2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ХАЛҚАРО ТУРНИРДАН 8 ТА МЕДАЛЬ

асосий улуш армия боксчилариники бўлди

Россиянинг Грозний шаҳрида бокс бўйича Чеченистон Республикаси Биринчи Президенти Аҳмат-Ҳожи Қодиров хотирасига бағишланган XI халқаро турнир ўтказилди. Унда юртимизнинг 10 нафар чарм қўлқоп устаси қатнашиб, якунда 8 нафари шоҳсупага кўтарилди. Совриндорларнинг 5 нафари MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) боксчиларидир.

Чеченистонга Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мураббийлар Тўлқин Қиличев, Илёс Раҳимжонов ҳамда Асқар Султонов қўл остида борди ва 8 вазн тоифасида 10 нафар боксчи билан турнирда иштирок этди. Юртдошларимиз битта вазн тоифаси (-69 кг) бўйича жанглардан бошқа барчасида муваффақиятли қатнашиб, совриндор бўлишди. Терма жамоамиз таркибидаги боксчиларнинг 5 нафари MVSK аъзолари эди ва уларнинг барчаси шоҳсупага кўтарилди.

XI халқаро турнирда MVSK аъзоларидан Шунқор Абдурасулов (-60 кг) бошқа клубдошларига нисбатан яхшироқ қатнашди. У финалда россиялик Магомед Шамсаевни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва олтин медаль билан тақдирланди.

Иккинчи олтин медаль жаҳон чемпионатига борувчи терма жамоамиз таркибидан ўрин олган энг оғир (+91 кг) вазнли боксчимиз Баҳодир Жалоловга тегишли бўлди. У сўнгги ҳал қилувчи финал жангида қозоғистонлик Даурен ули Айболдини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди. Ваҳоланки, Айболди ярим финалда бошқа бир боксчимиз – MVSK аъзоси Обиджон Тоҳировдан устун келганди. Қозоғистонлик номдор боксчининг бундай жанглари жаҳон чемпионати олдидан бокс мухлисларимизни, айниқса, терма жамоамиз мураббийларини бироз иккилантираётган, яъни «энг оғир вазн тоифасида қайси бир боксчимиз дунё биринчилигига боргани мақбулроқ?» қабилидаги саволларига ҳам ойдинлик киритди – Баҳодир Жалолов мухлисларнинг ҳам, мураббийларнинг ҳам ишончини қозонди. Яна бир эътиборга молик жиҳат, Баҳодир аввалги жангларида польшалик Марчин Сианос ва россиялик Ричард Битиевни ҳам нокаутга учратган эди.

Ҳа, Грознийдаги турнир баъзи мамлакат терма жамоалари учун 7 – 21 сентябрь кунлари Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик, мураббийлар учун айрим боксчиларни кўрик ва синовдан ўтказиб олиш вазифасини ҳам ўтади.

XI халқаро турнирда 8 нафар боксчимиз ярим финалгача муваффақиятли етиб борди. Уларнинг фақат икки нафари финалга чиқди ва сўнгги жангда ҳам ғалаба қозониб, олтин медалли бўлди, қолган 6 нафар боксчимиз учун эса ярим финал жанглари омадсиз кечди ва барчаси бронза медаль билан кифояланди. Хусусан, ҳамюртимиз Элнур Абдураимов (-64 кг) чорак финалда мезбонлар вакили Умар Магомадовни биринчи раунддаёқ нокаутга учратганди, шу боис мухлислар ушбу боксчимизнинг ярим финалдан ҳам муваффақиятли ўтишини кутганди. Боз устига Грознийдаги халқаро турнир айни қизғин паллага кирган бир пайтда терма жамоамиз мураббийлар штаби томонидан жаҳон чемпионатида қатнашувчи боксчиларимиз номи маълум қилинган ва рўйхатда Элнурнинг ҳам номи қайд этилганди.  Бироқ...

Элнур Абдураимов (-64 кг) каби ярим финалда омадсизликка учраган терма жамоамиз аъзолари – Фозилжон Абдумуродов (-52 кг), Баҳромжон Фозилов (-75 кг, MVSK), Козимбек Мардонов (-81 кг, MVSK), Мадияр Саидраҳимов (-91 кг, MVSK) ва Обиджон Тоҳиров (+91 кг, MVSK) ҳам турнирнинг бронза медалига сазовор бўлди.

Шундай қилиб, мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун 2 та олтин ва 6 та бронза, жами 8 та медаль билан якунланди. Бу муваффақиятда асосий улуш Мудофаа вазирлиги спорт клуби боксчилариники бўлди, улар битта олтин ва 4 та бронза, жами 5 та медални қўлга киритишди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры