2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАЖРИБА АЛМАШИШ ЙЎЛИДА

Республикамиз ҳукумати томонидан минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор берилмоқда. Чет давлатлар билан қўшма ўқув машғулотларининг мунтазам ўтказилиши шу мақсадларга қаратилган. Тошкент ҳарбий округидаги «Чирчиқ» дала-ўқув майдонида бошланган Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари Мудофаа идоралари ҳамкорлигида «Қалқон – 2019» махсус-тактик ўқувлари шулар жумласидандир.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Рес­публикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор П. Эргашев ва Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъул офицери полковник Ж. Жантасов иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Икки мамлакат Президентларининг жорий йил апрель ойидаги учрашуви, хусусан, ҳамкорликлар қамровининг кенгайиши фикримизни тасдиқлайди. Мудофаа идоралари ўртасидаги мазкур ўқувлар дўстона ва ўзаро ишончли муносабатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳамкорликдаги машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар салоҳияти, профессионал билимлари, халқаро терроризмга қарши ҳамкорликда курашишдаги маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётганлигини таъкидлади.

«Қалқон – 2019» ўқувлари давомида ҳарбий авиация кучлари, жанговар зирҳли техникалар қўлланилиши, десантлаштириш жараёнлари, кундузги ва тунги шароитларда ўқ отиш машқлари каби қатор машғулотлар ўтказилади. Халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасидаги махсус-тактик тадбирлар 14 сентябрда якунланади.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

 

Информеры