2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРМИЯ СПОРТЧИЛАРИДА 6 ТА МЕДАЛЬ

Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети спорт манежида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги учун баҳслар бўлиб ўтди. Унда MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) вакиллари ҳам қатнашиб, совриндорлар сафидан жой олишди.

Кубок баҳсларининг тантанали очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарияти, шунингдек, фахрий меҳмон, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти Чой Сун Ён ҳамда кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар спортчиларга омад тилаган ҳолда оғир атлетика спортининг юртимиздаги тараққиёти ва аҳамиятига алоҳида урғу беришди.

Маросимнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиб вакиллари, жаҳон ва Осиё чемпионлари, жумладан MVSK аъзоси Адҳамжон Эргашев ўз чиқишлари билан йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди. Ўтган йили Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида бронза медали соҳибига айланган Адҳамжон мамлакат кубогининг 67 кг.гача вазн тоифаси бўйича баҳслари якунида 1-ўринни эгаллади. Таъкидлаш жоиз, А. Эргашев ўтган йили ноябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги дунё биринчилигида қатнашган ва ўз вазн тоифасида даст кўтариш борасида жаҳон рекордини ўрнатганди. Орадан бир ой ўтиб, Қатарда кечган халқаро турнирда даст кўтариш бўйича биринчи, силтаб кўтариш бўйича учинчи натижани қайд этиб, бу сафар иккикураш борасида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон рекордини янгилаганди.

Ўзбекистон кубоги учун баҳслар ҳар доимгидек қизиқарли кечди. Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоларидан А. Махамадаминов (96 кг) ва А. Ўсаров (102 кг) ўз вазн тоифаси бўйича баҳслар якунида ғолибликни нишонлаган бўлса, М. Ризаков (96 кг) ва А. Ли (102 кг) 2-ўринни, Н. Юсупов (102 кг) эса фахрли 3-ўринни эгаллади. Шундай қилиб MVSK аъзолари кубок баҳсларида 3 та олтин, 2 та кумуш, битта бронза, жами 6 та медални қўлга киритишди.

Ўзбекистон кубоги баҳслари терма жамоа­миз мураббийларига сентябрь ойида Таиландда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига асосий таркиб вакилларини саралаб олиш ва терма жамоамиз аъзоларининг жисмоний ҳамда функционал ҳолатини яна бир бор кўздан кечириш имконини ҳам берди. Баҳсларда юртимизнинг турли вилоятларидан келган кўплаб ёш полвонлар ҳам қатнашгани боис мусобақа ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасини шакллантириб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры