2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚАРШИ ШАҲРИДА ИЛК БОР

курсантлар Ҳарбий қасамёди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида янгидан барпо этилган Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юртида илк бор курсантларнинг Ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор А. Икрамов, ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари ва курсантларнинг ота-оналари иштирок этди.

– Бундай тадбирда иккинчи бор қатнашишим, – дейди Зафар Пирматов. – Мевасидан данаги ширин, деб бежиз айтилмаган. Неварамни қутлаш учун келдим. Курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдим. Болаларимиз ҳавас қилса арзигулик жойларда таълим олишмоқда. Улар учун барча қулайликлар яратилган. Шунингдек, таъкидлашни истардимки, ҳукуматимиз томонидан биз – ёши катта авлод вакилларига берилаётган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдормиз. Юртимизга, мустақиллигимизга кўз тегмасин. Фарзандларимиз бахту иқболини берсин.

...Меҳмонлар тантанали равишда Ҳарбий қасамёд қабул қилган ўғлонларни табрикламоқда. Минбардан янграётган ҳар сўзда, билдирилаётган фикрларда тинч ва осойишта ҳаётимиз, фаровон турмушимизга шукроналик, Қуролли Кучларимиздан фахру ифтихор ҳисси, кўтаринки руҳ сезилади. Ҳа, курсантлар сафларидан ўрин эгаллаб, содиқлик онтини ичган ўғлонлар зиммаларидаги масъулиятни ҳам руҳан, ҳам жисман ҳис этадилар. Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани сидқидилдан адо этишда, қўйилган топшириқларни сифатли бажаришда, ўзлигини англаб, мақсадларига қатъият билан эришишда тантанали равишда қабул қилинган Ҳарбий қасамёд уларга куч ва ғайрат, шижоат бағишлаши ҳаётий ҳақиқатдир.

Учқун САИДНАЗАРОВ

 

Информеры