2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНА... ЎША ҚИЗЛАРИМИЗ СОВРИНДОР!

Венгриянинг Цегед шаҳрида ўтказилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, «Токио – 2020» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олган MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзолари Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги Москвада бўлиб ўтган халқаро турнирда ҳам совриндор бўлди.

Раҳматова/Зокирова жуфтлиги аслида каноэда эшкак эшиш бўйича 200 метр­га ўтказиладиган пойгаларда кучлироқ ва кўпроқ совриндор бўлган. Хусусан, яқинда Руминияда ўтказилган 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални, сўнг Венгрияда бўлиб ўтган катталар ўртасидаги дунё биринчилигида бронза медални улар айнан 200 метрли пойгаларда қўлга киритганди. «Токио – 2020» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма эса ушбу жуфтликка Венгрияда 200 метр масофа эмас, балки 500 метр масофа бўйича пойгалар якунида 5-ўринни эгаллаганликлари туфайли мусобақа Низомида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ насиб этганди. Биз бу факт ва рақамларни бежизга эсламаяпмиз. MVSK аъзолари мана ниҳоят, 500 метр масофа бўйича пойгаларда ҳам совриндор бўлиб бошлашди.

Москва шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Россия Президенти кубоги учун байдарка ва каноэда эшкак эшиш бў­йича баҳсда қатнашган Раҳматова/Зокирова жуфтлиги 500 метр масофа пойгасида марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди ва яна... совриндор бўлди – халқаро турнирнинг кумуш медалини қўлга киритди. Баракалла! Келгуси йили Токиода кечадиган XXXII ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам шундай шижоат ва тезкорликни намойиш этинг! Биз мухлислар «яна... ўша қизларимиз» дея сиз билан фахрланиб юрайлик.

Финал баҳсида Россия ва Чехия терма жамоаси вакилларидан иборат экипаж ғолиб чиқди, мезбонлар жуфтлиги учинчи ўринни эгаллади.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры