2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИДАН ЯГИЧА АНЪАНА

Мудофаа вазирлиги янги ўқув йилини қарши олаётган мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун ўзларининг кутилмаган совғаларини тақдим қилишди. бу йил илк маротаба мактаблардаги билимлар куни ҳарбий оркестр, курсантлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида ўтди.

Мирзо Улуғбек туманидаги 225-умумтаълим мактабида ҳам билимлар куни ана шундай янги анъана асосида ташкиллаштирилиб, 1-синфга қабул қилинган 142 нафар ўғил-қиз бу лаҳзаларни бир умрга ёдларидан чиқармайдиган бўлди. Негаки, мактаб директори Гўзал Шоисломова тантанани очиқ деб эълон қилиши ва ҳарбий оркестр давлатимиз мадҳиясини ижро этиши, кўркам ҳарбий кийимдаги курсантларнинг тантана сабабчиларини янги ҳаётга ташланган илк қадам билан табриклаши – буларнинг барча-барчаси болажонларни ёшликнинг сеҳрли дунёсига тушириб қўйди, гўё. Қуролли Кучлар академияси курсанти Лазиз Қиёмов ва 1-«Б» синф ўқувчиси Мадина Холбоева иштирокидаги биринчи қўнғироқ чалиш лаҳзалари йиғилганларга ўзгача завқ бағишлади.

Айниқса, 1-«А» ва «Б» синфларида дастлабки дарсни устозлар ўрнига Қуролли Кучлар академияси курсантларининг ўтиши роса кутилмаган воқелик бўлди. Умуман олганда, биринчи қўнғироқ тантаналарида Мудофаа вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган янгича анъана байрамга ўзига хос шукуҳ бағишлади.

Фазлиддин ЧОРИЕВ

 

Информеры