2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУХЛИСЛАР КЎПРОҚ КУТГАНДИ, БИРОҚ...

Япония пойтахти мезбонлик қилган дзюдо бўйича 33-жаҳон чемпионати якунланди. Унда юртимизнинг 11 нафар спортчиси, жумладан 7 нафар MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоси қатнашди. Мухлислар вакилларимиздан «Nippon Budokan» («Жанговор санъат зали») аренасида кўпроқ соврин ва йирик рейтинг очколари олишни кутишганди, бироқ...

Жаҳон чемпионатида 149 мамлакатдан (рекорд натижа, ҳатто 1988 йилгача кечган Олимпиадаларга ҳам бунчалик кўп давлатдан спортчи ташриф буюрмаган) 862 нафар дзюдочи қатнашиб, эркак ҳамда аёллар 7 тадан, жами 14 та вазн тоифасида ғолиблик ва Олимпиада ўйинлари рейтинг очколари учун баҳс олиб боришди.

Жаҳон чемпионатининг дастлабки уч кунги баҳслари ҳақида, хусусан ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфиллаев (-60 кг) бешта рақибини мағлуб этгани, фақат финалда имкониятни бой бериб, вице-чемпион бўлган ҳолда 1400 рейтинг очкосига эгалик қилгани тўғрисида аввал хабар бергандик.

Мусобақанинг тўртинчи куни -81 кг вазнли дзюдочилар баҳсларга киришди. Ҳамюртимиз Шарофиддин Болтабоев дастлаб молдавиялик Никон Забороскиусни, сўнг япониялик Сотар Фуживар ҳамда австриялик Шамил Борчашвилини мағлуб этиб, чорак финалгача етиб борди. Аммо бу босқичда унга Исроил вакили Саги Муки имконият бермади. Ҳамюртимиз бронза медали учун ўтиш баҳсида грузиялик Лука Маисурадзега қарши татамига чиқди. Асосий вақтда 1:1 ҳисоби қайд этилди, олтин очколар учун баҳсда эса дзюдочимиз иппон баҳоси билан ютқазиб қўйди ва 7-ўрин билан кифояланди.

Фаолияти давомида жуда кўплаб совринлар соҳибига айланиб, юртимиз спорт мухлислари меҳрини қозонган MVSK вакили Яҳё Имомов (-90 кг) учун бу галги дунё биринчилиги ўта омадсиз бўлди. У илк баҳсдаёқ швециялик Маркус Найманга иппон баҳоси билан ютқазиб қўйди. Аёллар ўртасида -70 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган MVSK аъзоси Гулноза Матниязова эса дастлаб тунислик Нихел Ландолсини иппон эвазига мағлуб этди. Британиялик Конвейга қарши беллашувда ҳам Гулноза ташаббусга эришди, лекин биргина кутилмаган ҳолат унга қимматга тушди – иппон эвазига мағлуб бўлди.

Энг оғир вазнлилар ўртасидаги баҳслар олдидан мутахассислар совринли ўринлар учун даъвогарлар сифатида дзюдочиларимиз Муҳаммадкарим Хуррамов (MVSK) ва Бекмурод Олтибоевни (MVSK) қайд этишганди. Кутилганидек, М.Хуррамов (-100 кг) баҳсини ғалаба билан бошлади, яъни исроиллик кучли дзюдочи Петер Палтчикни мағлуб этди. Унинг иккинчи рақиби канадалик Шади Элханас бўлди. Афсуски, Муҳаммадкарим океан орти вакилига олтин очко учун кечган баҳсда огоҳлантириш ҳисобига имкониятни бой берди. +100 кг вазн тоифасида татамига чиққан MVSK аъзоси Бекмурод Олтибоев баҳсларни иккинчи даврадан бошлади. Унга тожикистонлик Ш. Мамадов қарши келди. Бу баҳс ҳам терма жамоамиз аъзоси учун муваффақиятсиз якунланди.

Чемпионатда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Япония эгаллади. Мезбонлар 4 та олтин, 6 та кумуш, 5 та бронза медалга эга бўлишди. Франция терма жамоаси 3 та олтин ва 2 та бронза медали билан 2-ўринни эгаллаган бўлса, кучли учликка биттадан олтин ва кумуш медалга эгалик қилган Португалия терма жамоаси якун ясади. Яна 6 та терма жамоага биттадан олтин медаль насиб этди. Россия терма жамоаси 2 та кумуш ва битта бронза медали билан 10-ўринни эгаллади. Бельгия, Куба, Ўзбекистон терма жамоалари биттадан кумуш медаль билан кейинги поғоналардан жой олди. мухлислар вакилларимиздан юқорироқ натижа кутишганди. Чунки... эътироф этиш жоиз, терма жамоамизда рақобат анча кучли. Юртимизда шундай дзюдочилар борки, улар ҳам Токиода курашишга муносиб эди, бироқ мусобақа Низоми ва саломатлик сабаб баъзи вакилларимиз терма жамоамиз таркибидан тушиб қолди. Уларнинг номини шу ўринда эслаб ўтмай илож йўқ: Кемран Нуриллаев (-60 кг), Муҳриддин Тиловов (-66 кг), Ғиёсжон Бобоев (-73 кг, MVSK), Камолиддин Расулов (-81 кг), Мусо Собиров (-81 кг), Давлат Бобонов (-90 кг, MVSK), Шаҳзод Собиров (-90 кг), Шерали Жўраев (-100 кг, MVSK) ва Алишер Юсупов (+100 кг). Бу бир қатор терма жамоалар ўз сафида кўришни орзу қиладиган тўлиқ таркиб. Улар Токио Олимпиадаси йўлида бой берилган очколарини шу ой пойтахтимизда бўлиб ўтадиган «Тошкент – 2019» Гран-при турнирида қоплаб олишлари мумкин.

Р. ЭРМУҲАММАД

 

 

 

 

Информеры