2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАР ЮРАКДА ВАТАН СИЙРАТИ

Хабарингиз бор, юртимизда ҳар йили август ойининг учинчи якшанбаси Ҳаво флоти куни сифатида нишонланади. Ушбу касб байрамининг шукуҳи диллардан ҳали-ҳануз аригани йўқ.

Чирчиқ аэродроми. Ўзига хос авиа-шоу. Энг янги русумдаги жанговар самолёт ва вертолётлар ҳавога кўтарилиб, бирин-кетин самода парвоз этади. Айниқса, улар Ватанимиз байроғини бошинг узра ҳилпиратиб учганда, беихтиёр юрагинг ҳаприқиб кетади. Парвозни муваффақиятли адо этиб қайтаётган ҳарбий учувчиларни Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари касб байрами билан самимий қутлайди. Қутланганларнинг юзига ажиб табассум инади.

– Ўғлим Арслонбек болалигидан учувчи касбига меҳр қўйган, – дейди Тошкент ҳарбий округидаги ҳарбий қисмнинг техник таъминлаш батальони катта механиги кичик сержант А. Шодиқуловнинг онаси Зулхумор Ҳафизова. – Бугун фарзандимнинг ана шу орзуси ўзи билан бирга кўкда парвоз этаётганини кўриб, бениҳоя қувонаман. Ҳозир худди ўқувчилик кезларида мактабда чизган суратлари мисол баланд-баланд тоғлар, парқу булутлар оралаб, самода тинчлигимизни қўриқлаяпти. Ниятим, ҳар юракда Ватан ва ватанпарварлик сийрати акс этсин!

Дилшод ШУҲРАТ ўғли

 

Информеры