2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН – ДАРМОНИМ, САОДАТИМ ВА ҲУЗУРИМ

Яқинда Бухорои Шарифга – ота-онам зиёратига бориб келдим. Қишлоғимиз анча ўзгариФбди. Амакимнинг ўғли Шавкат уйига кондиционер ўрнатиш ташвиши билан овора. «Шаҳарликлардан кам жойимиз йўқ. Биз ҳам меҳнат қилгач, роҳатини кўрайлик-да», дейди.

Тирикчилик ташвишлари

Укам 3 миллион сўмга кир ювадиган машина олиб келди. «Ака, қишлоққа ҳам тараққиёт кириб келди. Аёлларимиз бўш вақтларида бола тарбияласин, ўзига қарасин. Қачонгача сочи супурги бўлиб хизмат қилади», дея изоҳ берган бўлади. Танишларнинг айримлари уйига сувни иситадиган мослама ўрнатибди. Мотор ёрдамида қудуқдан сув олинади. Мослама электр токи ёрдамида сувни иситади. Шаҳардагидан-да зиёд. Иссиқ сув ҳам, совуқ сув ҳам бор. Ободлик истаги одамларнинг интилишларида мужассам.

Жиянларим мактаб ёнидаги сунъий чим тўшалган стадионга йўл олишди. Ҳар куни кечқурун футбол мусобақаси. Тадбиркор соатига 50 минг сўм пул оларкан. Ёши катталар учун ҳатто, баъзан бепул. Футбол беллашуви бўлмаган куннинг ўзи йўқ.

Машҳур Қоракўл лицейининг интернатида таҳсил олаётган жияним Абдукомил сабоқларга кетди. «Ҳозир таътил эмасми?» десам, «Таътилда мустақил тайёргарликлар бўлади. Жаҳон олимпиадаларига тайёргарлик кўрамиз», дейди полвон маррани баланд олиб. «Амаки, акам қўйларни, молларни боқишдан қочиб машғулотга кетади», дейди укаси.

«Аканг ҳали катта олим бўлади, унақа дема, полвон» дея кичик жиянга насиҳат қилган бўлдим.

Қишлоқ одамларининг дунёқараши ўзгарган. Пул топай, уйим-жойимни обод қилай, фаровон яшай, минглаб одамларни чақириб, тўй қилай деб елиб-югураётганлари кўп.

Ўқитувчилик қилаётган синглимдан сўрадим: «Маърифат газетасидан мактабга нечта келади?» 2 дона газетага обуна бўлишган экан. 50 дан зиёд ўқитувчи фаолият юритадиган мактабда 2 дона газета... Кам эмасми? Маърифат тарқатадиган соҳа вакилида. Менинг дашномларимдан бироз уялиб, мавзуни бошқа томонга бурди. Тирикчилик ташвишлари турганда газета, китоб ўқишга вақт топилмайди, дегандай бўлди. Аниқроғи кўзларидан шу маънони уққандай бўлдим. Эҳ, тирикчилик ташвишлари...

Бахт излаш азоби

Жалолиддин Румийда шундай сатрлар бор: «Дунёда ҳамма бир иш билан шуғулланди. Ким аёл севгиси билан, ким мол тўпламоқ, ким илм олмоқ билан банд. Улар буларнинг биридан завқ олади, хушланади. Улар: «Менинг дармоним, саодатим ва ҳузурим шундадир», – дейди ҳамда унга инонади. Бу Оллоҳнинг бир раҳматидир. Чунки инсон севган нарсасига интилади, уни қидиради, аммо тополмай орқага қайтади. Бироз фурсатдан кейин ўзига-ўзи: «Бу завқ ва раҳмат изланишга арзийди, лекин мен қидирмадим, бошқатдан ишга киришай», дейди ва уннайди. Аммо яна тополмайди. Бу ҳол Оллоҳ раҳмати пардасиз равишда юз кўрсатгунга қадар давом этади-ю, раҳмат юз очгандан кейин киши тутган йўли янглиш эканини англайди. Бироқ Оллоҳнинг шундай қуллари борки, улар қиёматдан аввал асл вояга етадилар. Улар ҳозирдан охирни кўрадилар».

