиз, мазкур низом талаблари олий ҳарбий таълим муассасалари, Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати

 

Информеры