2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИ СОҲА МУТАХАССИСЛАРИНИНГ РОЛИ

жанговар шайлик ва юксак маънавий-руҳий ҳолатни таъминлашда муҳим

Ҳарбий психологлар ва социологлар фаолиятининг йўлга қўйилганини Қуролли Кучларимизни янада такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси сифатида қайд этиш ўринли. Мудофаа вазирлиги тизимида янги жорий қилинган мазкур соҳа мутахассисларининг кўникма ҳамда профессионал тажрибасини янада ошириш мақсадида бугун қатор изланишлар олиб борилмоқда.

Жанговар шайлик ва юксак маънавий-руҳий ҳолатни таъминлашда мазкур соҳа мутахассисларининг роли катта. Тарихдан маълумки, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркардаларимиз юксак нуктадонлиги, ғамхўрлиги ва шахсий намунаси орқали ўз қўшинларида жангчиларнинг жанговар руҳи юқори даражада бўлишини таъминлаганлар. Улар ўз хатти-ҳаракати, маънавияти, билими ва жанг санъати билан саркардаларидан тортиб оддий аскарларигача руҳлантира олишган. Бу буюк аждодларимизни бемалол, ўз замонасининг етук психологлари, дейишимиз мумкин. Юз минглаб қўшинни ўз ортидан эргаштира олган, керакли вазиятларда аскарлари билан елкама-елка жангга кириб, қўшинда уюшқоқлик, кўтаринки жанговар руҳиятни пайдо қилган буюк аждодларимиз маънавий меросини Қуролли Кучларимиз қайтадан, замонавий кўринишда қўллаб, такомиллаштириб бормоқда.

Тошкент гарнизони ҳудудидаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган Мудофаа вазирлиги тизимидаги психолог ва социологларнинг ўқув-амалий йиғини фикримизни исботлайди. Уч кун давом этган мазкур йиғин мобайнида Мудофаа вазирлигига қарашли барча ҳарбий қисм ва муассасалардан келган масъул офицерлар, шу соҳада фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этиб, билим ва тажрибасини бойитди. Ўқув машғулотлари Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси ҳамда ижтимоий-психологик бўлимининг етакчи офицерлари, шунингдек, олий ўқув юртлари ўқитувчилари иштирокида ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ҳасан Халилов ҳамда ижтимоий-психологик тадқиқотлар бўлими раҳбари подполковник Шерзод Равшанов мазкур соҳада эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда мавжуд муаммоларни бартараф этиш дастурлари бўйича йиғилганларга маърузалар қилди. Ҳарбий психология ва социология соҳасида фаолият бошлаган мутахассислар йиғин давомида жисмоний тайёргарлик бўйича синовлар ҳам топширди. Шунингдек, улар эътиборига жанговар навбатчилик, ҳарбий қисмда қоровуллик хизматига тайинланган аскарларга психологик йўриқномалар бериш бўйича кўргазмали машғулотлар намойиш этилди.

Ўқув-йиғин машғулотларининг охирги куни иштирокчилар учун Қуролли Кучлар академияси инновацион фаолият ва илмий ишларни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи полковник Марат Артиков «Жанговар ҳаракатлар пайтида армия психологиясининг тутган ўрни» мавзуида маъруза қилди. Бунда электрон слайд ва видеоматериаллардан самарали фойдаланилгани мазкур жараённи ўрганаётган ҳарбий хизматчиларга қимматли маълумотлар улашди. Шундан кейин подполковник Шерзод Равшанов инсоннинг хулқи, хатти-ҳаракати ҳамда суҳбати орқали одамларнинг психологияси, яъни мақсадини аниқлаш бўйича тренинг машғулотлари ўтказди.

– Биз ушбу уч кунлик ўқув-амалий йиғин давомида ўзимизга керакли муҳим билим ва кўникмаларга эга бўлдик, – дейди капитан Шаҳодат Юлдашева. – Тажрибали мутахассислардан олинган бу билимларимизни профессионал фаолиятимиз давомида қўллаб, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш, такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган муҳим жараёнда сарф этамиз.

Асрор РЎЗИБОЕВ

Информеры