Бир подшоҳ камбағал кишини синаб кўрмоқчи бўлиб, кечки пайт эшиги олдига 99 танга солинган ҳамённи ташлаб, унга «100 танга Оллоҳнинг сизга неъмати» деб ёзиб қўйибди. Камбағал шоша-пиша пулни санабди. Бир танга кам чиққанини кўриб, қайта-қайта санаб кўрибди. Ниҳоят болалари билан ён-атрофни, кўча-кўйни кўздан кечириб, 1 тангани излаб тонг оттирибди. 99 неъматга шукр қилмасдан, ўзига берилмаган 1 неъматни излаб вақтини, умрини сарфлабди. Бозор, моддийлик фалсафаси аралашган ташвишларимиз бир тангани излаб сарсон бўлган кимса азобига ўхшамаяптими? Излашга, изланишга арзимайдиган майда ташвишларга ўралашиб қолмаяпмизми? Қишлоқ одамларининг саъй-ҳаракатларидаги бахт излаш азоби ҳам назаримда шунга ўхшайди.

Тараққиёт, юксалиш ўша жамиятда яшаётган инсонларнинг вақтдан қанчалар фойдаланаётганига қараб белгиланади. Миллий юксалиш сари қўйган қадамимиз ҳам маррани қанчалар баланд олишимиз билан ўлчанади.

Мустамлака сабаблари

Алихонтўра Соғуний ҳазратлари Ватанимиз, миллатимиз юз йилдан ортиқ босқинчилар қўлида, мустамлака зулми остида ётганининг асосий сабабларини қуйидагилар билан изоҳлаган:

 хонликлар даврида Туркистон ўлкасида юзага келган иттифоқсизлик;

динни асоси билан тушунмаган илм, маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлиши;

мамлакат мудофаа қувватига аҳамият берилмагани;

халқимизнинг хурофот зулмати ва жаҳолат ботқоғига бутунлай ботганлиги;

замонавий фан илмларини ўқиш ва ўқитиш ишларига эътибор бўлмаганлиги.

Шунинг учун уйғонмадик. Энди хулоса чиқармасак бўлмайди.

Армия тузишга зимдан қаршилик

1991 йил 30 декабрь куни Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) тузилганлиги расмий равишда эълон қилинди.

Мазкур йиғилишда қуролли кучлар масаласини ҳал этишнинг уч йўли таклиф этилди:

биринчиси – худди олдингидек ягона армия, ягона қўмондонликни сақлаб қолиш;

иккинчиси – стратегик ва ядро қуроллар арсеналини ўзида жамлаган бирлашган қуролли кучларни ташкил этиш;

учинчиси – миллий армияни барпо этиш.

Марказий Осиё учун ягона армия тузиш афзал, чунки керакли армияни таъминлаш учун уларнинг маҳаллий бюджети дош беролмайди, деган фикрлар ҳам илгари сурилди. Енг учида айтилган бу гаплар аслида миллий армия тузишга қаршиликнинг, ишонч­сизликнинг ифодаси эди.

Истеъфодаги подполковник Ислом Иноятов шундай ёзади: «Марказий Осиёдаги республикаларга ўз миллий армияларини тузишда зимдан тўсқинлик қилиш мақсадида 1991 йил 30 декабрида СССР мудофаа вазирининг 550-сонли буйруғи асосида Туркистон ҳарбий округи қўмондонининг «Туркистон ҳарбий округи тижорат марказини ташкил этиш тўғрисида»ги буйруғи эълон қилинди. Буйруқни чиқаришга асос сифатида Марказий Осиё ва Қозоғистон республикалари ўртасида 1991 йил 22 июнда имзоланган иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни, ҳарбий-техника воситаларини саноат чиқиндисига чиқариш дастурини бажариш, кўчириладиган ва кўчмас мулклардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш асосида қўшимча молиявий манбалар топиш орқали Совет армияси ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ишчи ва хизматчиларини қўшимча ижтимоий ҳимоя қилиш дастурини хаспўшлаб кўрсатишди. Тижорат марказлари Олмаота, Ашхобод, Бишкек, Душанбе ва Тошкентдаги офицерлар уйларида ташкил этилди. Ҳарбий қисмларга ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган техникаларни Тижорат марказига юборилиши белгиланди. Тижорат марказига барча мулкларни ички ва ташқи бозорларда эркин нархларда сотишга рухсат берилди. Тижорат операцияларидан олинадиган даромадлар СССР Мудофаа вазирлиги жамғармасига ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Бу асос солинаётган миллий армия­нинг шаклланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатар эди. Шу сабабли 1992 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси мудофаа ишлари вазирининг «Туркистон ҳарбий округи қўмондонининг 1991 йил 30 декабрдаги  231-сонли буйруғини Ўзбекистон ҳудудида ҳаракатдан тўхтатиш тўғрисида»ги 9-сонли буйруғи имзоланди. Туркистон ҳарбий округи тижорат маркази фаолияти тўхтатиб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан товар-моддий бойликларини олиб чиқиб кетишни назорат қилувчи давлат инспекцияси ходимларига қурол-аслаҳа, техника ҳамда ҳарбий техник буюмларни назорат қилиш ҳамда уларга бундай юкларни Мудофаа ишлари вазирлиги томонидан алоҳида кўрсатма бўлмагунига қадар ушлаб туришга рухсат берилди».

 Мамлакат раҳбарияти, мудофаа ишлари вазирининг оқилона қарори туфайли ҳарбий ашёлар талон-тарож қилинишининг олди олинди. Армиямизнинг тикланиш, илк шаклланув давридаги мураккаб ва қалтис вазиятларни унутишга ҳаққимиз йўқ. Маршал Алихонтўра Соғуний айтган мудофаа қувватини шакллантириш ўз-ўзидан бўлмади.

Фазилатли мамлакат, фазилатли халқ

Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз. Биргина мисол:

жорий йилда, аниқроғи август ойида бешинчи марта ўтказилган «АрМИ – 2019» халқаро армия ўйинлари Ўзбекистон учун янада самарали бўлди.

Мусобақаларда 39 та давлатдан 223 та жамоа ва 5 мингдан кўпроқ ҳарбий иштирок этди. 10 та давлат ҳудудида умумий ҳисобда 32 та танлов ўтказилди.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар 14 та танловда иштирок этишиб, 2 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритишди. Эътибор беринг. 14 та танловнинг 11 тасида ҳамюртларимиз ғолиблар қаторида эътироф этилди. Бу деярли 80 фоизлик натижа дегани. Бу миллий юксалиш мевалари.

Миллат сифатида «ҳазм» бўлиб кетишимиздан асрайдиган, янада юксалиш, ўзлигимизни англашга хизмат қиладиган омиллар қуйидагилар:

замонавий илм-фанни ўрганиш;

замонавий техника ва технологияни яхши ўзлаштириш; миллий ҳиссиётни, ғурурни кўтариш;

она тилимизни сақлаш, адабиётимизни юксалтириш.

Абу Наср Форобий «Ҳақиқий бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи кишиларни бирлаштирган шаҳар фазилатли шаҳардир, бахтга эришиш мақсадида бирлашган кишилар жамоаси фазилатли жамоадир» дейди. Фазилатли мамлакат, фазилатли халққа айланамиз десак, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари, деган бош ғоя атрофида бирлашишимиз керак.

Алижон САФАРОВ

 

Информеры