2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЕВРОПА ТААССУРОТЛАРИ, ВАТАН СОҒИНЧИ

(иккинчи мақола)

Мусофир бўлган инсон Ватан қадрини теран ҳис қилади. Юрт соғинчи улуғ дард эканлигини англаб етади. Негаки, Ватан сарҳадидан четга чиқдингизми, қилич-қалқонсиз аскарсиз, гўё. Она каби асраб турган Ватан қўрғони олисда. Ўзга дунё, ўзга инсонлар, ўзгача қонун-қоидалар қарши олади сизни.

Мамлакатимиз ривожланишга юз тутган сари сайёҳлик сафарларига кенг имконият яратилди. Мен аввалги мақоламнинг давоми сифатида дунё сайёҳларини ўзига мафтун этган Австрия пойтахти Вена шаҳри ҳақида яна сўз юритмоқчиман. Вена халқаро йиллик тадқиқотларга кўра, дунёдаги инсон яшаши учун энг қулай шаҳарлар рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келаётган муаззам гўша ҳисобланади.

Венанинг марказий қисми доимо сайёҳлар билан гавжум. Чунки бу ерда xıı – xv асрларга оид Стефан собори, барокко усулида қурилган Карл Борромео черкови, Шёнбрунн, Шварценберг, Шёнборн, Бельведер каби сарой ва бинолар сақланган.

Шунингдек, xıx аср ва хх аср бошларида қурилган модерн услубига оид тарихий биноларга дуч келасиз. Мусиқа санъат академияси, Л. Бетховен, Й. Гайдн, А. Моцарт, Ф. Шуберт ҳамда И. Штраус каби мусиқа олами даҳоларининг уй-музейлари бор. Ўн бешдан зиёд музей, кўргазма заллар ва саройларда бадиий санъатнинг нодир коллекциялари сақланади. Венада бир қатор халқаро ташкилотларнинг қароргоҳлари жойлашган.

Кўплаб чорраҳа ва бекатларда махсус мосламаларга қатор қилиб териб қўйилган газета ва журналларга кўзингиз тушади. Баъзилари текин бўлиб, баъзиларига нархи ёзилган ва пул ташлаш учун идиш ўрнатилган. Хоҳлаган газета ва журнални олиб кетишингиз, ўқишингиз мумкин. Белгиланган идишга пул ташлаш виждонингизга ҳавола. Реклама нашрлари эса, ҳар бир хонадон почтасига ҳар тонг текин тарқатилади.

Яна бир эътиборга молик ҳолат, бу шаҳар ўта озода. Каттаю кичик  чиқиндини асло ерга ташламас экан. Ҳатто шаҳар ҳудудини қамраб олган, доимо дам олувчилар ва сайёҳлар билан гавжум ўрмонларда  ҳам тозаликка риоя этилади.

Венада очиқ ҳолда қурилган савдо дўконлари йўқ. Шаҳар ичи ва унинг атрофига қурилган катта озиқ-овқат дўконлари хилма-хил маҳсулотлар билан тўла.

Кичик шаҳарчани эслатувчи, дунёга машҳур  компанияларнинг бренд кийим-кечаклари жой олган савдо дўконлари харидорлар билан гавжум. Ичида ҳамма қулайликлар яратилган бу бозор «шаҳарча»лар харидорларнинг барча қатламига манзур. Сиз харид қиласизми-йўқми, бу ҳашаматли савдо мажмуасига қадам қўйганингиз заҳоти баҳри-дилингиз очилади. Ташқаридаги каби баланд гўзал дарахтлар, анвойи гуллар, юмшоқ ўриндиқлар, тамаддихоналар кайфиятингизни кўтаради. Бироқ озиқ-овқат ва кийим-кечаклар бизга нисбатан анча қиммат. Бу аҳолининг яшаш даражасига қараб белгиланган, шубҳасиз. Лекин шаҳарда муҳожирлар ҳам етарли даражада.

Тамаддихона ва таомлар хусусида ҳам бир оғиз сўз. Бу сизни қизиқтиришига ишонаман. Шаҳарда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бир неча асрлик қадриятга эга, миллий анъана ва таомларни асраган ошхоналар мавжуд. Тамаддихона эгалари сизни албатта, миллий либосда қарши олади. Шу билан бирга, турли  миллатларга тегишли ошхоналар ҳам талайгина. Буларда денгиз жонзотларининг деярли барча туридан тайёрланган таомларни истеъмол қилишингиз мумкин. Бироқ шуни ишонч билан айта оламанки, ўзбек таомларининг мазасини энг ривожланган давлатларда ҳам топа олмайсиз. Ўзбек патирию палови ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бир қатор Европа давлатларида бўлганимда буни янада теран ҳис қилдим.

Австриядан Германияга йўл олдик. орадаги 800 км.лик масофа, яъни магистрал йўлнинг икки ёни ўрмон билан қопланган. Баъзан фермерларнинг дала майдонларига кўзингиз тушади. Буғдой, маккажўхори, кунгабоқарлар она юртни ёдга солади. Мени ҳаяжонга солгани, йўл четидаги дов-дарахтлар орасида тез-тез кўзга ташланадиган жийда дарахти бўлди. Тўғри, йўл қирғоғидаги тўқайзор ва ўрмон ичидаги дарахтларнинг деярли барчаси юртимизда мавжуд. Бироқ ҳар қандай шароитга чидамли, сермева, ранги ўзига хос, гуллаганда беҳишт ифори уфуриб турадиган жийдани миллатимга қиёслайман. Балки бу Ўзбекистонимиз жийданинг она замини бўлгани учундир. Не бўлганда ҳам, бу Ватанга бўлган соғинчимни юз баробар оширди, она юртга қайтишга шошилдим. Австрияда Ватан хизматида турган ўғлим, меҳрибон келиним ва жонга пайванд набираларим-да, бу соғинчнинг ўрнини боса олмади.

Истибдод йилларида жони ва авлодларини шўро зулмидан, бешафқат қатағондан асраш учун ўзга юртларга йўл олган юзлаб, балки минглаб миллатим вакиллари кўз олдимдан ўтди. Уларни муҳожирликда, юрт соғинчида қон ютганини тасаввур қилдим. Бир мақолада ўқигандим, араб давлатларидан бирида икки юз йилдан зиёд истиқомат қилаётган миллатимиз вакиллари ҳамон ижара ердан фойдаланар экан. Ҳатто муҳожир сифатида қабристонлари бошқа экан. Шуларни ўйлар эканман, беихтиёр мозийга қайтаман. Шўро истилочиларининг қатағонига учрашини билса-да, Ватанни ташлаб кетмаган боболарим қисмати кўз олдимдан ўтади:

…Кўпдан буён бемор ётган Шоаҳмад ака ўғли Муҳаммадюнусни олдига чақирди. Катта оиланинг асосий боқувчиси бўлмиш норғул йигит отасининг ҳолсиз қўлларини кафтига олди, кўзларига «бизни ташлаб кетманг», деган унсиз илтижо билан термилди. Ўғлининг деҳқончиликда пишган  бақувват қадоқ қўлларининг тафти, нигоҳидаги меҳр унга қувват бахш этгандек бўлди.  Айтмоқчи  бўлиб юрган насиҳатини, тўғрироғи васиятини узоқдан бошлади:

– Сўзимни бўлмай эшит, ўғлим. Бу сенга айтадиган энг муҳим гапларимдан бири, – қуруқшаган лабларини ҳўллаш учун чой ҳўплади Шоаҳмад ака. – Замон нотинч. Бир жойда ётган бўлсам ҳам,  юртда кечаётган нохушликлардан хабарим бор. Ҳол сўраб келгувчи дўсту ёрлар элнинг, қишлоқнинг эртанги куни ҳақида яхши гап айтишмаяпти. Истилочиларнинг зулми кундан-кун ошиб бораётгани учун Ватанни тарк этаётганлар кўпайиб бораётган экан. Бир томони қишлоғимиз қўшни давлатлар чегарасига яқинлиги сабаб, юртни ташлаб кетаётганлар ёғийлар зулмидан қочиб қутулишнинг осон йўли шу, деб ўйлашса керак. Бу ҳақда бежиз сўз очганим йўқ. Чунки бу савдо сенинг бошингга ҳам келиши мумкин. Негаки, ота-боболаримиз  катта ер эгалари бўлишган.  Шу сабаб биз ҳам шўроларнинг қора рўйхатига киритилганимиз аниқ. Ерларимизни топшириб, оддий деҳқонга айланганимиз билан менинг мадрасада ўқиганим, аждодларимизнинг мулкдор ва элга етакчи бўлгани оиламизни қоралашларига  бемалол асос бўлади.

 Шоаҳмад ака сўзи шу ерга етганда  елкасидан нафас олган кўйи ёстиққа ҳорғин бош қўйганча бир нафас тин олди. Муҳаммадюнус отасининг ҳоли қуриганини сезиб, ортиқча гап қўшмади, чой тутди. Қўлларини уқалар экан, нафас ростлаб, ўзига келишини кутди.

– Мен яшаб турганимда-ку, ҳаммасига ўзим балогардон бўлардим, – алам ва  надомат билан сўзини давом эттирди у. – Аммо бу калтак мендан кейин сенинг бошингда  синадиганга ўхшайди. Бу офатга чора топа олмаганимдан қаттиқ қайғудаман.

– Дада…

– Шошма, болам, сўзимни якунлаб олай, – чуқур хўрсинди Шоаҳмад ака. – Сенга айтадиган сўнгги васиятим шуки, қандай ҳолат бўлмасин, ўзгаларнинг маслаҳатига кириб, Ватанни ташлаб кетма. Бола-чақанг билан ўзга юртларда қўним топишинг мумкин. Лекин унутмагинки, ўзинг ва авлодингни бир умр ватангадоликка рўбарў қиласан. Ҳаётда юрт айрилиғидан, муҳожирликдан ортиқ азоб йўқ. Ватансиз инсон жонсиз танадек гап. Уни бегона юртнинг хоҳлаган одами тепкилаб ўтиши мумкин. Шу сабаб, ўзга элда сиғинди бўлиб яшаган инсонларни фақат армону фироқда ўтганини эшитганман. Бу азобга рўбарў бўлмаслик учун керак бўлса кураш, керак бўлса, жонингдан кеч. Аммо  асло Ватанни тарк этма. Ортда қоладиган авлодинг – илдизинг шу юртда кўкарсин, шу юртга эгалик қилсин. Чунки истилочиларнинг ҳукмронлиги ўткинчи. Ёруғ кунлар, албатта, қайтади…

Мен мана шу авлоднинг давомчиларидан бириман, яъни Муҳаммадюнус бобомнинг набираси. Катта бобомнинг орзуси рўёб бўлиб, авлодларимиз шу юртда униб-ўсди, Ватанга тиргак бўла оладиган инсонлар бўлиб камол топди ва бу анъана ўғил-қизларимизда давом этмоқда.

Хориждан қайтарканман, Она заминимизга қадам қўйган заҳотим қалбимни ўзгача шукуҳ ва шукроналик эгаллади. Шеърга муҳрлаган  соғинчим Ватан пойига тўкилди:

 

Ватан қолди олис-олисда,

Қарши олди ўзга ўлкалар.

Саёҳатим бошланмай туриб,

Соғинч юки дилни тилкалар.

 

Братислава, Вена, Будапешт,

Бир-биридан гўзал ҳар шаҳар.

Лек Ватанни қўмсаб, соғиниб,

Бедордирман, куну тун, саҳар.

 

Жилмайишар майин, самимий,

Ҳар чеҳрада ҳурмат мужассам.

Аммо бу юрт, бу эллар аро,

На ўрним бор, на дилга малҳам.

 

Ҳис қиламан, юз йил яшамай,

Бу ерларда аслим, наслим йўқ.

Водийнинг энг чеккасидаги,

Энам боққан қўйча қадрим йўқ.

 

Оҳ, Она юрт – малҳами жоним,

Ўзинг даво, ўзга дардим йўқ.

Оҳ, Она юрт – чин харидорим,

Ўзинг қадар севар мардим йўқ.

Зулфия ЮНУСОВА

Информеры