2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚИЗҒИН ВА МУРОСАСИЗ КЕЧДИ

Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги бўйсунувидаги бўлинмалар ва ҳарбий қисмлар ўртасида «Мен ғолиб!» шиори остида «Энг илғор мутахассис» танлови ўтказилди.

Танловда иштирокчилар тўртта йўналиш бўйича беллашди. «Энг илғор планшетчи», «Энг илғор отиш қурилмаси командири», «Энг илғор радиолокацион станция оператори», «Энг илғор радиолокацион станция бошлиғи» мақомига эришиш йўлида беллашган жамоалар ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди. Танловнинг ҳар бир босқичини ҳакамлар ҳайъати синчковлик билан кузатиб, баҳолаб борди.

– Жамоалар техник ва старт позицияларида махсус, пухта тайёргарлик машғулотларини олиб борди, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбий техникалари хизмати бошлиғи майор Фазлиддин Собиров. – Танловнинг дастлабки шартида иштирокчилар назарий саволларга жавоб берган бўлса, иккинчи шартда радиолокацион станцияни ва зенит-ракета комплексининг отиш қурилмасини жанговар ҳолатга келтириш бўйича меъёрларни бажарди.

Улкан ракета мажмуасининг отиш қурилмасини бирваракайига ўзингга бўйсундириб, жанговар шай ҳолатга келтириш осон иш эмас. Бунда ҳар бир дақиқа ғанимат, айниқса, техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади. Бу эса жамоани албатта, муваффақият сари етаклайди, муваффақият эса энг илғор мутахассисларга насиб этади.

Қизғин ва муросасиз кечган танловнинг якуний натижаларига кўра, катта лейтенант Мирали Хўжахонов «Энг илғор радиолокацион станция бошлиғи» йўналиши бўйича ғолиб бўлди. Шунингдек, сержант Акмал Жамолов «Энг илғор радиолокацион станция оператори» йўналиши бўйича 1-ўринга сазовор бўлди. Сержант Сафар Бозоров «Энг илғор отиш қурилмаси командири», шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жонибек Ҳасанов «Энг илғор планшетчи», дея эътироф этилди.

Якунда танлов ғолибларига дип­лом ва эсдалик совғалар топширилди.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

Информеры