2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИДАН БАРПО ЭТИЛГАН ОЛИЙ ҲАРБИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ

Халқимиз мустақиллигимизнинг 28 йиллигини кўтаринки кайфиятда нишонлади. Шунга арзирли ютуқларимиз бор-да. Энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида янги объектларнинг фойдаланишга топширилиши эса тўйга тўёнадек гап. Қашқадарё вилоятининг марказида янгидан барпо этилган олий ҳарбий таълим муассасаси – Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртининг очилиши нафақат ҳарбий хизматчилар, балки барча воҳаликлар учун унутилмас воқеа бўлди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Янги объект рамзий лентаси қирқилгач, олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғига рамзий калит, шунингдек, Президентимиз номидан «Gentra» енгил автомобили ва «Isuzu» автобуси топширилди. Объектни капитал таъмирлаш ишларида иштирок этган мутахассислар мудофаа вазирининг эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

25 йиллик тарихга эга олий ҳарбий таълим муассасаси очилишига бағишланган тадбир давомида Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан тайёрланган ҳаво паради, авиация техникаларининг амалий учиши намойиш этилди. Н-125, Ми-8МТ, Ми-24 вертолётлари, С-295, Су-25, Миг-29 самолётларининг билим юрти узра парвози меҳмонлар томонидан олқишланди. Байрамона концерт дастури, аэронавтлар, авиамоделчилар, спортчиларнинг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Президентимиз 2018 йил Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Хонобод шаҳарчасида бўлиб, мазкур ҳудуддаги аэродромнинг мамлакатимиз само сарҳадларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида таъкидлаган эди. Шунингдек, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти)ни Қарши шаҳрига кўчириш, мазкур аэродром эса бўлажак учувчи ва муҳандислик йўналишидаги ҳарбий мутахассисларни тайёрлашда амалиёт маскани сифатида хизмат қилиши лозимлиги хусусида ўзининг таклифларини билдирди. Кейинчалик мазкур билим юртини жойлаштириш учун вилоят марказидаги собиқ Сержантлар тайёрлаш мактабининг ҳудуди танланди.

Таъкид ўрнида, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 20 июндаги қарори билан ташкил этилган. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юрти, деб қайта номланди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари учун етти йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланадиган билим юртида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар, табиий фанлар, ахборот технологиялари, умумий техника фанлари, тиллар, жисмоний тайёргарлик ва спорт, аэродинамика ва парвоз динамикаси, тактик ва махсус фанлар, ҳаво навигацияси ва ҳаводаги ҳаракатни бошқариш, учиш аппаратлари ва авиация двигателларининг тузилиши ва ишлатилиши, радио­электрон жиҳозлар, авиация жиҳозлари, авиация қуроллари каби жами 18 та кафедра, тренажёр тайёргарлик (Ми-8, Ми-24, Н-125 вертолётларнинг тренажёрларида учувчилар таркибини, курсантларни компьютер тренажёрларда тайёрлаш) ва учувчисиз авиация тизимлари марказлари, авиация мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультети, ракетомоделист, авиамоделист, ёш радиочи, рационализатор, ёш электромеханик тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Ахборот ресурслари маркази 15 000 дан ошиқ бадиий, 17 000 дан ошиқ техник, 7 000 мингдан ошиқ электрон шаклдаги адабиётлардан иборат. Ўқув хоналари замонавий компьютер технологиялари, интерфаол доскалар, локал тармоқ билан жиҳозланган. Амалий машғулотларни ташкиллаштириш ва ўтказиш, янги турдаги учиш аппаратларида ишлар олиб бориш учун ўқув лабораториялари мавжуд. Билим юрти кафедралари қошида курсантларнинг рационализаторлик ва ихтирочилик ишларини ривожлантириш мақсадида ҳарбий-илмий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. 2018 йилда ҳар бир курсантга умумий парвоз вақти ўртача 20 – 30 соатни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 60 – 70 соатни ташкил этди (ўсиш коэффициенти 55 фоиз). 2019 йилда билим юрти тарихида биринчи марта 5-босқич курсантлари Су-25 жанговар самолётида мустақил парвозни амалга оширди.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

Информеры