2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ОИД ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

2019 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан 10 дан ортиқ қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги (436-II-сон, 12.12.2002 йил) Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра:

– ҳарбий хизматга биринчи марта чақирилган ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида Ватанга қасамёд (ҳозиргача жанговар байроқ олдида Ҳарбий қасамёд) қабул қиладилар;

– Ватанга қасамёднинг янги матни ишлаб чиқилди;

– муддатли ҳарбий хизмат муддати календарь ҳисобида ўн икки ой қилиб белгиланди (ҳозиргача оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимидаги хизматчилар учун – ўн икки ой, олий маълумотли шахслар ва чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун – тўққиз ой);

– ҳарбий хизматни ўташга чекловлар билан яроқли бўлган шахслар ҳам сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар (ҳозиргача фақат яроқли, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинарди);       

– чақирилувчиларнинг ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасалари бошқа ном билан, яъни «Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказлари» деб номланди;

– чақирилувчиларнинг мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказлардаги тайёргарлигини молиялаштириш Марказий Кенгаши (мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти назарда тутилмоқда) орқали эмас, Мудофаа вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва молиялаштиришнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалари ҳисобидан амалга оширилади;

– фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш умумтаълим мактабидаги ёки ўрта махсус таълим муассасасидаги охирги ўқиш йилининг апрель-май ойларида амалга оширилади (ҳозиргача ўн олти ёшга тўлган йили апрель – июнь ойларида амалга ошириларди);

– фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта, март-апрель ойларида ўтказилади (ҳозиргача февраль-март ойларида ўтказиларди);

– чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказиш, унинг маънавий ва касбий фазилатларини, шунингдек оила аъзоларининг моддий ва ижтимоий аҳволини ўрганиш натижаларига мувофиқ, туман (шаҳар) чақирув комиссияси қарорига қўшимча тариқасида йигирма етти ёшга тўлганлиги сабабли Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш тўғрисида қарор ҳам чиқариши мумкин;

– олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-август ойларида жалб этилади (ҳозиргача олий таълим муассасаларида кундузги таълимда таҳсил олаётган талабалар ўқишни давом эттиришлари учун уларнинг чақирилиш муддати ўқишни тамомлагунига қадар кечиктириларди);

– ҳарбий хизматга резервдан ёки захирадан ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган офицерларга олий таълим муассасасидаги ўқиш ҳамда ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликка мувофиқ келадиган лавозимлардаги иш стажи «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги низомда белгиланган тартибда ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади;

– резервда бўлиш ёшининг чегарасига етган ёки саломатлигига кўра белгиланган тартибда ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган ҳарбий хизматга мажбурлар мудофаа ишлари органлари томонидан истеъфога чиқарилиб, ҳарбий рўйхатдан чиқарилади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти

юридик бўлими бошлиғи адлия лейтенанти

Шоҳнур ЭРНАЗАРОВ тайёрлади.

Информеры