2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЎНГИЛЛАРДА БАЙРАМ ШУКУҲИ

Мудофаа вазирлигида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида байрам тадбири ўтказилди. Унда мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазир ўринбосарлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Бугун шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг мустақиллик ҳақида ўз айтар сўзи бор. Чунки улар тинчлик қимматини, бебаҳо бойлигимиз бўлган мустақиллик қийматини мамлакатимизнинг энг чекка ва олис шаҳару қишлоқларида бўлаётган беқиёс ўзгаришлар, янгиланишлар мисолида янада теранроқ ҳис қилишяпти. Ҳа, Ватанимиз ўтган йигирма саккиз йил ичида ақл бовар қилмас даражада ўзгарди. Ҳеч бир соҳа қолмадики, мустақилликнинг заррин нурларидан обод бўлмаган. Энг муҳими, ислоҳотлар жараёнида юрт тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга қодир бўлган қудратли Қуролли Кучларимиз барпо этилди. Натижада бугунги кунга келиб, миллатимизнинг минг йиллар давомида шаклланган асл қиёфаси, азалий қадриятларини ўзида мужассам этган, профессионал асосда шаклланган миллий армиямизга эга бўлдик. Тадбирда сўзга чиққан мудофаа вазири Қуролли Кучларимизнинг шаклланиш босқичлари, тизимда олиб борилаётган ислоҳотларга урғу берар экан, армия сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳорати, тажрибасини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтди. Уларнинг «АрМИ – 2019» Халқаро армия ўйинларида кўрсатган натижаларини яна бир бор олқишлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш борасида алоҳида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Ватанимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди. Яна бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

– Юксак давлат мукофотига лойиқ топилганимдан беҳад хурсандман, – дейди «Дўстлик» ордени соҳиби подполковник Бехзод Давлетов. – Ватан учун қилинган меҳнат, албатта, қадрланади, деган гап бор. Бу сўзнинг исботини мен ҳаётим мисолида кўряпман. Албатта, бундай эътибор биз, ҳарбий хизматчиларга куч бағишлайди. Доим фидойи бўлишга чорлайди. Бу даражага эришишимда менга таълим-тарбия берган ва йўл-йўриқ кўрсатган устозларимнинг, орзуларимни қўллаб-қувватлаган ҳамда ҳамиша ишонч билдириб, дуойи жонимни қилиб турган яқинларимнинг ҳиссаси беқиёс. Мен қадрдонларимнинг, давлатимизнинг менга билдирган юксак ишончини албатта, оқлайман ва ҳеч қачон Ватан осойишталигини сақлаш йўлида хизмат қилишдан толмайман.

– Биз, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюклар авлодимиз, – дея фахрланиб сўзлайди яна бир суҳбатдошимиз, «Жасорат» медали соҳиби майор Шаҳобиддин Исламов. – Демакки, шижоат, мардлик, жасорат, юрт учун жон куйдириш бизга аждодларимиздан мерос. Ватан биз учун ҳар нарсадан қадрли. Унинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш учун жонимизни ҳам аямаймиз. Чунки биз юртнинг ишонган тоғи, қўрғонларимиз. Мана шундай шарафга эришганимдан, касбим туфайли юксак давлат мукофотига сазовор бўлганимдан бахтиёрман!

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари ва эстрада юлдузлари ижросидаги куй-қўшиқлар ҳамда дилрабо рақслар кечага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Г. ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры