2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«УРУШ КЎРГАН ОДАМЛАР»

Ёнимиздаги одамлар… Турмуш ташвишлари, ўзимизнинг майда-чуйда ўйларимиз, манфаатларимиз билан овора бўлиб, кўп ҳолларда ёнимиздаги одамларга бепарво бўламиз. Қачонлардир, олис ўтмишда эмас яқинроқда, аниқроғи 1979 – 1989 йилларда қўшни Афғонистонда собиқ совет армиясининг чекланган қўшинлари мавжуд эди. Улар орасида оз эмас, кўп эмас 64,5 минг ўзбекистонлик бўлган. Улардан 1 545 киши ҳалок бўлди, 3 067 киши ногирон бўлиб қайтди.

…ярадор йигит уззукун бир қўшиқни айлантиргани-айлантирган. Ҳеч кимни тинглагиси келмайди. Ҳамма келиб насиҳат қилади. Уларга осон-да. Икки оёғидан ажралган менман-ку, деб ўйларди. Оёқсиз қандай яшаш мумкин? Бир умр яқинларига азоб бериб ўтадими? Яхшиси, ўзини ўлдиргани маъқул. Фақат қандай қилиб ўлдирса бўларкин-а? У зўр бериб шу ҳақда ўйлай бошлади. Шу пайт шундоққина ортидан бировнинг тишлари орасидан на илтимос, на буйруққа ўхшаб кетадиган овози эшитилди:

– Оғайни, ҳадеб битта қўшиқни эшитавермай, Охунжонни (Охунжон Мадалиев) ҳам эшитайлик…

Қони қайнаб кетди. Бу нима дардда-ю, у нима дейди! Охунжонни эшитармиш.

– Қўйиб эшитавер, – деди кўзлари ўтдек ёниб ортига ўгириларкан ва… бирдан бўшашиб кетди. Ортидаги ярадор жангчининг қўллари йўқ, кассетани тишларида қисиб турган экан. Шоша-пиша кассетани жойлаштирди. Хиёл ўтмай тиниқ, ширали хониш  янграй бошлади: «Юракнинг бир банди узилган кеча…» Йигит уят ҳиссидан ёнди. Ниҳоят бориб, ундан узр сўради-ю, енгил тортди. Келишиб кетдилар.  Ўзини ўлдириш фикри ўша лаҳзадан бошлаб йигитни тарк этган эди.

Бу адиб Холмуҳаммад Каримийнинг уруш кўрган инсонлар билан суҳбатидан. Ижодкорнинг ўзи ҳам қўшни давлатдаги жанговар ҳаракатлар қатнашчиси. Жорий йилда унинг «Уруш кўрган одамлар» китоби нашрдан чиқди. Мазкур китобда 1979 – 1989 йилларда қўшни Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган инсонлар ҳаёти, уларнинг бугун нима билан банд эканликлари, қувончу ташвишлари акс этган. Китобда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида яшаётган собиқ жангчилар ҳақида маълумотлар берилган. Албатта, биргина китобда минглаб одамларни қамраб олиш имконсиз. Шундай бўлса-да, ҳозирги ҳолатида ҳам китобнинг дунё юзини кўргани катта воқеа.

Китобни варақлар экансиз, эҳтимол, ҳар куни кўрадиган ёки кўпдан бери биладиган инсонлар қиёфасига кўзингиз тушар. Биз унда келтирилган маълумотлар, воқеалар тафсилотига берилиш фикридан йироқмиз. Фақат бир нарсага алоҳида эътибор қаратишингизни истар эдик. Адиб ҳар бир киши ҳақидаги маълумотларни, қисқа бўлса ҳам, шунчаки тайёр архивлардан олиб қўйгани йўқ. Мамлакатимиз бўйлаб кезиб, улар билан суҳбатдош бўлиб, айримларининг дардини, армонларини юрагидан қайта кечириб ёзди.

Бир вақтлар улуғ шоиримиз Ҳалима Худойбердиева бегона элдан темир тобутда қайтган ўғлонлар хотирасига ёзган  «Ҳиндиқушдан нола келди»ни қуйидаги мисралар билан тугатган эди:

Ўн саккиз ёш нима, асли эсни қувар,

Авжи чоғи – бахтни қувар, қизни қувар,

Қони билан катталарнинг айбин ювар,

Ювар, доғинг кетар кунлар борми, афғон?!

Яраларинг битар кунлар борми, афғон?!

Ҳиндиқушдан жола келди, нола келди.

Азиз ўқувчи, «Уруш кўрган одамлар»  64,5 минг ўзбекистонликка ҳурмат ва эҳтиром рамзидир. Умид қиламизки, бу эзгу анъана яна давом этиб, қолганлар ҳақида ҳам бирин-кетин ҳужжатли қиссалар чиқа бошлайди.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры