2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАЪРИФАТ МОЗАИКАСИ

(тўртинчи мақола)

Фахр ва Изтироб суҳбати

Бу «баҳс», деганидир. Улар бор экан, суҳбат, мунозара тўхтамайди. Қўлида қурол билан қирғинлар уюштириб, ўзгалар мулкини тарож қилиб ҳам «маданиятли» деган номни олиш мумкин экан. Қадимий улкан маърифат ва маданиятга эга мағлуб миллатнинг кўксига бемалол «саводсиз» тамғасини босса ҳам бўларкан. «Халқаро тил», «жаҳон тили», «миллатлараро тил» атамалари ҳам бугун зўравонликнинг бир кўриниши экани аниқ кўзга ташланиб қолди. Миллат фақат ўз тили билан яшай олади. Уни ҳимоя қилиш, асраш ҳар бир ватанпарвар, ҳарбийнинг бирламчи бурчидир. Миллий тилнинг адвокати – Давлатдир. У моҳир ва қўрқмас бўлса, тил хатардан холи бўлади. Миллат тили – аскарнинг қуроли, қўшиннинг байроғидан ҳам муқаддасроқ, барча ор-номус туйғуларининг Султони! Тил таназзули аломатларнинг энг хосиятсизидир. Усиз ҳақиқатга бир қадам ҳам кириб бўлмайди. Ҳаётда Фахр ва Изтиробни қоғоздан ясаб, қуш қилиб учириш саҳнаси пайдо бўлади. Бугун Туркистоннинг асрий кутубхоналари ҳақида ҳам бу тарзда эркин ҳикоя қилишнинг асло иложи бўлмасди.

Китоблар учун кураш

Фон Кауфман 1874 йили Туркис­тонда тўпланган шарқ қўлёзмаларини Петербург кутубхонасига топширади. Б.В. Лунин бу тўғрида: «Уларнинг кўпчилиги Тошкентдан Петербургга олиб кетилаётганда Амударёга тушиб кетиб, қаттиқ зарарланган эди», деб ёзади. Айрим муаллифлар уларни фон Кауфман кўрсатмалари асосида Я.Я. Лютиш тўплаганини таъкидлайди. В.Д. Смирнов 1874-1875 йиллари мазкур китоблар мазмунининг қисқача тавсифини тузади.

Машҳур «Усмон Қуръони» қўлга киритилиши ҳам Русия салтанати ҳукмрон доиралари вакилларини илҳомлантириб юборади. Туркистонда шарқ қўлёзмаларини йиғиш ва ташиб кетиш ишлари фавқулодда қизғин тус олади. Генерал Кауфман 1869 йили 23 октябрда бир қанча китоблар рўйхатини жўнатиб, Зарафшон округи бошлиғидан уларни топишни сўрайди. Бу йўналишда ишни ривожлантириш ва кучайтириш йўл-йўриқларини кўрсатади. 

Н.П. Остроумов кундаликларида ҳам китоблар ва Амударё воқеаси тўғрисида бир қизиқ воқеа ҳикоя қилинади: «1891 йил 5 сентябрь эди. Ҳузуримга Хива хони бош котиби Палвон Мирзабоши келди. Хива ҳақида у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтирдик. Билим юртларининг собиқ Бош нозири Кунни эсладик. Меҳмоним уни жуда яхши танирди ва у ҳақида гапириб берди. Кун Хивадан бир ярим минг атрофида қўлёзма китобларни ташиб кетаётган экан. Уларни қайиққа ортаётганда кўп қисми сувга ағдарилибди. У зудлик билан 150 нафар муллани чақиртириб, ивиган китобларни қуритишга ёрдам беришни буюрибди. Шу орада айрим уддабурон муллалар баъзи китобларни қўйни ва иштонларига бекитиб олиб қолган экан. Полвон Мирзабоши кейинчалик уларнинг баъзиларини Бухорода кўрибди. Лекин бу китоблар у ерга қандай бориб қолганини тушунтириб беролмади».

Кўҳна дунё кутубхоналарига оид сатрлар

Шўролар инқилобидан олдин Туркистонда давлат, олий таълим тизими, масжидлар қошидаги ва шахсий кутубхоналар мингдан ортиқ эди. Бухоро ва Хива мадрасалар, кутубхоналар шаҳри эди. Кутубхоналар Туркистон таълим тизимининг ажралмас ва бениҳоя қимматли бўлаги бўлган. Тадқиқот жараёнида ўтмишнинг ҳисобсиз саҳифалари қатидан Бухоро давлатида кутубхоначиликка алоҳида эътибор қаратилгани ҳақидаги сатрлар топилди. Давлат бошқарувидаги унвон ва мансаблар ҳақида муҳим маълумотлар ёзиб қолдирган Мирза Бадиъ девон бу тўғрида ҳам ахборот беради: «Яна тўртта кичик мансаб бор, биринчиси китобдордир. У олимлар, фозиллар ва ижод аҳлининг битикларини қабул қилиб олади ва олий ҳукмдор қабулига етказади, олий даргоҳга мансуб кутубхонани ҳам назорат қилади», деб ёзади.

Шўролар инқилобидан олдинги даврларда Туркистонда кутубхоначи «китобдор» сўзи билан ифодаланиши бошқа манбаларда ҳам учради.

Вақфлар ва кутубхоналар

Бухоро мадрасалари моддий таъминотига оид вақф ҳужжатларининг ўндан ортиғида кутубхона ва китобдор, китоблар учун улуш ажратилганига гувоҳ бўлдик. Манзарани тиниқлаштириш учун Бухородаги Мирзо Улуғбек мадрасаси кутубхонаси вақф мулки ҳужжатига назар ташлаймиз. Ушбу мадрасага тегишли учта вақф ҳужжатини кўриб чиқдик. Учинчиси кутубхонага тегишли ва унинг тепасига «Вақфи китобхонаи мадрасаи Мирзо Улуғбек дар Заргарон» деб ёзилган. Ҳажми 121 сатр, настаълиқда ёзилган, Амир Маъсум муҳри билан тасдиқланган. Ҳужжат Мирзо Улуғбекка тегишли эмас.

Ҳужжатнинг асл нусхаси ҳижрий 1033 йили раби ул-аввал ойида (1624 йил январь) тузилган. Унда машойихлар улуғи Хожа Муқим ҳожи ибн Мир Хўрд Бухорога қарашли Руд туманидаги 36 ва 50 танобдан иборат ерини шаръий тарзда Мирзо Улуғбек мадрасаси кутубхонаси учун вақф қилади.  Мутавалли ҳосил бўлган маблағдан саккиз қисм улуш олади ва иккинчи саккиз қисмни кутубхона китоблари эҳтиёжи ва китоблар сотиб олишга сарфлайди.

Кўздан ғуборларни ҳайдовчи

Абдулазизхон ибн Убайдуллахон (1511 – 1550) Бухоро шаҳрида ҳиж­рий 955 йили (1549) Муғоки аттор масжиди ва кутубхона қурдиради. Ҳасанхожа Нисорий хоннинг ушбу кутубхонаси ва у билан боғлиқ воқеаларга оид: «Ва хоннинг бир кутубхонаси бор эди, ўша пайтда ер юзида унга ўхшаш китобхона бўлганми, йўқми, билмадик. Бу кутубхона китобдори котибларининг подшоси Амир Али Ҳусайний  эди. Настаълиқ ёзувини битишда тенги йўқ ва унинг «райҳон хати» кўрувчининг кўзидан ғуборларни кетказарди», дея ахборот беради. Яккабоғ вилоятидан чиққан Абдуллабек котибни таърифлашганда кўпинча унга қиёслашарди. Бухоро зиёлилари кейинги даврларда яшаб ижод этган хаттотлар жамоаси вакиллари кимнингдир хаттотлик соҳасидаги фаолиятини баҳолашга тўғри келса, унинг ҳуснихатига қиёслаб кўришарди.

1 200 йил ёшдаги кутубхона

У Бухорода имом Абу Ҳафс Кабир кутубхонаси эди. Ислом дини Бухорога кириб келиши, Қуръони карим ғоялари, ҳадиси шариф ҳикматлари мамлакат ҳудудларида кенг кўламда тарқалиб бориши натижасида VIII аср охири – IX аср бошларида масжид­лар ва олимлар уйлари, мадрасаларда ёзувли саҳифалар, китоблар йиғила бошлади. Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг ҳузурига илм истовчиларнинг тинимсиз келиши охир-оқибат Бухорода дастлабки мадраса ва кутубхоналардан бири қурилишига сабаб бўлади.

Манбаларда Имом Бухорий 11 ёшида милодий 821 йили устозлардан илм ўрганиб юрган пайтларидаги бир ҳодиса ҳикоя қилинади: У Калабод мадрасасида устози Дохилийдан ҳадис илмини ўрганарди. Кунларнинг бирида Дохилий бир ҳадис исноди ҳақида гапириб: «Бу Сўфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан...» дейди. Шунда ал-Бухорий: «Абу Зубайр ҳеч вақт Иброҳимдан ривоят қилмаган», деб Дохилийнинг санад хусусида хато қилганини билдиради. Дохилий бундан ҳайратга тушиб, қўрслик билан боланинг сўзини бўлади. Бола хотиржам: «Устоз, ишонмасангиз манбага қаранг», дейди.

Шу воқеадан сўнг ал Бухорий имом Абу Ҳафс Кабир мадрасасига ўтиб, таҳсилни давом эттиради.

Бу ҳикоя ўша даврларда Бухоро шаҳрида дастлабки мадрасалар, китоблар, кутубхоналар шаклланганидан далолат беради.

Амир Темур кутубхонаси

XIX аср иккинчи ярми ва ХХ асрда «Амир Темур кутубхонаси» ибораси анча машҳур бўлган. Б.У. Лунин ёзади: «Н.Ф. Петровский Ибн Байтарнинг дори тайёрлашга оид китобини В.Р. Розенга совға қилганди. Туҳфанинг шарқшунослар эътиборини тортадиган қимматли жиҳатларидан бири – қўлёзма саҳифаларида у Темурнинг машҳур кутубхонасига тегишли эканидан далолат берадиган битиклар бор эди». 

Ушбу маълумотлар Петербургдаги «Рус қадимшунослари жамияти Шарқ бўлими қайдномалари» (ЗВОРАО) тўпламида ёзиб қолдирилган. Улар тарихда Амир Темурнинг хос кутубхонаси ҳам бўлганидан дарак бермоқда. Бироқ биз ҳозирча мазкур тўплам билан танишишга улгурмадик. 

Шўролар тадбири

Улар 1920 йил 29 – 31 август кунлари Бухоро шаҳрига қуролли ҳужум бошлайди. Жанг авжига чиққан маҳали Қавволи дарвозаси шўролар қўшини томонидан портлатиб юборилади. Бундай портлатишлар уч кун давом этади. Урушда Бухоро кутубхоналари ҳам яксон қилинади ва қарийб фаолияти тўхтайди. Шўролар ҳукмронлигининг илк давридаёқ Туркистоннинг минглаб кутубхоналари вайрон этилади ва таланади. 1930 йилга қадар улардан ном-нишон қолмайди. Қўлга киритилган тарихий ҳужжатлар ва китоблар Туркистон оммавий кутубхонаси, янги ташкил қилинган архивлар ва шу туркумдаги муассасаларга йиғиб олинади. Бу ҳолат уларнинг бекитилиши ва тадқиқ этилиши тақиқи билан баробар эди.

Бир парчин эпкини

Маълумотлар, сўзланмаган ҳикоя­лар шу қадар кўп... Бир-биридан қадрли, аҳамиятли. Улар ойна синиқларидай ҳар жойга сочилиб ётибди. Хожа Муҳаммад Порсо, Калабод, Қулбобо Кўкалтош, Надр Девонбеги, Ялангтушбий Баҳодир, Болойи ҳовуз, Дор уш-шифо... Ҳаммаси юрт тарихининг синиқ парчинлари. Улардан маърифатнинг буюк Мозаикаси шаклланади. Унинг бир парчасидан куйлар, қадимий эпкинлар қўзғаб устида абадий Жангчи билан бир асов Айғир отилиб чиқаётир...

 

Бу эпкинни сезиб,

Бош кўтарди вужудимда

Зирқираган оғриқларнинг барчаси.

Қабрларда сас кутиб ётган

Тўқсонта Искандар сингари.

 

Улар мени,

Ярасини ялаётган

Бўрига айлантириб қўйди.

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими

Информеры