2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МДҲГА АЪЗО МАМЛАКАТЛАР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ ЎРТАСИДА ЎҚ ОТИШ МУСОБАҚАСИ

«Фориш» тоғ полигонида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг дўстона армиялари ўртасида штатдаги қуроллардан отиш чемпионати бўлиб ўтди. Юртимизда ўтказилган чемпионатда мамлакатимиз ҳарбий хизматчилари билан бир қаторда Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь ва Тожикистон Республикасидан келган жамоалар иштирок этди.

Сўнгги йилларда республикамизда халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳарбий соҳада олиб борилаётган халқаро ҳамкорлик ривожланишнинг янги босқичга кўтарилгани яққол кўзга ташланмоқда. Ҳарбий хизматчиларимиз нафақат жанговар тайёргарлиги, балки жисмоний тайёргарлигида ҳам халқаро майдонда нималарга қодир эканини амалда исботлашмоқда.

Чемпионатнинг очилиш маросимида сўз олганлар ҳам бу борадаги ютуқлар ва эришилган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлайди, балки ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстона муносабат, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини бериши билан аҳамиятлидир. Бунга урғу берган маърузачилар барча иштирокчиларга муваффақият тиладилар.

Тадбир давомида Ватан ҳимоячиларининг жанговар тайёргарликни ўзида акс эттирган кўргазмали чиқишлари, ёшларимизнинг турли спорт йўналишларидаги саҳна кўринишлари намойиш этилди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестри жамоаларининг концерт дастури мусобақа иштирокчиларига кўтаринки кайфият бахш этди.

         – Спорт – тинчлик элчиси. МДҲга аъзо давлатлар ҳарбий хизматчилари ўртасида йўлга қўйилган спорт мусобақалари йилдан-йилга кенгайиб, янги натижа ва юқори кўрсаткичларни кашф қилмоқда. Ушбу мусобақалар навбатма-навбат ҳар бир мамлакатда ўтказиб келинмоқда. Бу эса ҳарбий хизматчилар учун соҳанинг янги билимларини ўзлаштириш, бу борадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш, шунингдек, дўст мамлакатнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари билан ҳам танишиш имконини бермоқда, – дейди белорусиялик иштирокчи подполковник Олег Малко. – Юртингизда биринчи маротаба бўлишим. Мусобақанинг ташкилий ишларига жиддий тайёргарлик кўрилгани бизни қувонтирди.

Азиз НОРҚУЛОВ

 

Информеры