2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«АМИР ТЕМУР ВА ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ БИЛИМДОНЛАРИ»

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Соҳибқирон Амир Темурнинг ўлмас хотирасини тиклаш, беқиёс ҳаёти ва фаолияти ҳамда бой меросини ўрганиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Ҳар йили анъанавий тарзда Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳам «Амир Темур ва Ўзбекистон тарихи билимдонлари» мавзуида интеллектуал билим ринги ташкил қилинади.

Соҳибқирон бобомизнинг «Темур тузуклари» асари 1880 йил Англияда, 1785 ва 1891 йилларда Ҳиндистонда чоп этилган. Шунинг ўзиёқ бу асарнинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни нақадар муҳим эканидан далолат беради. Мазкур викторинанинг ўтказилиши буюк саркарда – Амир Темурнинг бой маданий меросини ўрганиш ва бу орқали маънавий иммунитетимизни мустаҳкамлашга замин яратади. Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги билим ва кўникмаларимизни оширади.

Қуролли Кучлар академиясида Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари тасарруфидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ўртасида «Амир Темур ва Ўзбекистон тарихи билимдонлари» мавзуидаги викторинанинг якуний босқичини кузатиб, шунга амин бўлдикки, юртимизда камол топган ҳар бир эр йигитнинг кўксида улуғ бобокалонимизнинг шижоат маёғи ёлқинланиб туради.

Викторинага Шарқий ҳарбий округдан «Турон арслонлари»,  Қуролли Кучлар академиясининг «Соҳибқирон авлодлари», Шимоли-ғарбий ҳарбий округдан «Амир Темур издошлари», Марказий ҳарбий округдан «Амир Темур авлодлари», Тошкент ҳарбий округидан «Абдулмансур» ва Жануби-ғарбий ҳарбий округдан «Жануб посбонлари» ва «Жасорат» жамоалари қатнашди. Жами олтита шарт бўйича беллашган жамоалар Ўзбекистон тарихи, Амир Темур давлатчилигига оид «Темур тузуклари» асари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарларидан ўз билимларини синаб кўрдилар. Қизғин савол-жавобларга бой бўлган викторинани нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

– Аскарларимизнинг билимларига тасанно айтмасликнинг иложи йўқ, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Чиндан ҳам ёшларимизнинг буюк бобокалонимизнинг маданий меросига меҳр қўйиши, ўрганишидан фахрландим. Бир адиб сифатида викторинада қатнашган йигитларимизнинг билимларини, саволларга берган жавобларини кузата туриб, юртимиз сарҳадлари ҳам жисмонан, ҳам маънан етук ўғлонлар ҳимоясида, ишончли қўлларда эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Якуний натижаларга кўра, рақибларига нисбатан кучли тайёргарлик кўрган «Соҳибқирон авлодлари» жамоаси 1-ўрин, «Абдулмансур» 2-ўрин ҳамда «Турон арслонлари» жамоаси фахрли 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

Информеры