2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ХАЛҚАРО ТУРНИРДА

ёхуд дунё биринчилигига кимлар боради?

Айни кунларда Россиянинг Грозний шаҳрида бокс бўйича Чеченистон Республикаси биринчи президенти Аҳмат-Ҳожи Қодиров хотирасига бағишланган XI халқаро турнир ўтказилмоқда. Унда юртимиз, жумладан, MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) боксчилари ҳам иштирок этяпти.

Халқаро турнир келгуси ойда, аниқроғи 7 – 21 сентябрь кунлари Россиянинг бошқа бир шаҳри – Екатеринбургда бўлиб ўтадиган дунё биринчилиги олдидан баъзи терма жамоалар мураббийларига бир қатор шогирдларини кўрикдан ўтказиб олиш имкониятини ҳам бермоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси Грознийга мураббий Тўлқин Қиличев бошчилигида 11 нафар боксчи билан борди ва уларнинг 5 нафари MVSK аъзоларидир. XI халқаро турнирда қуйидаги боксчиларимиз қатнашяпти: Фозилжон Абдумуродов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг, MVSK), Элнур Абдураимов (-63 кг), Жаҳонгир Раҳмонов (-69 кг), Маҳмуд Ғойипов (-75 кг), Баҳромжон Фозилов (-75 кг, MVSK), Козимбек Мардонов (-81 кг, MVSK), Мадиёр Саидраҳимов (-91 кг, MVSK), Баҳодир Жалолов (+91 кг) ва Обиджон Тоҳиров (+91 кг, MVSK).

Турнирнинг дастлабки кунги жанглари боксчиларимиз учун муваффақиятли бўлди. 60 килограммгача вазн тоифасида рингга чиққан MVSK аъзоси Шунқор Абдурасулов исроиллик Сабар Бишарани катта устунлик билан мағлуб этди.

MVSKнинг икки вакили – Козимбек Мардонов (-81 кг) ва Мадиёр Саидраҳимов (-91 кг) учун илк ринг жанглари мураккаброқ кечди. Чунки уларнинг рақиблари россияликлар бўлди. Шунга қарамай, боксчиларимиз ғалабани уддалашди – Козимбек мезбонлар вакили Ришат Бакировни, Мадиёр эса Салах Муцулхановни енгиб, иккинчи даврага йўл олди. Шунингдек, ҳамюртларимиздан Элнур Абдураимов россиялик Эмир Басировдан, Тимур Эргашев польшалик Витольд Лисекдан устун келди.

Халқаро турнирнинг иккинчи куни MVSK аъзоси Обиджон Тоҳиров (+91 кг) россиялик Магомед Тимерсултановга, унинг клубдоши Баҳром Фозилов (-75 кг) россиялик Константин Мишечкинга қарши рингга чиқди. Бу жанглар ва халқаро турнир якуний натижалари хусусида газетамизнинг келгуси сонида батафсил маълумот оласиз.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби Грознийдаги халқаро турнир якунланмасдан туриб, 7 – 21 сентябрь кунлари Екатеринбург шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи 8 нафар боксчимиз номини маълум қилди, уларнинг уч нафари MVSK чарм қўлқоп усталаридир.

Марат Қурбонов бошчилигидаги терма жамоамиз мураббийлари таркибидан MVSK мураббийи Баҳодир Эркаев ҳам ўрин олган.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры