2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОНАЛАР КЎЗИДА ҲАЯЖОН, ОТАЛАР КЎКСИДА ҒУРУР

Насиба опа мана неча кундирки ҳаяжонини босолмайди. Қувончи дунёларга сиғмай кетяпти. Кун санайди. Аксига олиб, кунлар бирам секин ўтаётгандек. Ниҳоят, аёл орзиқиб кутган ўша кун ҳам келди. Шу куни қуёш ҳам бошқача отди, назарида. Тонг саҳардан шоша-пиша йўл тадоригини кўра бошлади. Қувониб йўлга ҳозирлик кўраётган аёлнинг нигоҳи беихтиёр деворда осиғлиқ турган турмуш ўртоғининг суратига тушди. Юраги ўртанди. Мижжаларини аччиқ кўз ёш куйдирди. Секин ўрнидан туриб, сурат қаршисига борди. «Дадаси, қаранг, қандай хурсандман. Бугун кенжамиз Мираббосжон Ҳарбий қасамёд қабул қилади! Сиз ҳам хурсанддирсиз, ахир у сизнинг издошингиз бўлди. Агар ҳаёт бўлганингизда, ўғлимизнинг камолидан қанчалар қувонардингиз. Ҳар доим «Фарзанд­ларим эл-юртнинг ишонган тоғи, таянчи бўлади, дердингиз. Мен тўртала фарзандимизни сиз орзу қилгандек тарбияладим. Уларга ҳам она, ҳам ота бўлдим. Бу қанчалик мушкул бўлганини мен каби ёлғиз фарзанд ўстираётган оналар яхши билишади... Шукр, болаларимнинг келажагидан кўнглим тўқ. Улар сиз каби юртнинг фидойи фарзандлари бўлганидан бахтиёрман». Аёлнинг юзлари ёришди. Руҳи кўтарилди. Шу вақт ташқаридан машина овози эшитилди. Соатга қаради: «Кетадиган вақт бўлибди». Насиба опа нарсаларини кўтариб, ҳовлида уни кутаётган фарзандлари истиқболига шошилди...

Қуролли Кучлар академиясида бўлиб ўтган курсантларнинг Ҳарбий қасамёд қабул қилиш тантанаси Насиба опа сингари юзлаб оналарнинг қувончига қувонч қўшди, оталарнинг ғурурдан боши осмонга етди.

Шу куни майдонда нафақат Қуролли Кучлар академияси, балки Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари ҳам Ҳарбий қасамёд қабул қилишди. Маросимда мудофаа вазири ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар улуғ йўл бошида турган ўғлонларни тантана билан самимий қутлаб, ўзларининг эзгу тилакларини билдиришди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари ижросидаги концерт дастури ва курсантларнинг кўргазмали чиқишлари тантанага байрамона шукуҳ бағишлади.

– Ўғлим болалигидан ҳарбий касбга меҳр қўйиб улғайди, – дейди риштонлик Дилбархон Нуралиева. – У мактабда ҳам, лицейда ҳам аъло баҳоларга ўқиган. Мана, орзуси ушалди. У, албатта, мард, жасур ва фидойи Ватан ҳимоячиси бўлади.

– Ўғлим Алибек Абдувалиев ўзи туғилган санада Ҳарбий қасамёд қабул қиляпти, – дейди Шаҳзода Акбарова қувонч билан. – Шунинг учун ҳам бугун биз учун қўшалоқ байрам бўлди. Қувончимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Юртимиздаги барча оналарга фарзанд камолини кўриш насиб қилсин дейман. Фарзандим келажакда етук ҳарбий шифокор бўлиб, юзимизни ёруғ қилишига, Ватаннинг ишончини оқлашига ишонаман!

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры