2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРМИЯ ­СПОРТЧИЛАРИДА ­БИРИНЧИ ОЛИМПИАДА ­ЙЎЛЛАНМАСИ

ёхуд жаҳон чемпионатида эришилган муваффақиятлар

Венгриянинг Цегед шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида дунё биринчилигида қатнашган MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзолари 2 та медалга сазовор бўлишди. Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги эса каноэда эшкак эшиш бўйича 500 метрлик пойгада 5-ўринни эгаллади ва MVSK аъзолари орасида биринчи бўлиб Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.

Дунёнинг энг кучли байдарка ва каноэчилари жаҳон чемпионатида ғолибликдан ташқари мусобақа Низомига биноан 12 та йўналишда «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун ҳам баҳс олиб боришди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур дунё биринчилигида деярли тенг ярми MVSK аъзоларидан иборат бўлган 17 нафар спортчи билан иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, шу йил июнь ойида Германияда ўтказилган Жаҳон кубогининг 2-босқич баҳсларида MVSK аъзоларидан иборат Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги 2-ўринни эгаллаган, кейин Руминияда ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлганди. Раҳматова/Зокирова жуфтлиги Венгрияда бўлиб ўтган дунё биринчилигида ҳам мухлислар эътиборини қозонди. Улар каноэда эшкак эшиш бўйича 500 метрга жуфтлик йўналишида кечган финал баҳсида марра чизиғини бешинчи бўлиб кесиб ўтишди. Мусобақа Низомида дастлабки саккиз ўринни эгаллаган спортчилар келгуси йили Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиши кўрсатилганди. Шу тариқа, MVSK спортчилари орасида биринчи бўлиб Раҳматова/Зокирова жуфтлиги «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўлди.

Мамлакатимиз миқёсида эса шу пайтга қадар теннисчимиз Денис Истомин ҳамда велоспортчи Ольга Забелинская Олимпиада йўлланмаларига эга чиқишган эди, энди улар сафига MVSK спортчилари ҳам қўшилди.

Жаҳон чемпионатида спортчиларимиз совриндорлар сафидан ҳам жой олишди. Яқинда Руминияда ўтказилган 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Раҳматова/Зокирова жуфтлиги энди Венгрияда катталар ўртасидаги дунё биринчилигида совриндор бўлди. Улар каноэда эшкак эшиш бўйича 200 метрга ўтказилган пойгада ҳам қатнашишди ва яна бир бор юртимиз спорт мухлислари эътиборини ўзларига қаратишди. Мазкур жуфтлик финал баҳсида марра чизиғини учинчи бўлиб (46.60) кесиб ўтди ва жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди.

Венгрияда MVSK аъзоси Артур Гулиев ҳам жаҳон чемпионати совриндори бўлди. У каноэда эшкак эшишнинг К2 йўналиши 200 метрлик масофа бўйича баҳсларида ҳамюртимиз Элёржон Мамадалиев билан бирга қатнашди. Мазкур жуфтлик финал баҳсида марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтиб, дунё биринчилигининг бронза медали билан тақдирланди. Эслатиб ўтамиз, Артур яқинда Руминияда ўтказилган 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида 200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида ғолиб чиққан ва жаҳон чемпиони бўлганди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бу йилги жаҳон чемпионатида битта Олимпиада ўйинлари йўлланмаси ҳамда 2 та бронза медални қўлга киритдики, унинг барчаси юртимиз терма жамоаси таркибида баҳсларда қатнашган MVSK аъзоларига тегишли бўлди.

Венгриянинг Цегед шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида бир вақтнинг ўзида параатлетлар ҳам чемпионлик ва Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун ўзаро баҳс олиб боришди. Параканоэнинг VL3 йўналишида чемпионатда қатнашган вакилимиз Ҳайитмурод Шерқўзиев 200 метр масофа бўйича финал баҳсида маррага тўртинчи бўлиб етиб келди ва мусобақа Низомига биноан (дастлабки олти ўринни эгаллаган иштирокчилар Паралимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлиши қайд этилган) келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. 

Параканоэчимиз Азизбек Абдулҳабибов ҳам KL2 йўналишида кечган финал баҳсида марра чизиғини тўртинчи бўлиб кесиб ўтиб, «Токио – 2020» ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлди.

Параканоэ бўйича аёллар ўртасида KL3 йўналишида 200 метр масофага кечган баҳсларда юртдошимиз Шаҳноза Мирзаева ғолиб чиқди ва шоҳсупага кўтарилиб, жаҳон чемпионатининг олтин медали билан тақдирланди, ўз навбатида, «Токио – 2020» ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлди. Шу тариқа, терма жамоамиз аъзоларининг қўлга киритган Паралимпия ўйинлари йўлланмаси сони 4 тага етди: параканоэ бўйича – Ҳайитмурод Шерқўзиев, Азизбек Абдулҳабибов, Шаҳноза Мирзаева; ўқ отиш бўйича – Сервер Ибрагимов.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Венгриянинг Цегед шаҳрида ўтказилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатидан битта «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси, 3 та Паралимпия ўйинлари йўлланмаси, битта олтин ва иккита бронза медаль билан қайтишди.

Ватан шон-шавкати, халқ ору ғурури учун курашганлар ҳеч қачон ҳаётда кам бўлмайди, улар доим эл-юрт ардоғида. Жаҳон чемпионатида мамлакатимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ватан байроғини кўкка кўтарганлар анъанага биноан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлиги вакиллари, юртимиз спорт жамоатчилиги ва журналистлар томонидан тантанали равишда кутиб олинди. Кутиб олиш жараёнида Ватан байроғи кўтарилди, юртимиз мадҳияси янгради.

Спортчиларнинг муваффақияти спорт жамоатчилиги томонидан улуғланди ва янада улкан зафарлар сари чорланди, эсдалик учун суратлар олинди, ўзбекона тўнлар ёпилди, совғалар улашилди.

Р. ЭРМУҲАММАД

Информеры