2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАТОНАТ ВА МАҲОРАТ ЖАНГИ: ФОРИШДА ЭНГ ИЛҒОРЛАР АНИҚЛАНДИ

Доим олдинга интилиш бу – аслида бизни яшашга, олға босишга ундовчи куч. Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ-дала полигони мезбонлик қилган мусобақага ҳам қатнашчиларни биринчи бўлиш истаги жамлади, десак адашмаймиз.

Мудофаа вазирлигининг турли бўлинмалари ўртасида ўтказилган танловларни ижодий гуруҳимиз билан бирга кузатдик.

Сўнгги пайтларда Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ-дала полигони нуфузли мусобақаларни ўтказиш учун қулай майдонга айланди. Бироз аввалроқ, август ойининг бошида биринчи марта «АрМИ – 2019» Халқаро армия ўйинларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақаси шу ерда бўлиб ўтган эди.

Мудофаа вазирлиги тизимида жорий йилдан бошлаб, ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган маҳоратли, ўз касбининг фидойиси бўлган ҳарбий хизматчиларни аниқлаш, уларнинг билимини муносиб баҳолаш ва юрт посбонлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида «Мен ғолиб!» шиори остида бир неча ихтисосликлар бўйича «Энг илғор мутахассис» танловини ўтказиш йўлга қўйилди. Беллашувлар дастлаб ҳарбий қисм, гарнизон ҳамда округлар миқёсида ташкил этилди. Дастлабки босқичларда радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза қўшинлари ўртасида сараланган энг моҳир ва эпчил 40 нафар ҳарбий хизматчи 5 та йўналишда – «Энг илғор радиацион, кимёвий, биологик разведка мутахассиси», «Энг илғор махсус ишлов бериш устаси», «Энг илғор мутахассис огнемётчи», «Энг илғор радиацион, кимёвий, биологик разведка ҳисоби», «Энг илғор махсус ишлов бериш ҳисоби» танловларида ғолиблик учун баҳсларга киришди.

Танловнинг маънавий-маърифий тайёргарлик йўналишида ҳарбий хизматчиларнинг эгаллаган билимлари 5 та саволга 200 баллик тизимда баҳоланди.

Махсус-тактик, жисмоний ва отиш тайёргарликлари бўйича кураш қизғин ва муросасиз кечди. Қатнашчилар шахсий ҳимоя воситаларини белгиланган вақтда кийиш, радиофаол ва заҳарловчи моддаларни аниқлаш, турли объектларда текширувлар ўтказиш, огнемётларни ташиш ва уларни жанговар ҳолатга келтириш машқларини бажардилар.

– Энг муҳим шартлардан бири – бу мутахассислар йўлагидан ўтиш синови, – дейди мусобақа бош ҳаками, Қуролли Кучлар Бош штаби бўлими бошлиғи полковник Икромжон Исматов. – Ҳозирги пайтдаги жанговар амалиётларда радиацион, кимёвий ва биологик қуроллардан кенг фойдаланилади. Шу жиҳатдан мусобақанинг ўтказилиши ҳарбий хизматчиларнинг касбий билим ва малакаларини оширишда муҳим.

Жисмоний тайёргарлик бўйича қатнашчилар 100 ва 3 000 метрга югуриш, турникда тортиниш ва ягона тўсиқлар йўлагидан ўтиш машқларида баҳс олиб бордилар. Отиш тайёргарлигида қатнашчиларнинг мерганлик маҳоратига баҳо берилди. Улар АК-74 ва кичик калибрли огнемёт тренажёридан 50 метр масофага отиш меъёрини бажаришди.

«Энг илғор радиацион, кимё­вий, биологик разведка ҳисоби», «Энг илғор махсус ишлов бериш ҳисоби» танловларида биринчиликни Марказий ҳарбий округ жамоаси эгаллади. «Энг илғор мутахассис огнемётчи» танловида Тошкент ҳарбий округининг қўли баланд келди. Умумий ҳисобда Марказий ҳарбий округ биринчи ўринни эгаллади. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Муҳандислик қўшинлари ўртасида кечган «Энг илғор мутахассис» кўрик-танлови рес­публика босқичи ҳам ниҳоятда қизғин кечди. Муҳандислар танловнинг асосий шартида белгиланган тўсиқларни гуруҳ ва якка тартибда бажаришди. Дастлаб, уларга БТР-80 жанговар машинасида сувтўсиқ ва манёврлар ҳудудини ортда қолдириб, миналаштирилган майдонни топиш ва миналарни зарарсизлантириш вазифаси қўйилди.

Кейинги босқичда кўприк қурувчи муҳандислар ишга киришди. Улар сунъий кўприк ҳосил қилувчи махсус машина устида жанговар колонна ҳаракатланадиган 9 метрлик иншоотни барпо этишни бошладилар.

БАТ, яъни катта артиллерия тягачини бошқарган механик ҳайдовчи йўлда портлашлар оқибатида ҳосил бўлган чуқурларни бартараф этиб, колоннага йўл очди. Ушбу шарт ИМР жанговар машинаси билан якунланди.

Якуний натижаларга кўра, мусобақанинг муҳандислик разведка дозори, ТММ-3 техникасида муҳандислик ишларини бажариш бўйича Марказий ҳарбий округ, БАТ-2 техникасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, ИМР-2 техникасида Шарқий ҳарбий округ ғолиб бўлди.

– «Энг илғор мутахассис» танловининг республика босқичида яхши натижаларни қайд этган ҳарбий хизматчилар халқаро мусобақаларда қатнашувчилар рўйхатига киритилади ва улар билан алоҳида машғулотлар олиб борилади, – дейди бизга ҳамроҳ бўлган мутасаддилар.

Бобур ЭСОНОВ

Информеры