2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИЙЎЛДА ЯНГИЛИК:

чақирилувчилар учун янги марказ

Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказлари ташкил этилди.

Мазкур қарор ижроси юзасидан Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузурида ана шундай марказ фойдаланишга топширилиши энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига ўзига хос тўёна бўлди.

Тантанали тадбирда мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, ҳарбий округлар қўмондонлари, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказлари директорлари иштирок этди.

Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассислик­лар бўйича ва фуқароларни оммавий техник касбларга сифатли тайёрлашни ташкил этиш, спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган марказда ўқитиш ҳайдовчи, чавандоз, алоқачи, ошпаз каби жами 6 та йўналиш бўйича олиб борилади.

Машғулот хоналари махсус тренажёр ва мосламалар, стенд ва ўқув қўлланмалари билан таъминланган. Электрон базага эга замонавий кутубхона, информатика асослари, ёш техниклар, авиамоделчилар хоналари ҳар қандай қизиқувчан курсант талабига жавоб беради. Техникага хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ишларини олиб бориш хоналарида ҳам иш қизғин. Чунки техника билан том маънода «тиллашиш» жойи айнан шу ер. Марказнинг спорт мажмуасида эса йигитларнинг жисмонан чиниқиши, яккакураш турлари билан шуғулланиши учун барча шароитлар муҳайё. Шунингдек, ёзги спорт ва футбол майдончалари марказ ҳудудини безаб турибди. Таълим жараёнига касбий малака ва педагоглик тажрибаси юқори мутахассисларнинг жалб этилгани машғулотларнинг сифатли ўтказилишида бош омил ҳисобланади.

Бу ерга республикамизнинг турли гўшаларидан қўмондонлик, ҳокимлик ва айниқса, марказлар раҳбарларининг таклиф этилгани бежиз эмас. Боиси, шиддат билан ривожланаётган замонда илғор тажрибалардан хабардор бўлиш, соҳа такомиллашувининг асосий тенденцияларини тўғри илғаш сув ва ҳаводек зарур. Меҳмонлар қисқа вақт ичида марказда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишишди. Ўзлари учун зарур қайдларни қилиб, вилоятлардаги марказлар фаолиятини янада яхшилаш борасида хулоса чиқардилар.

Тадбир давомида чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказлари ўртасида ўтказилган танловнинг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. «Энг яхши марказ», дея эътироф этилган мезбон жамоага кўчма кубок топширилди. Хоразм ва Фарғона вилоятларидаги айнан шундай марказларга иккинчи ва учинчи ўринлар насиб этди.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

Информеры