2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАЁТ МАЗМУНИ – ­ИЗЛАНИШ ВА МЕҲНАТДА

Суҳбатдошимиз Дилбар Саидова ўзбек матбуоти ва адабиёти мухлисларига яхши таниш. У кўп йиллар «Саодат» журналида булим мудири, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. «Оила ва жамият» газетасида эса 11 йил бош муҳаррирлик қилди. «Лолақизғалдоқ», «Олам гўзал», «Аёл ҳақида икки қисса», «Овоз», «Қисмат ўйини», «Ассалом», «Оила ва жамият» каби насрий китоблари ҳамда матбуотда қатор қиссалари ва ҳикоялари чоп этилган.

– Дилбар опа, болалик кунларингизни ҳам хотирлаб турасизми? Қандай лаҳзаларни кўпроқ эслайсиз?

– Болалигим жуда қийин ўтган, бир умр мактабларда математика фанидан ўқитувчилик қилган аям жуда содда, камтарин ва айни дамда доно аёл бўлганлар. Урушдан кейинги тирикчилик жуда қийинлигиданми, аям мени дунёга келтиришни ҳатто истамаган эканлар. Оилада иккинчи фарзанд бўлганман. Дадам урушда қатнашиб, контузияга учрагач, ногирон бўлиб уйга қайтган. Мен ҳали мактабга бормай туриб, отам  вафот этди.

Аям, «рўзғоримга бир ёруғлик кирармикин», деб иккинчи турмуш қураётганларида, мен ҳатто ўзимни томдан ташламоқчи бўлганман. Хуллас, турмушнинг муштларидан кўнглим кўп марталаб зада бўлган, мени изтиробга солган. Китоб ўқишни яхши кўрардим. Қишлоқ кутубхонаси мен учун мисоли бир сирли олам эди. Ёшлик, болалик эмасми, бирон тенгдошим кўзимга яхши кўриниб кетса, ўзимча муҳаббат ҳақида шеър ҳам ёзиб қолардим. Кундалик ёза бошладим. Самарқанднинг эски шаҳар қисмида ота-бобомиздан қолган кичкина ҳовлида истиқомат қилардик. Бу кичкина ҳовличада ҳар бири ўз оиласи, бола-чақасига эга тоғам, холам ва биз яшаганмиз. Ҳовли-жойимиз бўлмаган. Бу ҳовличага сиғмай қолган пайтларимизда кўч-кўронни машинага ортиб, ижара уйларда яшаганмиз. Шунинг учун Мирзачўлдаги қўриқ ва бўз ерларга кўчиб борганларга ҳовли-жой берилармиш, деган гап-сўзларни эшитиб, Сирдарёга йўл олганмиз. Ўшанда 6-синфда ўқирдим. Қишлоқ об-ҳавоси, ҳаёти, қийинчиликлари балки менинг ёзувчиликни танлашимга асос бўлгандир.

Мактабни битирган йилларим юрист бўлишни ҳоҳлаганман. Бироқ юридик институтига кириш учун ўша йилларда 2 йиллик  иш стажи  бўлиши кераклиги учун ҳатто, ҳужжатимни қабул қилишмаган. Уйга қайтганимдан кейин колхоз кутубхонасига ишга кирганман. Бу ерда 8 мингдан зиёд китоб бор эди. Кутубхоначи Лиза опа жуда батартиб, саранжом-саришта, озода аёл эди. Ҳар куни ишга келиши билан китоблар устини артишни бошларди, полни ҳўл латта билан артиб чиқарди. Мен унга ёрдамчи эдим. 

– Халқда алп онадан туғилади, деган гап бор. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?

– Аёл-она ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда, аямни эслайман. Болалигимиз кўпроқ қишлоқда кечмаганми, меҳнат қилиб ўсганмиз. Бу  борада онамиз бош-қош эдилар. Мактабдан кейин 15 сотихли еримизда ишлар эдик. Зотдор эчкимиз бўларди. Бир йил 2 та, иккинчи йил 3 та болаларди. Уни ўзим соғардим. Зотли, семиз қизил товуқларимиз бор эди. Эчки ёки товуқларимиздан биронтасини сўйишса ва гўштидан овқат пиширишса, томоғимдан ўтмасди. Уларни худди ўз яқин одамимдек кўрардим, негадир... Ҳовлимизда мевали дарахтлар кўп эди, рўзғорга лозим бўлган барча полиз экинлари экиларди. Аям, «Агар қайта туғилгудек бўлсам, боғбон ёки  деҳқон бўлардим»,  дер эдилар. Бундан ташқари, аям яхши тикувчи эдилар. Бизга керак бўлган кийим-кечакларнинг ҳаммасини аям тикиб берар эдилар. Ҳатто китоб-дафтарлар учун сумкани ҳам ўзлари тикар эдилар. Қишда эса иссиққина пахталик чопон тикиб берар эдилар. Кийим-бош бичиб тикарканлар, биз – қизларни ёнларига ўтқизиб, бу ишларни бизга эринмай ўргатардилар ҳам.

Аям айтган  эртак ва ривоятлар, ахлоқ-одобга доир мақоллар ёдимда муҳрланиб қолган. Ҳали-ҳамон берган ибратли ўгитларини келинларимга, фарзандларимга таъкидлаб тураман. 37 ёшида «халқ душмани» сифатида қамоққа олиниб, ном-нишонсиз кетган оталари айтган бир мақолни кўп такрорлардилар: «Аллоҳ – мошовахўрга мошова, паловхўрга палов беради», деган ҳикматли нақл бор. Палов ейман десаларинг, астойдил меҳнат қилинглар...

Аёл-она ҳамма нарсага эътиборли бўлиши шарт. Айниқса, энг аввало ўз саломатлигини асраши керак.

Хонадоннинг бахт-саодати, тинчлиги, хотиржам муҳити аёлга онага – оила бекасига боғлиқ. Абдулла Қаҳҳорнинг рафиқалари Кибриёхоним «Чирой оғиздан», дегувчи эдилар. Лекин бу тўғри келган таомни еб кетавериш керак, деган маънони билдирмайди. Кейинги йилларда ҳаётимизда «тўғри овқатланиш» деган ибора пайдо бўлди. Бу – соғлик-саломатлик инсон ҳаётининг мазмунига айланиши лозим, деган қоидани ўз ичига оладиган тушунчадир.Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл, айниқса бўлажак она ўз асабларини асраши керак. Ўзини ўзи ҳар жиҳатдан парвариш қилган аёл, онадан чиройли ўғил-қизлар дунёга келади. Улар вақти келиб алп йигитларга, гўзал бегойимларга айланади.

– Дилбар опа, ёзиш истаги қандай пайдо бўлган? Бунда нималардан илҳомлангансиз?

– Менинг ёзувчиликка қизиқишимга адабиёт фани ўқитувчимиз, раҳматли Ёқубжон Яквалхўжаевнинг таъсирлари катта бўлган. Дарсларини жуда яхши кўрардик. Ҳеч кимга «2» баҳо қўймасдилар. Ҳаммамизни сизлаб гапирардилар. Икки йилдан сўнг Тошкентга қайтадиган бўлиб, биз билан хайрлашаётиб, «Мени адабиёт газетасига ишга чақиришяпти. Агар мабодо ҳикоя ёки шеърлар ёзсаларингиз, менинг номимга ўша ёққа юбораверинглар»,  деб айтдилар. Бу менинг миямда муҳрланиб қолганди. Самарқанд давлат университетига ҳужжат топширгани бормоқчи эдим. Эртага йўлга чиқаман, деб ювиниб, илгичдаги сочиқни олмоқчи бўлсам, унда қайчи осиғлиқ экан. Қайчининг учи тўғри келиб, оёғимнинг томирига урилган. Қон фавворадай отилиб чиққан. Аям дарров докани керосинга ботириб олиб, маҳкам боғлаб қўйгандилар. «Энди бу аҳволда Самарқандга бориб юрма, ўқишга ке­йинги йил борарсан», дедилар аям. Йўқ, мен аҳдидан қайтадиган одам эмасдим. Тонг саҳарда ярадор оёқ билан барибир йўлга отландим.

Баҳорнинг сўнгги кунлари, кучли шамол кўтарилиб, ёмғир ёғди, бир пасда тошқин селга айланди. Бунинг устига мени Самарқандга элтаётган автобус чўл ўртасида бузилиб қолди. Автобус тузатилишини кутиб деразадан ташқарига тикилиб ўттирарканман, диққатимни йўл ёқасида ёмғир ва шамолда чайқалиб, эгилиб, букилиб турган нозиккина лолақизғалдоқ тортди. У эгилса ҳам, букилса ҳам яна қайтадан қаддини тик тутиб оларди. Кўнглимда шу нозиккина лолақизғалдоққа нисбатан завқ-шавқ уйғонди. Манзилга етиб келишим билан биринчи асарим – «Лолақизғалдоқ» номли новелламни ёздим. Ёздиму конвертга солиб, Тошкентга «Адабиёт» газетасига, Ёқубжон Яквалхўжаевга жўнатдим. Кўп ўтмай газетада чоп этилди. Шундан сўнг нима ёзсам, ўқитувчимизга жўнатиб юбораверардим, газета редакцияси эса, биронтасини қолдирмай чоп этаверарди. Мен ана шу мўътабар даргоҳдан, ўқитувчим-устозим Ёқубжон акадан бир умр миннатдорман.

Устозимиз Зулфия опа Самарқанддалигимда ҳамиша мени йўқлаб турганлар. Зулфия опамизнинг одати шундай эди – қизларда йилт этган иқтидорни сезсалар, доимо ҳол-аҳволини сўраб, сўроқлаб турардилар. Пайти келиб, «Саодат»га ишга олдилар. Пайти келиб, Тошкентда турмуш қурдим, кетма-кет фарзандларимиз туғилди, мана энди невараларимнинг қувончидан баҳрамандман. Худога шукр.

– Бир вақтлар Сиз бош муҳаррир бўлган «Оила ва жамият» газетаси ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган эди, десак муболаға эмас. Газетанинг бу қадар оммалашиши, қадр топишининг сири нималарда эди?

– «Оила ва жамият» газетасига жойлардан келган хатларга асосий эътиборни қаратганмиз. Ўқувчиларимиз турли муаммолари билан таҳририятга келишар, хатлар йўллашарди. Биронтасини эътиборсиз қолдирмаганмиз. Бизнинг бу тахлит муносабатимиз, ҳурматимизни ўқувчиларимиз албатта ҳис этишарди. Улар ҳаёт қувончларини, дарду ҳасратларини, шикоятларини биз билан баҳам кўришса, албатта жавобсиз қолмасликларига ишонишарди.

– Опа, ҳар доим чарақлаб, атроф­дагиларга ҳам яхши кайфият улашиш сирини бизга ҳам айтинг.

– Бунинг жавобини аввало жуда оддий қилиб тушунтираман. Менинг қовоқларим қалин, бундай кўринишли одамни «бадқовоқ» ҳам дейишади. Хафа бўлсам, кайфиятим тушиб кетса, бундай кўриниш баттар кучаяди. Кулсам, чеҳрам ўз-ўзидан очилиб кетади, қалин қовоқларим ҳам юпқалашгандай, кўзларим чарақлаб кетгандай бўлади. Модомики, шундай экан, энг тушкун дамларда ҳам йиғлаб айюҳаннос солишнинг сира фойдаси йўқ, деб ўйлайман. Менимча, атрофдагиларнинг дилини хуфтон қилиш ўрнига чиройли табассум қилиш, табассумингизни ўзгаларга юқтириш афзалроқ.

Инобат ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.

 

Информеры