2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЕЛАЖАККА ҚЎЙИЛГАН ТАМАЛ ТОШИ

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган «Энг илғор мутахассис» танловининг II босқичи «Мен ғолиб!» шиори остида кечди. Унда 13 йўналиш бўйича ғолиблар номи аниқланди.

Муддатли ҳарбий хизматчилар ҳар бир йўналишда муросасиз баҳслашган ҳолда бир-бирларидан қолишмасликка ҳаракат қилиб, билим ва маҳоратларини намойиш этди. Ўқотар қуроллардан нишонга отиб, имтиҳон топшириш билан бир қаторда, жисмоний тайёргарлик ва назарий билимлар бўйича ҳам синовлар ўтказилди. Айнан жисмоний тайёргарлик ҳамда назарий билимлар эвазига эришилган натижа ғолибликни қўлга киритишда асқатди.

3 000 метрга югуриш мусобақасида ғолиб бўлган Сирож Бобоқулов турникка тортилиш беллашуви ғолиби Исломбек Боймуродов билан «Энг илғор танк нишонга олувчиси» йўналишида ўзаро кураш олиб борди. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар ғолиблик учун «Энг илғор мерган», «Энг илғор гранатомётчи», «Энг илғор АГС ҳисоби», «Энг илғор БТР ҳайдовчиси», «Энг илғор танк ҳайдовчиси», «Энг илғор сапёр», «Энг илғор зенит-ракета ҳисоби», «Энг илғор ПКМ пулемётчи», «Энг илғор РПК-74 пулемётчи», «Энг илғор БТР нишонга олувчиси», «Энг илғор танк нишонга олувчиси» ва бошқа йўналишларда ўзаро беллашди.

– Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган йигитларимиз мана шундай танловлар орқали ўзларининг тажриба ва маҳоратларини ошириб боришади, – дейди жанговар тайёргарлик бўйича масъул офицер подполковник Қодирбек Сарбаев. – Яъни ушбу танловда иштирок этиш орқали улар ўз келажакларига мустаҳкам тамал тоши қўядилар. Уларнинг келажакда мутахассисликлари бўйича муносиб хизмат қилиб, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини оширишга муносиб ҳиссаларини қўшишига ишонаман. Чунки зиммасидаги юксак бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар орасидан танловга энг муносиблари ажратиб олинади.

Бугун юртимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилаётган танлов ва мусобақалар «Мен ғолиб» шиори остида, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида бўлиб ўтмоқда. Жумладан, муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида «Фориш» тоғ полигонида ўтказилган «Энг илғор мутахассис» танлови давомида маҳаллий ёшлар баҳсларни кузатиш билан бир қаторда, ўзига хос унутилмас экскурсия иштирокчиларига ҳам айланишди. Улар ҳарбий қисмга қарашли тирда жанговар ўқ отиш қуроллари билан яқиндан танишдилар. Ўйлаймизки, «Мен ғолиб!» шиори остида ўтказилган мусобақаларнинг муросасиз баҳсларини кузатиш ва полигонга қилинган экскурсия форишлик ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида катта аҳамият касб этади.

Асрор РЎЗИБОЕВ

Информеры