2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ШИФОКОРЛАР ТАЖРИБА АЛМАШДИ

Жорий йилнинг 26 – 29 август кунлари Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида АҚШ Қуролли Кучлари тиббиёт мутахассисларининг ҳарбий шифокорларни тайёрлаш юзасидан тажриба алмашиш бўйича ўқув курслари ўтказилди.

АҚШ Қуролли Кучлари мутахассиси Кристофер Хейр бошчилигидаги делегация дастлаб тиббиётнинг тор мутахассисликлари бўйича амалий машғулотлар олиб борди. Хусусан, шахсий таркиб саломатлигини сақлаш борасида тиббий хизмат тадбирларини амалга ошириш, табобат оламидаги янги даво чоралари, усул ва услубларини татбиқ этиш, замонавий диагностик-лаборатория амалиётини қўллаш борасида услубий тавсиялар берилди.

Хусусан, нейрохирургия бўйича тажрибали мутахассис Брайан Каррининг «Жанговар жароҳатлар» мавзусидаги тақдимоти ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Унда очиқ ва ёпиқ жароҳатлар, тешиб ўтувчи ўқотар қуроллардан яраланганда, бош мия ва орқа мия шикастланишини самарали даволаш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Жанговар ҳаракатлар вақтида мия жароҳати даражасини баҳолашда «Глазго кома шкаласи» жуда қўл келади, – дейди нейрохирург Брайан Карри. – Мазкур шкала учта мезондан иборат бўлиб, бунда даставвал беморнинг кўзи очиқлиги, мулоқотга киришиш ва ҳаракатланиш ҳолатига эътибор қаратилади. Ушбу учта омил тиббиёт ходимининг дастлабки ҳолатданоқ тўғри муолажа олиб боришида энг муҳим жиҳат сифатида баҳоланади.

Шунингдек, умумий жарроҳлик, анестезиология-реаниматология соҳасининг усталари Дебра Малон, Кристофер Нил ва Стефани Лоурент ўз касбий маҳорат ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

– Ушбу ўқув курсидан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат, – дейди Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдулаҳадов. – Ўқув курсларида ҳарбий шифокорлар тиббиётдаги янгиликлар ҳамда назарий ва амалий кўникмаларга эга бўлди.

Семинар-тренингларда тиббиёт ходимлари делегация вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Ўқувлар якунида курс тингловчиларига сертификатлар топширилди.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры