2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УЧ ОПА-СИНГИЛ ВА УЛАРНИНГ АКАСИ

Ёзнинг дастлабки ойи. Марказий ҳарбий округга кичик медиа гуруҳ таркибида хизмат сафарида бўлдик. Бизга подполковник Нурилло Обидов ҳамроҳлик қилди. Мен бу офицерни лейтенантлик пайтларидан танир эдим. Шу куни давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббус ижроси доирасида амалга оширилаётган қатор тадбирларни ёритишда иштирок этдик.

Навбатдаги тадбирда, аниқроғи, Жиззах шаҳар болалар кутубхонасига боришда ҳамроҳларимиз яна икки кишига кўпайибди. Буни машинага ўтираётиб билдик. Сафимизга янги қўшилган шерикларимиздан бирининг исми Дилзода экан. Ёши бешда. Дарров тил топишдик.

– Умримда бунақа гўзал исмни эшитмаган эканман, бу исмни ким қўйган? – дедим уни кўпроқ гапга солгим келиб.

– Исмимни дадам қўйган, Шаҳзода опамга ойим исм қўйган. Яна Шоҳинур опам ҳам бор…

Қизалоқни тинглаяпман-у, кўнглимни бир оз хижолатпазлик эгаллади. Нурилло Обидовни  танийман, деб муболаға қилибман. Унинг бири биридан истеъдодли тўрт фарзанди ҳақида билмай туриб, уни танийман дейишим… 

Уч опа-сингилнинг каттаси Шоҳинур шаҳардаги 2-мусиқа мактабида ўқийди. Республика миқёсида ўтган танловларда иштирок этган. Уларнинг қизиқишлари, эришган муваффақиятлари ҳақида эшитиб, қизалоқлар учун ота-она вақтни жуда сермазмун тақсимлаганига қойил қолмай иложингиз йўқ. Эътибор беринг-а: хорижий тилларни ўрганиш, гимнастика, рақс, хор, пианино машғулотлари. Булар етмагандек яна тўқиш сирларини ўрганганларига нима дейсиз?! Шоҳинур 10 ёшида тўқишни мукаммал ўрганиб бўлган эди. Бу ҳам ўзига хос ижодкорлик. Оддий иплардан гўзаллик яралади. Ўзгаларга манзур бўладиган чиройли буюм тўқийдиган тўқувчининг ўй-хаёллари, қалби ҳам гўзал бўлиши шубҳасиз. 

Шаҳзода гимнастика бўйича анча-мунча ютуқларни қўлга киритди. Ишонч билан майдонга тушади. Келажакда довруқли гимнастикачи қизларимиз сафида уни кўрсак, ажаб эмас.

Дилзода. Уч опа-сингилнинг аълоси. Ёши 5 да. Ҳатто унинг исмини ёзишнинг ўзидаёқ кўнглим чароғонлашиб кетяпти. У ҳам гимнастика билан шуғулланади. Хорижий тил… Буларни қўя турайлик, яхшиси, унинг бошқа иқтидори ҳақида гаплашайлик.

Дилзода сузиш машғулотларига қатнаётганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ шу қисқа фурсат ичида тенги йўқ сузувчи эканлигини кўрсатиб қўйди-ку! Тўрт хил усулда сузишни қойиллатади. Айниқса, 100 метрлик масофани 2 дақиқаю 50 сонияда сузиб ўтиши барчани лол қилди.

Нега бу қизалоқ ҳақида аввалроқ эшитмаган эканман-а?!

Қизларнинг акаси 14 ёшли Диёрбек ҳам унча-мунча йигитчалардан эмас. Эркин кураш бўйича уч карра вилоят чемпиони бўлди. Олти йилдирки, инглиз тилини она тили каби мукаммал ўрганиш учун ҳаракат қиляпти. Ота-онаси унга катта умидлар боғлаган.

Дарҳақиқат, ҳавас қилса арзирли ўғил-қизлар, шундай эмасми? Бироқ бундай фарзандлар ўз-ўзидан кўпнинг назарига тушиб қолмайди. Фидокор оналар, борлигининг ўзиёқ тоғдек таянч оталар уларни тўғри тарбиялаб, вояга етказадилар. Ўз оромларидан кечиб, уларнинг келажагига гўзал хулқ-атвор, инсонийликдан пойдевор қурадилар.

Нурилло Обидов масъулиятли лавозимда хизмат қилади. Бу хизмат билан оиланг, фарзандларинг учун бемалол вақт ажратиш осон эмас. Шундай лаҳзада садоқатли умр йўлдоши, маърифатли она, фидойи аёл ўзини оилага, фарзандларига бахш этади. Ва миллат учун энг сара ўғил-қизларни тарбиялайди. Офицернинг рафиқаси Шаҳноза Тожибоева бунга ёрқин мисолдир.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры