2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НОРВЕГИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Конституцион монархия давлати ҳисобланувчи Норвегия қироллиги Шимолий Европада, аниқроғи Скандинавия яриморолининг ғарбий ва шимолий қисмида жойлашган. НАТОга аъзолик, АҚШнинг альянс имкониятларини янада кенгайтириш ва унга глобал ташкилот мақомини бериш борасидаги ҳар қандай ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Норвегия ҳарбий сиёсатининг энг муҳим устуворликлари қаторидан жой олган.

Ҳарбий раҳбарият фикрига кўра, НАТО нафақат  миллий ҳудудни ҳимоя қилишда ёрдам беради, балки Норвегия учун иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган Арктика минтақасида ҳам мамлакатни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирги даврда амалга оширилаётган ҳарбий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари 2016 йилда мамлакат ҳукумати томонидан қабул қилинган «2017 – 2020 йиллар мобайнида Норвегия Қуролли Кучларини қуриш ва уларни истиқболда янада ривожлантириш режаси» ҳамда Мудофаа вазирлиги томонидан 2019 йил февралида тайёрланган «2019 – 2026 йиллар мобайнида мудофаа соҳаси учун мўлжалланган харидлар режаси»га асосланади.

Миллий хавфсизликни таъминлаш тизимининг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланувчи Норвегия Қуролли Кучлари таркибига Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучлари, мудофаа штаби, оператив қўмондонлик, хемверн (ҳарбийлаштирилган номунтазам ташкилот) ва махсус операциялар кучларининг бирлашган қўмондонлиги киради. Қуролли Кучлар шахсий таркибининг умумий сони 18,5 минг киши, шу жумладан, 5 минг нафардан ортиқ фуқаро хизматчиларни ташкил этади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Норвегия Қуролли Кучларининг энг кўп сонли тури бўлиб, умумий сони 8 минг кишидан зиёд. Бу турдаги қўшинлар таркибига бошқарув штаби, «Шимол» механизациялашган бригадаси,  «Сёр-Варангер» жанговар батальон гуруҳи, қироллик гвардиясининг пиёдалар батальони, марказга бўйсунувчи қисм ва бўлинмалар киради. «Шимол»  механизациялашган бригадаси таркибида 4 та батальон (2 та мотопиёдалар, бронетанк ва разведка) ҳамда артиллерия дивизиони бор. шунингдек, унинг таркибига муҳандислик, тиббий санитар, таъминот, алоқа батальонлари ҳамда штаб ва ҳарбий полиция роталари киради. «Сёр-Варангер» жанговар батальон гуруҳи уруш даврида мамлакатнинг шимолий ҳудудлари мудофаасига жавоб беради, тинчлик даврида эса Россия билан қуруқликдаги чегараларда патруллик, қўриқлаш ва мудофаа қилиш каби вазифаларни бажаради. Қироллик гвардиясининг пиёдалар батальони қирол оиласи аъзоларини, қирол саройи ва шаҳар ташқарисидаги резиденцияларни қўриқлаш, Норвегияга ташриф буюрадиган чет эллик давлат арбобларини кузатиб бориш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилиш учун мўлжалланган.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшинлар ташкилий жиҳатдан бош­қарув штаби ва 4 та авиация қанотидан ташкил топган бўлиб, улар ўз вазифасига кўра жанговар ва ёрдамчи авиацияга бўлинади. Улар таркибидан жанговар самолётлар эскадрильяси, 2 та ёрдамчи авиация эскадрильяси, 4 та вертолёт эскадрильяси, ўрта масофаларга мўлжалланган «Насамс-2» русумли зенит-ракета комплекслари дивизиони ва RBS-70 типидаги кўчма зенит-ракета комплекслари жой олган.

Ҳарбий ҳаво кучлари таркибида 3 минг киши бўлиб, уларнинг 1000 нафарга яқинини муддатли хизмат ҳарбийлари ташкил этади. Бу турдаги қўшинларнинг жанговар имкониятларини янада ошириш мақсадида АҚШнинг «Локхид-Мартин» компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган F-35 русумли янги авлод қирувчи самолётлари (52 та), P-8A «Посейдон» русумли патруль авиацияси самолётлари (5 та), NH-90 (14 та) типидаги жанговар ҳамда қидирув-қутқарув ишлари учун мўлжалланган EH101 (16 та) типидаги янги вертолётлар харид қилиниши режалаштирилган.

Ҳарбий денгиз кучлари

Умумий сони 3,5 минг кишидан зиёд бўлган Ҳарбий денгиз кучлари ташкилий жиҳатдан бошқарув штаби, тактик қўмондонлик, соҳилни қўриқлаш хизмати, шунингдек, марказга бўйсунувчи бошқа қисм ва муассасалардан иборат. Тактик қўмондонлик оператив бирлашма бўлиб, унинг таркибига 5 та тактик гуруҳ – сувости кемалари, фрегатлар, мина-трал кучлари, ракета катерлари ҳамда моддий-техник таъминот кучлари киради. Ҳарбий денгиз кучларининг жанговар имкониятларини янги кемалар қуриш ва мавжуд кемаларни замонавий қуроллар ва ҳарбий техника билан таъминлаш орқали янада ошириш кўзда тутилган. Жумладан, 2025 – 2030 йиллар мобайнида ҳозирда фойдаланилаётган «Ула» типидаги 6 та сувости кемасини 4 та янги авлод кемалари билан алмаштириш режалаштирилган.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры