2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АКЦИЯЛАР ОРТИДАГИ «ОҒУ»ЛАР

«Энергетик ичимликларни истеъмол қиласизми?», «Энергетик ичимликларнинг қанчалик «мухлиси»сиз?» Ижтимоий тармоқлар орқали ушбу сўровнома ўтказилганда, охирги вақтларда энергетик ичимликлар аҳоли ўртасида кенг истеъмол қилинаётганига амин бўлдик. Уларнинг шунчалик оммалашувига эса шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари орқали тинмай бонг ураётган мега акциялар сабабдир. Хўш, энергетик ичимликлар инсон учун қанчалик фойдали?!

Телевидение орқали реклама қилинаётган, офтоб тафти тобора  дармонингизни қуритаётган пайтда катта-катта баннерларда «Мазасига гап йўқ», «Қувватга кир», дея ўзининг ёрқин ранглардаги кўринишлари билан эътиборингизни жалб этиб, қизиқиш уйғотаётган ичимликлар чиндан ҳам номига мутаносибми?! Бугун кўпчиликнинг қўлида ушбу ичимликни учратиш мумкин. Айниқса, охирги пайтларда ушбу тоифадаги ичимликлар «қувват» бериш билан биргаликда, бир қатор мега акцияларини тақдим этмоқда. Уларда иштирок этсангиз, бир думалаб миллионерга айланишингиз ҳеч гап эмас.

«… СОТИБ ОЛ, ТОШКЕНТ CИТИДАН КВАРТИРА ЮТИБ ОЛ!»

Ҳа, сиз ҳам қизиқишни бошладингизми? Албатта, ким ҳам бундай чорловлардан ке­йин қизиқмайди. Ҳатто, айрим юртдошларимиз ичимликларнинг таъми ва таркибини билмасдан туриб, кўр-кўрона сотиб олишмоқда. Энг ҳайратланарлиси шундаки, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги гуруҳларда ҳамда шахсий саҳифаларда «Ситро»нинг 6-қисмини топиб беринг, суюнчиси бор, эвазига 2 000 $ бераман» ёки «Илтимос, WF дан 5 та қопқоқ қисмини топишга ёрдам беринглар», деган «пост»ларни тез-тез учратяпмиз. Ачинарлиси, бунга ҳеч қандай меҳнатсиз, осонгина бир нималик бўлиб қолишни истайдиган ёшлар муккасидан кетяпти. Чиндан ҳам бу қопқоқлар ютуқлими?! Аслида бундай акцияларда қатнашиб, топганингиздан йўқотганингиз кўп бўлади. Биринчидан, қимматли бўлган вақтингизни бой берасиз, иккинчидан, вақтга қўшиб орзуларингизни ҳам рўёларга қориштираётганингиз қолади.

– Энергетик ичимликларни хуш кўрмайман, – дейди тармоқ фойдаланувчиси Алишер Полвонов (21 ёш). – Аммо акциясига қизиқиб, харид қиламан. Чамамда, шу пайтгача сарфлаган пулларимга ўша акциядаги автомобиль ёки янги уйга бошланғич тўлов, умуман, ўзимга керак бўлган маиший техникаларни бемалол сотиб олсам бўларди. Буни кечроқ англаб етдим. Негаки, бу ичимликларнинг омадли қопқоқлари кам. Бир куни «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «Ютуқли қопқоққа суюнчи бор», деб «пост» қўйдим. Кўпчилик «Менда бор, қанча берасиз?» деб ёзди. Бошида ҳазиллашяпти, деб ўйладим. Аммо қизиқишим устунлик қилиб, улар билан учрашдим. Айтган пулларини бердим. Ўзимда йўқ хурсандман. Компанияга борсам, бу қопқоқлар сохта эканини айтишди. «Уддабурон»ларни эса ҳалигача қидираман. Пешона терим билан топилган пулларимга ачиндим.

Бу қопқоқ йиғиш шунчаки қизиқиш эмас,  эндиликда ишқибозлар учун асосий мақсадга айланиб улгурди. Албатта, ҳар куни телевидение орқали ҳамюртларимизнинг машина, турли маиший техникалар ютганини кўриб, кўпчиликнинг ҳаваси ортиши табиий. Сиз ҳам беихтиёр ўша «топилмас қопқоқ»ларни топишни истаб қоласиз. Аммо ҳар бир нарсада меъёр бўлгани  яхши. Ахир инсон саломатлигига салбий таъсири бўлган маҳсулотларни кенг аҳоли ўртасида бундай оммалаштириш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Жорий йилдан бошлаб Реклама тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган ва унинг  221-моддасида энергетик ичимликлар бўйича чекловлар жорий қилинди. Унга кўра, эндиликда қуйидагилар тақиқланади:

– соат 7.00 дан  22.00 га  қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;

– реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;

– асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;

– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;

– асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш.

 

ҚУВВАТБАХШ  ИЧИМЛИКЛАР  ҲАҚИҚАТДАН ҚУВВАТБАХШ(МИ?)

Европа давлатлари аллақачон бундай ичимликлардан воз кечишмоқда. Улар энергетик ичимликларни «ўлим коктейли» деб аташади. Маълумот учун шуни айтиш лозимки, тилга олинаётган бу ичимликлар организмга қўшимча қувват бермайди. Фақат бу воситалар таркибидаги моддалар организмнинг ички резервига йўл очади. Соддароқ қилиб айтганда, ичимлик ҳеч қандай қувватга эга эмас, у ўз ички ресурсларингиздан фойдаланади.

– Бугун бозорларимизда қувватбахш ичимликлар сотуви кўпайиб кетди, – дейди олий тоифали шифокор Муҳаббат Жамшидова. – Айниқса, эълон қилинаётган акциялари ҳаммани оҳанрабодек ўзига тортяпти. Бироқ  уларнинг таркибини кўпчилик билмайди. Энергетик коктейллар таркибига одатда, катта миқдорда синтетик кофеин, доривор ўсимликлардан олинадиган фаол биологик табиий воситалар (лимон, женьшень ва ҳ.к.), шунингдек, С, РР, В2, В5, В6, В12 витаминлари киради, кайфиятни кўтаради, чарчоқни чиқаради ва ақлий фаолиятни яхшилашга ёрдам беради ҳамда унинг таъсири бир финжон қаҳвадан икки баробар кўп, дейилади. Аммо тиббиёт ходимлари бу фикрларга қўшилмайди. Негаки, энергетик ичимлик соғлиқ учун қаҳвадан кўра хавфлироқ. Қўшимча қувват берадиган ичимликларни истеъмол қилиш билан инсон турли касалликларни ўзига чақиради. Қон босими, юрак-қон томир тизимида муаммоси борларга бундай воситаларни қабул қилиш қатъиян ман этилади. Энергетик ичимликлар таркибида қувват берувчи моддалар билан бир қаторда, инсон саломатлигига хавф солувчи кофеин, гуарана, таурин каби моддалар ҳам мавжуд. Бошқа кучайтиргичлар каби кофеин асаб тизимининг ишдан чиқишига олиб келади. Белгиланган меъёр ошиши тахикардия, депрессия, невроз каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

– Энергетик ичимликларни умуман харид қилмайман, – дейди Маҳбуба Камолова. – Бунинг ўзига яраша жиддий сабаблари бор. Укам икки йил аввал битта корхонага қоровул сифатида ишга кирди. Тунда ухлаб қолмай, деб энергетик ичимликларни кўп ичарди. Оқибатини билмаган эканмиз... Билганимизда эътиборсизлик қилмасмидик... Афсуски, мазкур ичимликлар укамнинг ҳаётига зомин бўлди. Эсласам, ҳалигача қалтираб кетаман. Укам  энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилгани учун юраги ўйноқи бўлиб қолган экан. Бу тиббий экспертизада маълум бўлди.

Энергетик ичимликлар таркибида инсон организми учун хавфли кофеин, гуарана, таурин каби моддалар борлигини билдик. Айнан ушбу моддалар организмга қанчалик таъсир қилади? Таурин – бу каби ичимликларда албатта бўлиши керак бўлган моддалардан бири. У мушак  тўқималарида тўпланадиган аминокислота бўлиб, ичакдаги ёғлар эмульсиясига ёрдам беради. Энергетик ичимликнинг бир банкасида 400 – 1 000 мг миқдоргача бўлиб, бу асаб бузилишига олиб келади. Кофеин – организм зўриқишига, турли асаб ва юрак касалликлари келиб чиқишига омил бўлса, мелатонин  ва инозит уйғунлигидаги ичимлик организмни жисмоний ва ақлий зўриқиш билан ишлашга мажбур қилар экан.

 

ЎЗИМИЗНИНГ ЧОЙДАН ҚЎЙМАСИН

Энергетик ичимликлар (шу тоифадаги барча маҳсулотлар) бугунги кунда жаҳон бозоридан чиқарилмоқда. Чунки инсон саломатлиги ҳар нарсадан устундир. Вақтинчалик чарчоқлардан халос бўламиз, деб доимий касалликларни орттириб олганимиздан кўра, табиий маҳсулотларни истеъмол қилиб, танага дам берганимиз яхши. Тўғри, жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан сўнг бундай ичимликлар истеъмолидан одам чарчоқ ҳиссини туймаслиги мумкин, аммо ушбу ичимликлар чарчоқни йўқотмайди, балки уни ортга суради. Ичимлик таъсири ўтгандан кейин эса чарчоқ ҳисси икки баробар ортишини кўпчилигимиз билмаймиз. Шундай экан, сунъий воситаларнинг меъёрдан ортиқ истеъмоли ҳаёт тарзига жиддий зарар етказишини асло унутмаслик лозим. Хулоса эса ўзингиздан…

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

Информеры