2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУБОК БАҲСЛАРИДА

Фарғона шаҳрида армрестлинг бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилди. Унда Республикамиз вилоятларидан 11 та жамоа сафида 200 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Баҳсларда Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари ҳам қатнашиб, совриндор бўлишди.

Ўтган йили Қирғизистонда ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳибига айланган армия спортчиси Сирожиддин Кунишов Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам клубдошларига нисбатан фаолроқ бўлди. 110 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги армрестлингчилар баҳсида қатнашган MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоси ҳам ўнг қўл, ҳам чап қўл бўйича баҳслар якунида сов­риндорлар сафидан жой олди. Сирожиддин ўнг қўл баҳсларида кумуш, чап қўл баҳсларида эса олтин медални қўлга киритди.

Айнан шу вазн тоифаси бўйича Фарғона мусобақасида қатнашган яна бир армия армрестлингчиси Шерзод Раҳмонов клубдошининг натижасини такрорлади. Фарқи – Раҳмонов ўнг қўл баҳсларида олтин, чап қўл баҳсларида эса кумуш медалга эгалик қилди.

Кубок баҳсларида MVSK вакили Фаррух Асқаров ҳам ўз маҳоратини ва чапақайлигини намойиш этди. У 70 кг.гача вазнлилар ўртасидаги чап қўл бўйича баҳсларда барча рақибларидан устун келди, олтин медалга сазовор бўлди.

Армия армрестлингчилари ҳисобидаги тўртинчи олтин медални Отабек Жабборов (-80 кг) қўлга киритди. У ҳам чап қўл бўйича баҳсларда ғолиб чиқди.

MVSK вакиллари Ўзбекистон кубоги баҳсларида яна бешта медалга эгалик қилишди. А. Эрматов (-60 кг) ва А. Бобоев (-90 кг) Фарғонада кумуш медаль билан кифояланган бўлса, Н. Эргашев (-55 кг), И. Холмўминов (-60 кг) ҳамда М. Йўлдошев (+110 кг) ўз вазн тоифаси бўйича баҳслар якунида учинчи ўринни эгаллашди ва бронза медали билан тақдирланишди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон кубоги баҳсларида иштирок этган MVSK аъзолари 4 та олтин, 4 та кумуш,  3 та бронза, жами 11 та медални қўлга киритишди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры