2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ» БИЛИМДОНИ» АНИҚЛАНДИ

Амир Темур бобомизнинг «Темур тузуклари» асарини Шарқнинг биринчи конституцияси, десак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, ушбу асарда давлат тузилишидан тортиб, дин масаласи, оила бошлиғининг мажбуриятлари ҳақида батафсил тўхталинган. Уни фақат ҳарбий соҳа вакиллари эмас, ҳамма бирдек ўқиши даркор. Масалан, уй бекасига фарзанд тарбиясида қўл келса, эркакка унинг зиммасида қандай масъулият борлиги айтиб ўтилган. Ҳарбийга эса ҳар томонлама кучли бўлишни, билим ҳар қандай ҳолатда устун эканлигини ўз жанглари орқали мисол келтиради. Давлатга вазир танлашда нималарга эътибор бериш кераклигини таъкидлайди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгашида «Темур тузуклари» билимдони» танловининг республика босқичи ўтказилди.

Танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мақсад куч тузилмаларидаги ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш, буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этишдан иборат.

Иштирокчилар 3 та шарт, яъни «Амир Темур ва бугунги замон», «Амир Темурнинг ҳарбий сабоқлари», «Амир Темур ўгитлари билимдони» шартлари бўйича билимларини синашди.

Танловнинг саралаш босқичларида 288 та ҳарбий қисм ва муассасадан 25 435 нафар ёш ҳарбий хизматчи иштирок этган бўлса, улардан энг юқори натижаларга эришган 288 нафари танловнинг ҳудудий босқичларида ўзаро беллашдилар.

Республика босқичида Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги академияси курсанти Лочинбек Ҳамроқулов 1-ўринни, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Жиззах вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходими катта лейтенант Фаррухжон Абдураҳмонов 2-ўринни, Тошкент вилоятида жойлашган Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисм шартнома бўйича ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Содиқ Отабоев 3-ўринни қўлга киритди.

– «Темур тузуклари»ни ҳамма ўқиши керак. Унда давлат раҳбарининг вазифалари белгиланибгина қолмай, шарқона тарбиямизда уйда отанинг, ўғилнинг ўз ўрни ҳақида фикрлар келтирилган, – дейди Содиқ Отабоев.

Тарихий хотирасиз келажак йўқ, деганларидек, бу каби китобхонлик танловлари ҳарбий хизматчиларимизнинг билимларини янада мустаҳкамлайди.

Бу йил ўтказилган танлов анъанага айланадими? Тадбир ташкилотчиларидан бири, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ходимига юзландик:

– Ҳужжатлар сони, аскарларнинг иштиёқи ва билим-салоҳиятини кўриб, тадбирни янада кенгроқ тарзда амалга ошириб, анъанавий тарзда ўтказишга қарор қилдик. Бундан ташқари, китоблар сонини кўпайтириб, фақат ҳарбий соҳагагина оид эмас, бадиий асарларни ҳам қўшмоқчимиз, – дейди Қандил Бобоқулов.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорларга диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалар тақдим этилди.

Шоҳсанам НИШОНОВА

 

Информеры