2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БИЛИМ ЮРТИДА ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида очиқ эшиклар куни ўтказилди. Мудофаа вазирлиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида жорий қилинган «Мутахассисликлар куни» муносабати билан ташкиллаштирилган тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, ўқувчилар ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Олий ҳарбий таълим муассасасида меҳмон бўлганлар учун мазкур ўқув даргоҳида тайёрланадиган барча ҳарбий мутахассисликларга оид кўргазмали ўқув жойлари намойиш қилинди. Улар курсантларнинг билим олиши, жисмонан чиниқиши ва маданий ҳордиқ чиқариши, қисқача айтганда, бўлғуси офицерлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Билим юрти бўйлаб уюштирилган экскурсия нафақат ёшлар, балки уларга ҳамроҳ бўлган катталар учун ҳам қизиқарли кечди.

Аксарият ёш меҳмонлар ҳарбий таълим олаётган акаларига ҳавасда эканликларини изҳор этишди. Кимдадир Ватан ҳимоячиси бўлиш истаги пайдо бўлган бўлса, яна кимнингдир бу борадаги қарори қатъийлашди.

* * *

Меҳр ва эътиборталаб ҳар қандай инсонга беғараз ёрдам қўлини чўзиш, ўксик кўнгилларни моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш орқали уларга қувонч улашиш халқимизга хос қадриятдир. Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ташаббуси билан ўтказилган «Мустақиллигимиз абадий бўлсин» номли тадбир ҳам юқоридаги фик­римизни тасдиқлайди.

– Бугунги тадбирни маза қилиб томоша қилдик, – дейди Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Диёр Йўлдошев. – Ҳарбий акаларимизнинг ҳар бир чиқиши ажойиб бўлди. Барчаси довюрак ва мард, сахийдек туюлди, бизга. Ўзим ҳам келажакда улардек ҳарбий касбни эгалламоқчиман.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ҳарбий оркестр жамоаси, фахрий қоровул чиқишлари, қўл жанги машқлари намойиш этилди. Меҳмонлар томонидан ўғил-қизларга ўқув қуролларидан иборат совғалар топширилди.

Шунингдек, курсантлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Владимир Жучков хонадонида бўлишди. Бўлғуси офицерлар отахон билан суҳбатда бугунги ёруғ кунларни кўриш, озод диёрда яйраб яшашимизда у каби фахрийларнинг ўчмас ва унутилмас ҳиссаси борлиги, бундай ватандошларимизни қадрлаш, ҳурлигимиз йўлида ҳатто жонини-да аямаганларни хотирлаш, уларга ҳурмат бажо келтириш мустақиллик нашидасини сураётган сизу бизнинг инсоний бурчимиз эканлигини таъкидладилар. Авлодлар учрашуви хотираларга бой суҳбатлар билан қизиқарли ва самимий руҳда ўтди.

Низомиддин МАТЁҚУБОВ

 

Информеры