2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУРСАНТЛАРНИНГ «КЎЗИ ПИШДИ»

Доно халқимизда «кўзи пишди» деган ибора бор. Бу азалдан меҳнату машаққатда суяги қотган, қийинчиликларни енгиб ўтган, бир сўз билан айтганда эса чин маънода йўл босган кишиларга нисбатан айтилган. Уларнинг кўзи пишган!

Олий ҳарбий таълим муассасаларининг биринчи курсига саралар ичидан саралаб олинган курсантлар ва Мирзо Улуғбек туманида жойлашган мактаб ўқувчилари учун Чирчиқ дала-ўқув майдонида ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар намойиши ва уларнинг амалий қўлланишига оид кўргазма ташкил этилди. Унда мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов иштирок этди. А. Икрамов ҳарбий хизмат машаққати, бу улуғ касбнинг саодати, юрт шаъни, Ватан қадри ҳақида тўхталар экан, курсантларга жумладан, шундай деди:

– Сиз танлаган йўл улуғ йўлдир. Касбингиз фахрингиздир! Ватанга хизмат нақадар шарафли эканлигини вақт ўтган сари ич-ичингиздан англаб бораверасиз. Бу йўлда сиздан талаб этиладиган бирдан-бир нарса шуки, кўпроқ ўқиб, кўпроқ билим эгаси бўлинг. Маҳоратингизни оширинг, Ватанга садоқат билан хизмат қилинг!

Курсантлар аввал ҳарбий техникалар, ракета-артиллерия қуроллари, ўқотар ва гуруҳ қуроллари, вертолётлар ва авиация қуроллари намуналари билан танишди. Шундан сўнг ҳарбий техника ва ўқотар қурол-аслаҳаларнинг жанговар имкониятларининг амалий намойиши уюштирилди.

Курсант ва ўқувчилар Ўзбекистон армиясининг салоҳияти, куч-қудрати ва ҳарбий хизматчиларнинг жанговар қобилияти ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлишди. Юқори курс курсантлари томонидан яксон этилган ҳар бир шартли нишон улар томонидан қизғин олқишланди.

Полигондан қайтиш пайтимиз пойтахтимиздаги 187-мактабнинг 7-синф ўқувчиси «Барс патриот» ҳарбий-ватанпарварлик клуби аъзоси Даврон Аҳмаджонов ўз истагини айтиб қолди. У тезроқ армия ёшига етиб, шу сафга қўшилишни истаяпти.

Бир сўз билан айтганда, мазкур амалий кўргазма курсант ва ўқувчиларнинг кўзини пиширди. Кўзи пишганнинг эса...

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры