2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТИЗИМ ЯНАДАТАКОМИЛЛАШТИРИЛАДИ

Қуролли Кучлар академиясида ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштириш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ҳарбий соҳага ихтисослаштирилган барча олий таълим муассасаларининг масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишни мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов кириш сўзи билан очиб, ҳарбий таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш, янгилаш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, машғулотлар жараёнида илғор тажрибалардан фойдаланиш, тарбиявий ишларни олиб боришда миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, вазир ўринбосари олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг илмий иш билан шуғулланишларини жадаллаштириш, курсантлар ҳамда тингловчиларни рационализаторлик ва ихтирочилик ишларига жалб этиш энг муҳим масалалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда, шунингдек, келгусидаги режалар, йўл қўйилган хато ва камчиликларни оқилона бартараф этиш чора-тадбирларини кўриб чиқиш таклифи билдирилди. Генерал-майор Азизбек Икрамов ҳарбий соҳага ихтисослаштирилган барча олий таълим муассасаларининг раҳбарлари олдига қисқа муддатлар ичида тизимни такомиллаштириш борасида режа ва таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кечиктирмасдан амалда қўллаш кераклиги ҳақида топшириқлар берди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 23 август куни таълим соҳасини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида эътибор қаратган долзарб масалаларни ҳарбий соҳада ҳаётга татбиқ қилишдаги илк қадамлардан бўлди.

Асрор РЎЗИБОЕВ

 

Информеры