2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ АЛОҚАЧИЛАРНИНГ ПЕШҚАДАМЛАРИ МАЪЛУМ

Тошкент шаҳридаги алоқачилар ҳарбий қисмида «Мен ғолиб!» шиори остида ўтган «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг «Энг илғор алоқа мутахассиси» ва «Энг илғор радиоалоқа мутахассиси» номинациялари ғолиблари тақдирланди.

Кўрик-танловда иштирок этган ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлик даражаси мутахассис сифатида сизни қониқтиряптими, деган саволимизга полковник Азамат Бозоров шундай жавоб қилди:

– Иштирокчилар жуда фаол. Яхши тайёргарлик кўришган. Айниқса, махсус тайёргарлик шартида йигитлар алоқа соҳасини қай даражада ўзлаштирганларини намойиш этишди. Қисқа қилиб айтганда, мутахассислар юқори жанговар руҳ билан шартларни бажаришди.

Уч босқичда ўтказилган танлов иштирокчилари махсус-тактик, маънавий-маърифий, жисмоний, ўқ отиш тайёргарликлари, назарий билимлар, Умумҳарбий низомлар бўйича беллашишди. Якуний натижаларга кўра, «Энг илғор алоқа мутахассиси» номинациясида 1-ўрин сержант Рустам Очиловга (Марказий ҳарбий округ) насиб этди. Катта сержант Алихан Садибеков (Шарқий ҳарбий округ) иккинчи, сержант Махаматсобир Каримов (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ) учинчи ўринни эгаллади.

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Аброр Акрамов (Тошкент ҳарбий округи) «Энг илғор радиоалоқа мутахассиси» танлови ғолиблигини қўлга киритди. Кичик сержант Пўлатжон Бекмуродов (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ) 2-ўрин билан кифояланган бўлса, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Санжар Саъдуллаев (Марказий ҳарбий округ) кучли учликнинг қуйи поғонасидан жой олди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Инобат ИБРОҲИМОВА, Рўзимуҳаммад ЖАҲОНГИРОВ.

Информеры