2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ОИЛА БЕКАСИ – ПАРАЛИМПИАДА СОВРИНДОРИ

Улар билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 18-сонли мусиқа ва санъат мактабида Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари учун ўтказилган тадбирда танишгандик. Ўшанда кўксида бир шода медаль, қўлида диплом ва кубок ушлаб, ийманибгина турган аёл эътиборимизни тортганди.

Кейин билишимча, бу аёл капитан Бобур Собировнинг турмуш ўртоғи, 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпиада ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, бронза медални қўлга киритган Турсунпошша Нурметова экан. (У шу куни тадбирнинг ҳурматли меҳмони бўлган эди). Бу хабарни эшитиб қувониб кетдик. Ахир ҳарбий оила бекалари орасида Паралимпиада совриндори борлигини ким ўйлабди, дейсиз. Шундай қилиб, Бобуржон ва Турсунпошша билан шу куни яқиндан танишдик ва дилдан суҳбатлашдик.

Поездда куртак ёзган муҳаббат

– Турсунпошшани илк бор поездда кўриб, ёқтириб қолганман, – дейди Бобуржон кулимсираб. – Бу воқеага ҳам 5 йилга яқин вақт бўлибди. Ўшанда хизмат таътилимни тугатиб, Хоразмдан қайтаётгандим. Турсунпошша эса мусобақада иштирок этиш учун Тошкентга келаётган экан. Битта купеда келдик. Аввалига суҳбатимиз қовушмаган. Лекин биласиз, йўл олис. Олис йўлда вақтни ўтказишнинг бирдан-бир йўли – ҳамроҳингиз билан суҳбатдош бўлиш. Аммо тортиниб, ийманиб турган қиз билан ҳадеганда чиқишиб кетолмадим. Сўраб-сўраб унинг спортчи эканлигини билиб олдим. Қайси туманданлиги, оиласи ҳақида ҳам суриштирдим. Ишқилиб, Тошкентга етиб келгунимизча бир-биримиз ҳақимизда анча маълумотга эга бўлиб улгурдик (кулади). Кейинчалик телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турдик. Ўртадаги самимий ҳурмат вақт ўтиб, муҳаббатга айланди. Мен уни умр йўлдошиликка танладим!

Турсунпошша билан тақдир йўлларимиз бирлашганидан хурсандман. Албатта, ҳар бир инсон  ўзи орзу қилган инсон билан оила қуришни истайди. У – менинг орзуимдаги аёл. Хушмуомала, ширинсўз, пазанда, меҳрибон. Ҳар доим яқинларимнинг ҳурматини жойига қўяди… Уни узоқ таърифлашим мумкин. Энг асосийси, биз бир-биримизни севамиз. Мана шу эзгу туйғу сабаб бахтли яшаб келяпмиз.

Бахтга лойиқлик

– Севгини оиланинг мус­таҳкам пойдевори дейишади. Ҳақ гап. Чунки мана шу туйғунинг бирлиги сабаб қурилган оилаларда бу ришта йиллар ўтиб, меҳр туйғуси билан янада мустаҳкамланади. Мен меҳр-муҳаббатни оила мустаҳкамлиги гарови, деб биламан. Бир-биридан меҳрини аямайдиган, бир-бирига елкадош бўлган эр ва хотин турмушда учрайдиган ҳар қандай қийинчиликларни матонат билан қўрқмасдан енгишга қодир бўлишади. Бу сўзларнинг исботини ота-онам, мен туғилиб ўсган оила мисолида кўрганман. Мен ҳам умрим давомида мана шундай ҳаёт кечиришга ҳаракат қиламан. «Тўкис бахтга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун инсон ана шу бахтга лойиқ бўлиши керак». Бу сўз отамнинг ҳаётдаги шиори. Улар бу гапни жуда кўп такрорлайдилар. Тўғри, авваллари ушбу гапнинг мағзини тушунмасдим. Бугун эса англагандек бўляпман. Демак, энг асосийси, яхши инсон, севимли оила бошлиғи, намунали ҳарбий хизматчи бўлишим керак.

Оилам – менинг бахтим

Ҳа, бир-бирига меҳр қўйган инсонларгина бир-биридаги сифатларни илғай оладилар ва уни қадрлайдилар. Оила бекаси Турсунпошшахон билан бўлган суҳбатда бу ҳаётий ҳақиқатга яна бир бор амин бўлдим:

– Ҳарбий йигитга турмушга чиқиш – ҳар бир қизнинг орзуси. Бироқ ҳарбий хизматчининг ҳаёт тарзига мослашиш осон  эмаслигини ўз турмушимда кўрдим, – дейди у, «Ҳарбий оила бекаси бўлиш қийин эмасми?» деган саволимизга жавоб берар экан. – Аввало ота-онанг, яқинларингдан йироқда бўлишнинг ўзи соғинчни  енгиш, оилавий муаммоларда маслаҳатгўйларингсиз тўғри хулоса чиқариш, рўзғорни эгаллаган тажрибага таяниб бош­қариш каби бир қатор турмуш синовларига рўбарў қилади, сизни. Бунда албатта, сабр, бардош, қаноатнинг ўрни катта. Яна турмуш ўртоғингизнинг руҳан тиргаклиги ҳам сизга куч беради. Бу борада турмуш ўртоғимдан миннатдорман. Улардан ўрганганларим кўп. Улар оғир-босиқ, мулоҳазали инсон. Мени авайлайди, кўнглимга қарайди. Мен ҳам уларнинг бу эътиборига ва ғамхўрлигига муносиб бўлишга, хизматларини намунали ўташлари учун руҳан мадад беришга ҳаракат қиляпман.

«Биз спортни севамиз»

– Турмуш ўртоғим ҳам спорт билан шуғулланишни яхши кўради. Шунинг учун ҳам менинг спорт билан шуғулланишимга ҳеч ҳам қаршилик қилмаган. Аксинча, доим мени қўллаб-қувватлаб келган. Айни вақтда ҳарбий хизматчиларнинг спортга иштиёқманд фарзандлари учун дзюдо бўйича маҳорат дарслари ўтяпман. Болаларнинг спортга қизиқиши кучли. Бу менга улар билан янаям кўпроқ машғулот ўташга ундаяпти. Мақсадим – мана шу ёшлар орасидан кучли спортчилар етиштириш. Қачонки, улар Ватанимиз байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтарганда, мен ўзимни устоз сифатида улкан ютуққа эришдим, деб биламан. 

Биз оила беги ва бекасининг самимий фикрларини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Сезган бўлсангиз, унинг сўзларида меҳр-муҳаббат тафти бор. Мана буни севги деса, муҳаббат деса бўлади. Аслида севмоқ – бахт! Севилмоқ – бахт! Шундай тўкис бахт барчага насиб этишини истаймиз.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры