2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АНГОЛА ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Африка қитъасининг жануби-ғарбида, Атлантика океани соҳилида жойлашган, катта ҳудуд ва фойдали қазилмалар, шу жумладан катта нефть ва олмос захираларига эга бўлган Ангола Республикаси тропик Африкадаги энг бой мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Ўтган асрнинг 70 – 80-йилларида бу мамлакат собиқ Иттифоқнинг яқин ҳамкорларидан бири бўлган ва бу орқали ундан катта миқдорда жанговар техника ва қуроллар олган. Уларнинг аксарият қисмидан бугун ҳам фойдаланилмоқда. Ҳозирда ҳам Ангола Россия билан яқин муносабатда бўлиб, ундан замонавий жанговар техникалар олишда давом этмоқда. Шунингдек, муайян миқдордаги қурол-яроғ Европа мамлакатлари ва Бразилиядан харид қилинади.

Ангола Республикасининг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг асосий кафолати, шунингдек, ҳукуматнинг ички барқарорликни таъминлаш масалаларидаги бош таянчи бўлган Қуролли Кучларни ривожлантиришга катта эътибор қаратади. Мамлакат армияси қурилиши ва фаолиятининг асосий тамойиллари «Миллий хавфсизлик тўғрисида» ва «Миллий мудофаа ва Қуролли Кучлар тўғрисида»ги қонунларда тўлиқ ифодаланган. Ҳозирги вақтда ҳарбий раҳбариятнинг асосий эътибори мавжуд қуроллар ва ҳарбий техниканинг жанговар шайлигини талаб даражасида сақлаш, шунингдек, Қуролли Кучлар турларининг таъмирлаш базасини такомиллаштириш масалаларида имтиёзли ёрдам кўрсатишга қодир бўлган ҳамкорлар излашга қаратилган.

Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво кучлари (шу жумладан, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари) ва Ҳарбий денгиз кучларидан ташкил топган Ангола Қуролли Кучлари шахсий таркибининг умумий сони 112,4 минг кишини, ҳарбий харажатларга ажратиладиган маблағ миқдори эса 1,16 миллиард долларни ташкил этади. Мамлакат армиясини бутлаш чақирув асосида амалга оширилади. 

Қуруқликдаги қўшинлар

Ангола Қуролли Кучларининг асосий ва энг кўп сонли (97,9 минг киши) тури ҳисобланувчи Қуруқликдаги қўшинлар бешта ҳарбий округ – марказий, шимолий, жанубий, шарқий округ ҳамда Кабинда ҳудудий округига ажратилган. Ҳар бир округ ихтиёрида 1-2 тадан пиёдалар дивизияси бўлиб, улар таркибида мотопиёдалар ва пиёдалар бригадалари бор. Шунингдек, алоҳида танк ва артиллерия бригадалари ҳам ташкил этилган бўлиб, улар пойтахт Луанда шаҳрида жойлашган. Қўшин тасарруфида турли русумдаги жанговар ва енгил танклар, оператив-тактик ракеталарни ишга тушириш қурилмалари, жанговар пиёдалар машиналари, зирҳли транспортёрлар ва жанговар разведка машиналари, дала артиллерияси тўплари ва миномётлар, танкка қарши кураш воситалари, бараварига ўт очувчи ракета тизимлари, зенит-ракета комплекслари, танкка қарши ракеталарни ишга тушириш қурилмалари ва бошқа қуроллар бор (инфографикага қаранг).

Ҳарбий ҳаво кучлари

Ангола армиясининг бу турдаги қўшинлари (8,8 минг киши) жанговар самолётлар сони бўйича (гарчи уларнинг бугунги кундаги реал жанговар қобилиятини аниқ баҳолаш қийин бўлса-да) тропик Африка мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради. Ташкилий жиҳатдан Ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК) олтита авиаполк – транспорт вертолётлари (Луэна ҳарбий ҳаво базасида жойлашган), жанговар вертолётлар (Уамбо), транспорт самолётлари (Луанда), ўқув (Менонге), қирувчи (Куито) ва зарбдор авиация (Мосамедиш) полкларидан ташкил топган. ҲҲКга қарашли жанговар техника таркибида ҳозирга келиб анча эскирган МиГ-21, МиГ-23, Су-27 (янги) ва Су-30К (замонавий) русумли қирувчи, Су-20, Су-22, Су-22УМ, Су-24, Су-25 (Россия), А-29 (Бразилия) русумли штурмчи ва бомбардимончи, шунингдек, турли типдаги разведка, транспорт ва ўқув самолётлари, Ми-24/25/35 (Россия), SA342M ва AS565UA (Франция) русумли зарбдор, Ми-8 ва Ми-17 (Россия), «Белл-212» (UH-1N, АҚШ), SA316 (Франция), IAR316, AS365N (Руминия), AW139, А-109 (Италия) типидаги кўп мақсадли ва транспорт вертолётлари бор.

Ҳарбий денгиз кучлари

Умумий сони 5,7 минг кишини ташкил этувчи Ҳарбий денгиз кучларига қарашли жанговар техника таркибида 4 та патруль кемаси (Голландияда қурилган), 2 та тралчи кема, 5 та ракета катери, 6 та торпеда катери ва 3 та десант катери (Россия), Испания, Жанубий Африка Республикаси, Португалия ва Россиядан харид қилинган 30 га яқин соқчи катер бўлиб, уларнинг аксарият қисми эскирган ва яроқсиз ҳолга келиб қолган. 

Ангола ҳудудида хориж давлатлари қўшинлари йўқ, шу билан биргаликда, мамлакат армияси ҳарбийлари Африканинг бошқа давлатларидаги жанговар ҳаракатларда мунтазам равишда иштирок этиб келади.

П. САЙДИВАЛИВ тайёрлади.

 

 

Информеры