2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН ОЧИҚ КУБОГИ БАҲСЛАРИ

армия спортчилари ғолиблар сафида

Пойтахтимиздаги Республика олий спорт маҳорати мактабида енгил атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги баҳслари ўтказилди. Дунёнинг саккиз мамлакати вакиллари қатнашган мусобақада MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзолари ҳам иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олишди.

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги баҳслари нафақат юртимиз миқёсида, балки дунё айвонида, айниқса, Марказий Осиёда ўзига хос нуфуз ва салоҳиятга эга халқаро турнир. У, аввало, Халқаро енгил атлетика федерацияси (ИАФФ)нинг нуфузли мусобақалар тақвимидан жой олганлиги билан аҳамиятли. Шу боис спортчилар учун бу йилги баҳсларнинг аҳамияти янада юқорироқ бўлди, чунки улар бу гал келаси йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпиада ўйинларига тақдим этилувчи рейтинг очколари учун ҳам майдонга чиқишди.

Мамлакатимиз Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ), енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилган бу галги Ўзбекистон очиқ кубоги баҳсларида Австралия, Саудия Арабистони, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган 500 дан зиёд спортчи иштирок этиб, ғолиблик ва рейтинг очколари учун кураш олиб боришди.

Мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг тўлиқ таркиби билан қатнашди. Терма жамоамиз таркибидан Надеж­да Дўсанова, Суҳроб Хўжаев, Жалолиддин Ҳамроқулов, Евгений Фадеев сингари етакчи атлетларимиз ўрин олганлиги мусобақага бўлган қизиқишни янада орттирди. Қолаверса, Ўзбекистон очиқ кубоги баҳсларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан жамоалар ўз омадини синаб кўришди.

Мухлислар MVSK аъзолари юртимиз терма жамоасининг етакчи атлетлари эканлигини яхши билишади. Мазкур мусобақа буни яна бир бор тасдиқлади. Жумладан, баландликка сакраш бўйича хотин-қизлар ўртасида мамлакат ҳамда Осиё рекордчиси лейтенант Надежда Дўсанова (мухлислар уни яхши кўришганлари учун содда тарзда Надия дея аташади) бу сафар ҳам ҳеч кимга имконият қолдирмади – 1-ўринни эгаллаб, олтин ­медаль билан тақдирланди ва «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари учун қимматли рейтинг очколарига эга бўлди.

Ўтган йили ёз чилласида ўз маҳорати билан ярқ этиб порлаган – Латвия ва Швецияда ўтказилган халқаро турнирларда найза улоқтириш бўйича кумуш медалларни қўлга киритган MVSK аъзоси Бобур Шокиржонов бу галги Ўзбекистон очиқ кубоги баҳсларида ҳам юлдуздек чарақлади ва «Токио – 2020»га бориш ишқида эканлигини намойиш этди. Унинг маҳоратига юртимиз вакилларидан ташқари узоқ Австралия ёки Марказий Осиёдан ташриф буюрган маҳоратли найза улоқтирувчилар ҳам тенг келолмади – MVSK аъзоси 1-ўринни эгаллади.

Босқон улоқтириш баҳсларида ҳам MVSK вакили ғолиб чиқди – Қуролли кучлар хизматчиси Суҳроб Хўжаев рақибларига ҳеч бир имконият қолдирмай, олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, MVSK аъзоси Тамила Қўчқорова 10 минг метрга югуриш баҳсларида муваффақият қозонган бўлса, 4х100 метр масофа бўйича эстафетада MVSK тўртлиги марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди.

Армиямиз спортчиларидан яна тўрт нафари совриндорлар сафидан жой олди. Уч ҳатлаб сакраш бўйича Ислом Сибагатуллин, баландликка сакраш бўйича Вадим Чикалов кумуш медални қўлга киритди. Ядро улоқтириш бўйича MVSK етакчиси Максим Мутасов бу гал бронза медаль билан кифояланди. Шундай қилиб, MVSK енгил атлетикачилари Ўзбекистон очиқ кубоги баҳсларининг 5 та олтин, 2 та кумуш, битта бронза, жами 8 та медалларига эгалик қилишди ва ўзлари учун ўта зарур ҳисобланган «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинларига бериладиган қимматли рейтинг очколарига эга бўлишди.

Австралия, Саудия Арабистони, Малайзия ва Марказий Осиё атлетлари қатнашган мусобақада юртимиз спортчилари яхши натижаларга эришишди. Турли масофаларга югуриш баҳсларида ҳамюртларимиздан Шоҳсанам Хуррамова, Нигина Шарипова, Вероника Гришина, Жалолиддин Ҳамроқулов ва Евгений Фадеев марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди.

Найза, босқон ва ядро улоқтириш бўйича хотин-қизлар ўртасидаги баҳсларда Наргиза Қўчқорова, Регина Адашбоева, София Бурхонова шоҳсупанинг биринчи поғонасига кўтарилган бўлса, эркаклар баҳсида Достон Ражабов ғолибликни нишонлади.

100 метрга тўсиқлар оша югуришда ёш атлетимиз Валентина Кибальникова ғолиб чиқди. 10 минг метрга спортча юришда Муштарий Тошева олтин медални қўлга киритди. Узунликка ва баландликка сакрашда Алина Яблокова ҳамда Никита Логинов ўз истеъдодларини намойиш қилиб, шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди.

Енгил атлетикачиларимизга келгуси мусобақаларда ҳам муваффақиятлар тилаб, «Асло бўшашманг, келаси йили Токио шаҳрида ўтадиган XXXII ёзги Олимпиада ўйинлари сари олға», деб қоламиз.

Расул ЭРМУҲАММАД

 

Информеры