2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БАЙРАМГА МУНОСИБ СОВҒАЛАР

Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллик шодиёналарини муассасалар, ташкилотлар, маҳаллалар, таълим масканлари ўзига хос тарзда қарши олишди.

Барча жабҳаларда бўлганидек Қуролли Кучлар тизимида ҳам соҳани такомиллаштириш, ҳарбий қудратимиз салоҳиятини ошириш, ҳарбий қисмларнинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида янги-янги бинолар қурилиб, амалдагилари замонавий талаблар асосида таъмирланмоқда. Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги бошқарув аппарати ҳам мустақиллик байрамини муносиб кутиб олди. Байрам тантаналари арафасида қўмондонлик аппаратининг замонавий талаблар асосида таъмирланган штаб биносининг фойдаланишга топширилишини тўйга тўёна бўлди, деб айтишимиз мумкин.

Штаб биносининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Ушбу байрам тадбирида сўзга чиққан мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ўз нутқида тизимда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларни муҳим аҳамиятга эга бўлган тоифаланган объектларни қўриқлашдек масъулиятли ва шарафли ишларида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, мудофаа вазири қўмондонлик штаби ходимларига байрам совғаси сифатида енгил автомобиль калитини топширди. Байрам муносабати билан Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари сафида эл-юрт осойишталигини сақлаш учун бел боғлаган бир қатор ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлари берилди, фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ўз навбатида ҳарбий хизматчилар кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик, яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳамда имтиёзлар учун Мудофаа вазирлиги раҳбариятига миннатдорчиликларини изҳор этишди. Ўзларига билдирилган юксак ишончга эса юрт осойишталигини асраш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада оширишдек устувор мақсад йўлида фидойилик намуналарини кўрсатиш орқали жавоб қайтаришларини таъкидладилар.

Янги таъмирланган бинони фойдаланишга топширишга бағишланган тадбир давомида Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари ҳарбий қисмларининг инфратузилмасини такомиллаштиришда қўшган улкан ҳиссаси учун «ERKIN BUNYODKOR QURILISH» масъулияти чекланган жамият директори Неъматжон Юлдашевга мудофаа вазири томонидан Ташаккурнома тақдим этилди. Қисқа қилиб айтганда, замонавий таъмирдан чиқарилган қўмондонлик штаб биносининг очилиш маросими кўтаринки руҳ ва байрамона кайфият остида бўлиб ўтди.

* * *

Байрам арафасида Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги «Қамчиқ» довонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари учун янги ҳарбий шаҳарча қурилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Шаҳарча ҳудудидаги маданият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи хонаси, кутубхона, қоровулхона, автотураргоҳ, ошхона, ётоқхона ва бошқа маиший объектларнинг барча замонавий қиёфага эга бўлиб, зарур асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланган.

Асрор РЎЗИБОЕВ

Информеры