2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УРУШГА УКРАИНАДАН КЕТГАН ЎЗБЕКЛАР

Тарих улкан дарслик. Ундан ҳар қанча сабоқ олиш мумкин. Шу маънода олиб қараганда, машъум қатағондан олинадиган сабоқлар бизни мустақилликни янада мустаҳкамлашга, асраб-авайлашга, огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундаб туради.

Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан бир мавзуни ўртага ташласак. Бу ўзбек тарихшунослиги тадқиқ этишини кутаётган масала. Яъни 1930 йилда қулоқ қилинган ўзбекларнинг иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси.

Қўлимизда Рустамбек Шамсутдиновнинг «Ўзбекистонда советларнинг қулоқлаштириш сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари» номли китоби. Олим бу масалани баҳоли қудрат ўрганишга ҳаракат қилган.

Шу ўринда қўшимча бир маълумот. «Халқ хотираси олдида бош эгамиз» китобида келтирилишича, оммавий сиёсий қатағонлар натижасида Ўзбекистондан:

100 минг киши қатағонга учраган;

13 минг киши отиб ташланган.

Яна мавзуга қайтамиз. Урушгача ва урушнинг дастлабки пайтларида «қулоқлар» армияга олинмаган. Негаки, шўролар уларга ишонмаган, қўлига қурол беришга чўчиган, ҳар жиҳатдан таҳқирлаган.

1942 йил 11 апрель. СССР Мудофаа қўмитаси махсус қарорни имзолади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 1942 йилнинг 15 апрелидан 15 майигача 35 минг нафар «қулоқ» урушга сафарбар қилинди. 1942 йилнинг июнь ойида бу рақам 50 минг нафаргача кўпайган. НКВДнинг бу рақамни 100 минггача кўпайтириш бўйича таклифини Сталин рад этади. Яъни «халқлар доҳийси» уларга қуролни ишониб топширишга ҳайиққан. Шундай бўлса-да, маълумотларга кўра, меҳнат сургунидаги «қулоқ»лардан 60 747 нафари фронтга сафарбар этилган. Улар сафида табиийки, ўзбеклар ҳам бор эди.

Украинанинг Херсон вилоятига «қулоқ» сифатида сургун қилинган ўзбекларнинг урушга сафарбар қилинганлари асосан Ғарбий фронт таркибида жанг қилишган. Яъни энг оғир участкага ташланган. Шу сабабли ҳамюртларимизнинг аксарияти 1941 йилнинг ўзидаёқ ҳалок бўлишган.

Рустамбек Шамсутдинов Херсон вилояти Скадовский, Каховский, Голопристан туманларидан иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ўзбекларнинг 162 нафарини аниқлаб, ўз китобига киритган. Олимнинг маълум қилишича, улардан 144 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлган. 18 нафари бедарак йўқолган. 

Гарчи мустабид тузум уларни таҳқирлаган, азоблаган, «қулоқ», «халқ душмани» тамғасини босган бўлса-да, ҳамюртларимиз фашизм вабосини ер юзидан супуриб ташлашда жасорат кўрсатишган. Мардонавор жанг қилган. Ватанига хиёнат қилмаган. 

Мисолларга юзланамиз.

Азим Мажнунов. Херсондан урушга кетган. Кўрсатган матонати учун «Қизил юлдуз» ордени ҳамда «Жасорати учун» медали билан тақдирланган.

Мадамин Ботиралиев. «Жанговар хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Ўқитувчи Йўлдош Болтабоев икки марта «Жанговар хизматлари учун» медалини кўксига таққан.

Яна бир ўқитувчи Ўринбой Мадраҳимов икки марта «Жасорати учун» ҳамда «Жанговар хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Номлари тилга олинган айбсиз айбдорлар иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатиб, фронтдан яна сургун қилинган жойларига қайтишган.

