2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЎҒЛИНГИЗ ЛЕЙТЕНАНТ БЎЛИБ ҚАЙТАДИ...»

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик тантанаси мамлакатимиз узра нишонланаётган, «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида кенг кўламли тадбирлар бўлиб ўтаётган шундай қутлуғ кунларда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти, миллий армиямизнинг ҳарбий хизматчиси бўлишдек бахт насиб этган ўғлонлар тантанали равишда Ҳарбий қасамёд қабул қилди.

Ушбу шодиёналар Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлиги Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нафақадаги ҳарбий хизматчилар ва курсантларнинг яқинлари иштирок этди.

Эрта тонгдан фарзанди, жияни ва дўстини ҳарбий либосда кўриш ниятида келган кишилар ўзига ярашган, салобатли, кўзида ўт чақнаб турган курсантлар ичидан таниш нигоҳни қидириб анча пайт овора бўлишади. Чунки бир кунлик армия ҳам барибир армия. Одамни тез ўзгартиради. Охири иккилана-иккилана бир тўхтамга келган қариндошлар курсантлар ичидан ўз жигарбандини топиб олади ва ғурурдан еттинчи осмонга сайрга чиқади.

Шундан сўнг курсантлар бирин-кетин энг чин қасам – Ватанга қасамёд қилишди. Уларга Президент совғалари улашилди. Шу куни курсантлар учун капитал таъмирдан чиққан 1 200 ўринли ошхонанинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ота-оналар фарзандлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

Тантанали маросимда сўзга чиққан жажжи дўстимиз Абдумалик Раҳимжонов курсантларнинг ота-онасига ўз шеъри билан энг аъло гапни айтди, десак, муболаға бўлмайди.

Байрамларда сизга гул беролмайман,

Туғилган кунингиз менсиз ўтади.

Лекин хафа бўлманг, ишонинг, она!

Ўғлингиз лейтенант бўлиб қайтади...

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

 

 

Информеры