2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЛУТФИЛЛАЕВ КУМУШ МЕДАЛЬ СОҲИБИ

25 август куни дзюдо Ватани – Японияда навбатдаги жаҳон чемпионати бошланди. 1 сентябрга қадар давом этадиган дунё биринчилигида сайёрамизнинг 149 давлатидан 862 нафар дзюдочи қатнашмоқда. эркак ҳамда аёллар 7 тадан, жами 14 та вазн тоифасида баҳсларга киришди. Унда юртимизнинг 11 нафар дзюдочиси, жумладан 7 нафар MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоси иштирок этяпти.

Ўз тарихида 33-марта ташкил этилган бу галги дунё биринчилигининг аҳамияти аввалгиларига нисбатан юқори, чунки у келгуси йили айнан шу – Токио шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги Олимпиада ўйинларига энг йирик рейтинг очко берувчи мусобақадир. Чемпионатнинг дастлабки кунида вазни 60 килограммгача бўлган полвонлар ғолиблик учун татамига чиқишди ва бу кун дзюдочиларимиз учун омадли бўлди. Хусусан, MVSK аъзоси Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг) америкалик Адонис Диасни қийинчиликсиз мағлуб этди. Иккинчи баҳсини чехиялик Давид Пулкрабекка қарши ўтказган Диёрбек яна ғалаба қозонди. Қуръага кўра, иккинчи даврадан баҳсларга киришган ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфиллаев (-60 кг) эса ўзининг илк беллашувида Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида дунё биринчилигида қатнашаётган Муҳаммад Рашнонезхаддан устун келди.

MVSK аъзоси учун кейинги босқич беллашуви омадсиз бўлди – Д. Ўрозбоев олтин очко учун кечган баҳсда Хитой Тайпейи вакили Юнг Вей Янгга имкониятни бой бериб қўйди. Таъкидлаш жоиз, Янг ўзининг илк учрашувида ушбу вазн тоифасида пешқадам ҳисобланган россиялик Роберт Мшвидобадзени таслим этганди.

Шарофиддин Лутфиллаев эса баҳсларини муваффақиятли давом эттирди. У аввалига қувайтлик Омар Алтуфайрини, тўртинчи босқичда австралиялик Жошуа Катцни енгди. Чорак финалда эса япониялик кучли рақиб Наохиса Такатони иппон баҳоси билан мағлубиятга учратиб, ярим финалга чиқди. Бу босқичда унга қозоғистонлик Гусман Қирғизбоев қарама-қарши келди. Вакилимиз кучли рақибини дастлабки беш дақиқаликнинг 3-дақиқасида иппон усули билан мағлуб этишни уддалади.

Беш нафар рақибини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионатининг финалига йўл олган Лутфиллаев ҳал қилувчи беллашувни грузиялик дзюдо устаси Чхвимиани Лухумига қарши ўтказди. Афсуски, олтин медаль учун кечган баҳсда Шарофиддин рақибига имкониятни бой берди ва жаҳон чемпионатининг вице-чемпиони бўлди. Кумуш медални қўлга киритган Лутфиллаев ушбу муваффақияти орқали 1 400 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди ва рейтингдаги мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги беллашувлари вакилларимиз учун омадсиз бўлди. Шу куни татамига чиққан уч нафар дзюдочимиз ҳам чорак финалга етиб боролмади. Дастлаб MVSK аъзоси Диёра Келдиёрова (-52 кг) япониялик Ута Абэга имкониятни бой берди. Йигитларимиздан Шаҳрам Аҳадов (-66 кг) кореялик Гимхван Кимга, MVSK аъзоси Сардор Нуриллаев (-66 кг) эса япониялик Жоширо Маруямага ютқазди.

Дунё биринчилиги 1 сентябрга қадар давом этади. Японияга борган MVSK дзюдочиларидан Яҳё Имомов (-90 кг), Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг), Бекмурод Олтибоев (+100 кг) ва Гулноза Матниёзова (-70 кг) баҳсларга киришиб, юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилади.

Расул ЖУМАЕВ

 

 

Информеры