Афсуски, урушдан сўнг ўзбек «қулоқ»ларининг айримлари фашизмга хизмат қилганликда айбланиб, қатағон қилинди. Аксарияти қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, яна кўпчилиги отиб ташланган. Бу адолатсиз тузумнинг башарасини яна бир бор кўрсатади. 

Херсоннинг Голопристан туманидан биргина 1941 йилда 7 мингдан ортиқ киши фронтга сафарбар этилган. Айнан шу йилнинг ўзида 2,5 мингдан ортиғи жангларда ҳалок бўлган. Табиийки улар орасида «қулоқ» қилинган ўзбеклар ҳам кўпчилик эди. Бу ҳақда Рустамбек Шамсутдинов шундай ёзади:

«...Улар қаторида ўзбек жангчилари ҳам бор эди. 29 нафар ўзбек жангчилари ҳақидаги маълумот сақланиб қолган. Улар урушнинг дастлабки даврида мудофаа жангларидан омон қолиб, кейинчалик 4-Украина фронти таркибида жанг қилганлар. Бу жангчилар 1943 – 1945 йиллар давомида турли ҳудудларда жанг қилиб, ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган».

Олим улардан айримларининг исм-фамилияларини келтириб ўтади: Абдуллаев Абдулҳай, Абдураимов Мирзаазим, Алихонов Мўйдин, Бобоев Паттоҳ, Ботинов Абдураззоқ, Бердибеков Маҳматқул, Дадажонов Ҳомиджон, Зокиров Холмат, Исабоев Маҳкам, Исабоев Тўланбой, Йўлдошев Турсун, Комилов Раҳматжон, Мирзаалиев Собир, Мусаев Азим, Муҳитдинов Абдували, Орзиқулов Ҳакимбек, Тешабоев Маҳамадамин, Холиқов Абдулҳай, Эрматов Турсунқул, Юсупов Илёс, Қодиров Аҳмаджон, Қосимов Абдулазиз, Қосимов Бозорбой, Қосимов Мўмин, Ҳакимов Юнусали, Ҳасанов Асадилло, Ҳайитметов Назир.

Херсоннинг Скадовский туманидан фронтга чақирилган «қулоқ» тамғаси босилган ўзбеклардан 87 нафарини олим Украинада 1995 йилда чоп этилган Хотира китобидан аниқлаган. Уларнинг кўпчилиги 1943 йилда фронтга сафарбар қилинган. Бу ўзбек жангчилари 4-Украина фронтининг 2 ва 28-гвардиячи армияси таркибида Украинани фашистлардан озод қилишда матонат кўрсатишган. Мазкур жангларда омон қолганлари Польша, Венгрия, Шарқий Пруссия, Германия ҳудудларидаги жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ёки яраланган. Ўрин Аббосов, Қаюм Абдураззоқов, Катберган Абдураззоқов, Исмоил Абдураҳмонов, Анвар Абдуқаҳҳоров, Мастон Абдураҳмонов, Сайдали Асадов, Ҳомид Бойтўраев, Абдулла Давлатов, Боқижон Дадажонов, Ботир Жумақулов, Усмон Зокиров, Жаббор Зокиров ва бошқалар шулар жумласидан.

Бобом раҳматлининг айтган бир гапи эсимга тушди. Парад ўтказиш учун бир хонадондан гилам сўрашади. Хонадон соҳиби бисотидаги ягона бойлигини бергиси келмайди. Оқибатда «халқ душмани» сифатида сургунга жўнатишади. Ажабо. Инсонга, унинг тақдирига ўша даврнинг, тузумнинг муносабатини қаранг.

Тарихий адолат қарор топиб, юртимизда қатағон қурбонлари хотираси абадийлаштирилди. Бу зулм остида эзилганларни эсимиздан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ўзлигимизни англашимиз, миллат сифатида юксалишимиз, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш учун тарихимиздаги бу оқ доғлар бизга сабоқ бўлади.

Шерзод ТОЛМАСОВ

 

Информеры