2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУЧЛИ БАҲСЛАРДАН СЎНГ УЧТА СОВРИН

Болгарияда таэквондонинг ITF йўналиши бўйича ёшлар ва катталар ўртасида XXI жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда қатнашган спортчиларимиз битта кумуш ва 2 та бронза медалларни қўлга киритишди.

Болгария мезбонлик қилган таэквондонинг ITF йўналиши бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги XXI жаҳон чемпионатида дунёнинг 96 мамлакатидан 2640 нафар спортчи иштирок этди. У ҳамюртларимиз учун муваффақиятли ва бироз омадсизроқ ҳам бўлди. Хусусан, ғолиблик учун даянга чиққан юртдошимиз Шоҳрух Отажонов (-64 кг) финалгача муваффақиятли етиб бориб, ҳал қилувчи жангда Беларусь вакилига бор-йўғи 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медални қўлга киритди. Яна бир спортчимиз Беҳруз Саидов (-85 кг) эса Шимолий Корея терма жамоаси аъзосига қарши деярли тенгма-тенг тарзда кечган ярим финал жангида 6:7 ҳисобида ютқазиб, бронза медали соҳибига айланди. Шунингдек, спортчимиз Валижон Худойбердиев 52 кг ҳам бронза медалга сазовор бўлди.

Терма жамоамиз аъзолари ана шундай кучли кечган баҳслардан сўнг жаҳон чемпионатининг битта кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Юртимиз таэквондочиларини олдинда яна бир йирик мусобақа кутмоқда. 13-15 сентябрь кунлари Японияда таэквондонинг WTF йўналиши бўйича «Чиба – 2019» Гран-при турнири ўтказилади. Унда 4 нафар ўзбекистонлик таэквондочи, жумладан 3 нафар MVSK аъзоси иштирок этади: Нигора Турсунқулова (-67 кг, MVSK), Светлана Осипова (+67 кг), Улуғбек Рашитов (-58 кг, MVSK), Никита Рафалович (-80 кг, MVSK).

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры