2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН БЎЛМАС ВАТАНДАН ТАШҚАРИДА

Қарийб йигирма беш кун давомида бешинчи халқаро армия ўйинларининг Россия Федерациясида бўлиб ўтган мусобақалар жараёнида бевосита иштирок этиб, ёритиб бориш вазифаси юклатилди. Ишимиз асосан рус ўлкаси пойтахти ҳисобланмиш Москва шаҳри ва вилоятида бўлди. Тараққиёт ҳар қадамда ўз сўзини айтиб турган у юртда хизмат вазифангни тўла-тўкис адо этиш учун шарт-шароит етарли. Ҳамма нарса муҳайё, фақат Ватандан бўлак...

Хизмат сафаримиз ҳали-бери тафти кетмаган жазирама июль ойининг адоғида бошланди. Юқори намлик ва салқин ҳаво «Внуково» аэропортидан тушишимиз билан ўпкани тўлдирди. «Оҳ, қандай яхши, сўнгги 140 йил ичидаги энг иссиқ ёзни мана шундай салқингина жойда ўтказар эканмиз, маза!» Мардликми, номардликми, шу гап хаёлдан ўтди. Чунки ўзим бир гапни кўп такрорлаб юрардим: «Ҳақиқий капитан чўкаётган кемани ташлаб қочмайди!» Мен капитан эмасдирман, лекин бу даҳри дун дарёсида елканини баланд кўтариб, гоҳ шамол йўналишида, гоҳ довулларга чап бериб, чайқалиб сузиб бораётган Ўзбекистон деган кемада бир матрос эканлигимни ич-ичимдан ҳис қиламан.

Иқрорман, шоирнинг «Уч кунда соғинсам нима қилайин...» деган сатрини ўқиб, қўйсангизчи, деган гап ҳам хаёлимдан ўтган. Индамасанг калга, ўзи келар ҳалга, дерди бобом раҳматли. Мана, ҳалга келдим. Уч кун ўтмади, кўнгилда қандайдир бўшлиқ, ғашлик, нималарнидир қўмсаш... Аввалига ўзим англаб-англамай, кейин чақмоқ урди гўё, худди инсоният учун муҳим бир сирдан воқиф бўлгандек сесканиб кетдим – она Ватанни қўмсай бошлагандим. Шеригимга тикиламан, у ҳам ғалати кайфиятда бир нуқтага тикилиб ўтирибди. Кўнгил ёзай десанг, томошабоп шаҳар; унинг устига иш ҳажмининг кўплиги бемалол ўй суришга ҳам қўймайди. Таскин топдик охир. Нима бўлганда ҳам, қаерда бўлмайлик, бобо юрт хизматидамиз.

Меҳмонхонага борганимизда хонамизни кўрсатган ходим очиқ чеҳра билан кутиб олди: Ассалому алайкум, акалар! «Ваалайкум ассалом» деб ўтиб кетдиг-у, сал ўтмай ортимизга қайтдик.

– Ҳозир сиз салом бердингизми?

– Ҳа, мен, – ширин жилмаяди у.

– Ўзбекчани биласизми?

– Ўзбекман.

– Ие, – қайтадан кўришамиз. «Ўзбекистон қале?» Биринчи саволи шу бўлади. Зўр, деймиз. Болалигида оиласи билан кўчиб келган экан. Айтишича, ўзбекларни, Ўзбекистонни жуда соғинибди. Кўзларидаги юрт соғинчини идроким сўнгунча унутмасам керак...

* * *

Мусобақалар ҳам бошланиб кетди. Диққат марказимизда «Танк биатлони»да илк бор иштирок этаётган вакилларимиз. Ўзгача муҳит, айрича об-ҳаво, минглаб кўз қаршисида жанговар техникани моҳирлик билан бошқариш, белгиланган шартли нишонларни  яксон этиш, маррага имкон қадар қисқа вақт ичида етиб келиш масъулияти экипаж аъзолари-ю, мураббийлар штабидан тортиб, бизни-да қуршаб олган. Зафар қучсанг, хўп-хўп, дилингдаги бор яхши гапларингни тўкиб соласан. Борди-ю, мағлуб бўлсанг-чи! Йўқ-йўқ, мағлубият бизга ярашмайди!

Ҳар бир жанг олдидан устозлар тўлиқ таркиб билан қисқа суҳбат ўтказади. Унда, жумладан, шундай дейилади:

– Йигитлар, биз сизга ишонамиз. Сиз ўзингизга, тажрибангизга, Худога ишонинг! Ватан шонини кўтаринг! Сизда шундай масъулият ва имкон бор. Бутун Ўзбекистон кўз тикиб турибди! Ишончни оқланг! Худо ёр бўлсин, Оллоҳу акбар! – юзларга фотиҳа тортилганча «бисмилло» билан стартдан ҳаракатланган йигитларимиз якунда ўз сўзини айтди. Илк иштирок, энг яхши натижа, энг олий ўрин!

Рақибларимиз (майли, номларини санаб ўтмайман) неча ойлардан бери Алабино полигонида тайёргарлик кўрган, мусобақа бўладиган ҳудуднинг ҳар бир қаричини беш қўлидек билади. Уларнинг ҳар бирига рус офицерларидан алоҳида-алоҳида мураббийлар тайинланган. Шу боис турли-турли усуллар билан ғолиб бўлишга ҳаракат қилади. Бугун ярим финал босқичидан ўтолмаган қайсидир жамоа эртанги финал баҳсида «англашилмовчилик», «техник носозлик» сабаб мусобақага қайта кириб келади. Майли, дейсан, кўз юмасан. Ўзингга ишонасан. Ватан ишончи, буюк боболар руҳи таскин бағишлайди!

* * *

«Дўстлик уйи»да иштирокчи давлатлар қатори юртимиз кўргазмаси ҳам ташкил этилган эди. Миллий либосларимиз, ўзбекона турмуш тарзини ифода этувчи муҳит, кўргазмали буюмлар, буларнинг бари Ўзбекистон ҳақида илиқ тасаввур ва таассурот берарди. Рус, қозоқ, қирғиз, туркман, бошқирд ва бошқа кўплаб миллат вакиллари бу кўргазма олдидан кета олмас, биз билан янаям кўпроқ суҳбатлашишга интиларди. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда туғилган, таҳсил олган ва тақдир тақозоси билан ўзга юртларда яшаб қолган кишилар эди. Ўзини Александр деб таништирган киши рафиқаси билан атай келибди. «Ўзбекистонга боргандай бўлдим», дейди бечора. Монитордаги юртимиз манзараларини томоша қилган янга Александр акадан бизнинг гувоҳлигимизда баҳорда Ўзбекистонга обориш ваъдасини олди. Ҳаммамиз қувондик.

Машинага чиқиш тараддудидамиз. Чамаси эллик ёшлар атрофидаги эр-хотин узр сўраб ёнимизга келди.

– Кечирасиз, сизлар Ўзбекистондансизлар-а?

– Ҳа, – деймиз.

– Мен Ўзбекистонда туғилганман, асли учқудуқликман. Сизлар билан суратга тушсам майлими? – дейди-ю, турмуш ўртоғига фотоаппаратини тутқазади. Суратга тушиб бўлгач, бизникилар аёлга асл адрасдан тикилган шарф совға қилишди. Бечоранинг эси чиқиб кетай деди. Қувончи бутун бўлсин, деб телефонимдан «Ялла» гуруҳининг «Учқудуқ» қўшиғини топдиму, баланд овозда қўйиб бердим. Таниш ва қадрдон оҳангдан маст бўлган аёл титраб кетди. Чуқур миннатдорлик билдириб, мамнун йўлида давом этди. Биз ҳам сўзсиз, жим кетамиз.

Ҳа, бизнинг кичкина соғинчларимиз у инсонларнинг кўнглидаги армонли соғинч олдида ҳеч нарса бўлмай қолиши тайин. Нима бўлганда ҳам юртни севган, уни соғинган, ватандошлари ҳақида қайғура оладиган инсонларнинг борлигидан ва энг муҳими, Ватанинг борлигидан қувонасан.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры